Жаҳон | 18:50 / 03.11.2023
15865
9 дақиқада ўқилади

Бошқа давлатга кўчиш, сулҳпарвар кучлар ва янги сиёсий етакчи: урушдан сўнг Ғазо сектори билан нима бўлади?

Исроил разведка вазирлиги Ғазо сектори аҳолисини Мисрнинг Синай яримороли шимолига кўчириш бўйича режа ишлаб чиққан. Бу икки миллиондан ортиқ одам кўчирилишини англатади. Бу ҳақда Associated Press агентлиги қўлга киритилган ҳужжатлар ва ўз манбаларига таяниб хабар қилмоқда.

AP Photo/Abed Khaled

Ҳужжат муаллифлари вариантлардан бири сифатида Ғазонинг тинч аҳолисини Синай яриморолидаги чодирлардан иборат шаҳарчага кўчириш, сўнгра у ерда доимий яшаш учун тураржойлар қуришни таклиф этган. Ҳужжатни ишлаб чиққанларнинг ўйлаган нарсага кўра, Исроил ҳудудида хавфсизлик зонаси яратилади ва у ерга кўчирилган фаластинликлар киритилмайди.

Associated Press’нинг ёзишича, ҳужжатда аҳоли кўчирилгач Ғазо секторига нима бўлишига тўхталишмаган. Журналистлар қайд этишича, Мисрдан ташқари одамларни кўчириш учун потенциал жой сифатида Туркия, Қатар, Саудия Арабистони, Бирлашган Араб Амирликлари ва Канада каби давлатлар ҳам саналган. Давом этаётган уруш мобайнида Миср фаластинлик қочоқларни қабул қилиш истагида эмаслигини аниқ-тиниқ тушунтириб қўйди.

Исроиллик журналист, «Исроил бўйича навбатчи» телеграм-каналини юритувчи Марк Новиков «Настояшчее время» эфирида бу борадаги саволларга жавоб қайтарди.

– Associated Press маълумотларига кўра Исроил разведка вазирлиги Ғазо секторида яшовчиларни Мисрдаги Синай яримороли шимолига кўчириш бўйича ҳужжат ишлаб чиққан. Уни қандай баҳолайсиз?

– Бу кўп сценарийлардан биттаси. Исроилдаги расмийлар бундай сценарийлар сони ўнлаб эканини айтишади, улардан бири матбуот кўзгусига тушибди ва мен бунга диққатни қаратмаган бўлар эдим. Яъни бу тасдиқланган режа эмас, бу шунчаки Мисрга таклиф этилган кўплаб вариантлардан биттаси.

– Ҳа, биз ҳозир бошқа вариантлар ҳақида ҳам гаплашамиз. Лекин шунисини сиз қандай баҳолайсиз?

– Мен уни амалга ошириб бўлмайдиган, деб баҳолайман. Миср ҳозир, шартли равишда айтганда, араб биродарлари чегарани кесиб ўтишини истамаяпти, улар чегара бўйлаб зирҳли техникаларни жойлаштириб чиқишди, Ғазодан қочқинлар кесиб ўтишига бўлган ҳар қандай уринишни тўхтатиб қолиш учун. Яъни Миср бу борада ўта қатъий позицияда.

– Нега?

– Бу ҳолнинг тарихий илдизлари қуйидагича: Исроил 1948 йилда мустақиллик эълон қилгач уруш бошланади ва Ғазо секторини Миср оккупация қилади. У бир неча йил Миср бошқаруви остида бўлади. Худди Иордан дарёсининг Ғарбий соҳилини ўз навбатида Иордания оккупация қилгани сингари. На Иордания, на Миср ўша пайтда у ерда Фаластин давлатини қуришни истаган, ҳеч қандай Фаластин ўзлигини илгари суришмаган. Бироқ, Қиёмат куни урушидан сўнг Исроил Миср билан сулҳ шартномасини имзолагач, Исроил Ғазо сектори Миср таркибида қолишини жуда истаган, чунки бу ҳудудни ҳеч ким бошқаришни истамаган, биров уни нима қилишни ҳам билмаган. Лекин Ғазодаги араблар ва қўшни Мисрнинг Рафаҳ шаҳрида истиқомат қилувчи араблар ўртасида умуман фарқ бўлмаганига қарамай, Миср турли баҳоналар билан бу ҳудудни ўзига қайтаришни истамаган.

Улар аслида бир халқ. Лекин шунга қарамасдан улар Ғазодан воз кечишган, гарчи бу қонуний бўлганига ишончим комил бўлмаса ҳам, улар қонунчилик доирасида ҳужжат қабул қилиб, Ғазодаги барча аҳолининг Миср фуқаролигини бекор қилишган. Ўшангача улар Миср фуқаролари саналган.

Ўшандан буён бу катта муаммо ва Исроилнинг бош оғриғига айланган. Аввалига исроилликлар ҳудудни бошқаришга уриниб кўришган, сўнгра жаҳон ҳамжамияти босими остида 2000-йилларда бу ҳудуддан чиқиб кетишган, яъни унинг оккупациясини бас қилишган. Ўшандан буён Ғазо ўзини ўзи бошқариб келади. Улар ўзига ҳукумат сайлашган, дарҳол бу ўринни ҲАМАС эгаллаган, сўнгра кейинчалик ҲАМАС учун бир неча бор овоз беришган. Яъни Ғазо секторини радикал кайфиятдаги инсонлар бошқара бошлаган.

Миср улар билан бирор умумийликка эга бўлишни истамай, чегараларни беркитиб олган. Миср бу борада қатъий турибди, чунки сўнгги онларгача қўшфуқароликка эга бўлганлар, яъни чет элликлар ҳам Ғазодан ўз ҳудуди орқали чиқарилишига тўсқинлик қилиб келди. Ҳозир жаҳон ҳамжамияти босими остида улар кунига минг кишини ўтказмоқда.

– Яна бир эҳтимолли сценарийни Bloomberg шундай тасвирламоқда: урушдан сўнг Ғазо ҳудуди АҚШ, Буюк Британия, Германия ва Франция қўлловида Яқин Шарқ давлатларига вақтинчалик бошқариш учун берилади. Бу сценарийни қандай баҳолайсиз?

– Фикримча, бу ҳозир амалга ошиш эҳтимоли юқори бўлган сценарийлардан бири. Яъни, энг эҳтимолли икки сценарийдан бири. Исроил ҳудудни қайта оккупация қилишни истамаслиги кундек равшан. Исроил у ерда ўнлаб йиллар давомида бўлмади, у ерда тинчликни сақлаш, у ерда истиқомат қилаётган араблардан иборат аҳолини қурол билан назорат қилиш, қандайдир ҳарбий режим жорий этишдан маъни йўқ. Шуниси аниқки, у ерга қайсидир маънода осуда ҳаёт қайтириши учун Араб давлатлари лигаси, хусусан, бу лиганинг энг нуфузли вакиллари бўлмиш Кўрфаз давлатларидан БАА, албатта, Саудия Арабистони ва ушбу ҳудуд ҳаётида жуда кучли иштирок этаётган Қатар кабиларнинг аралашуви зарур.

Агар улар маблағ, инвестиция лойиҳалари билан қўшилишса, бундан бир нарса чиқариш мумкин. Исроил Ғазодан 2000-йиллар бошида чиқиб кетганида ҳамма Яқин Шарқ давлатлари энди бу ҳудудни Янги Сингапурга айлантиради, деб ўйлаганди. Лекин ҳеч ким бу ҳудудга бир цент тикишни ҳам истамаган. Араб оламининг Ғазо аҳолисига нисбатан муносабатини ҳам биламиз. Энди эса шунга умид бор, АҚШ ҳам шуни ўтказмоқчи, буни Америка матбуоти ёзаётган кўп сонли сиздирмалардан билиб турибмиз. Биз бу музокаралар қайси босқичда эканини билмаймиз. Афтидан, Ғазо жангарилардан тозалангач, ҳудуднинг тақдири сўнгги онларда ҳал бўлади.

– Сизнингча, иккинчи энг эҳтимолли сценарий қанақа?

– Иккинчи эҳтимолли, барқарор сценарий — ҳокимиятни Фаластин миллий маъмуриятига, яъни пойтахти Рамаллоҳ бўлган Иордан дарёсининг Ғарбий соҳилида яшаётган фаластинликларга раҳбарлик қилаётган маъмуриятга топшириш.

– ФАТҲгами?

– Ҳа. Исроил Ғазо секторини тарк этаётиб, назоратни уларга топширган. Лекин сайловлар бўлиб, унда ҲАМАС ғалаба қозонган. ҲАМАС ўз сиёсий рақибларини симёғочларга осган, яъни улар ФАТҲни, Фаластин миллий маъмуриятини сектордан таг туби билан йўқ қилишган.

Энди миллий маъмурият Исроил найзалари остида ҳудудга яна қайтиши мумкин. Уларнинг ҳудуддаги рейтинги нол, фаластинликлар ўртасидаги ишончи нол, улар коррупциялашган, улар ўз мустақил давлатини қуришни исташмайди, йиллар мобайнида гуманитар ёрдам устига ўтириб қолган, яъни бу ерда улар ҳокимият жиловини ўз қўлларида сақлаб қола олиши нуқтайи назаридан мутлақо кам эҳтимолли сценарий.

– Яъни, сизнингча сценарий эҳтимолли, бироқ муваффақиятсиз. Шундайми?

– Бу ерда яна бир жиҳат бор: Фаластин мухториятида яна бир машҳур ва барчага манзур инсон бор. Унинг исми Марвон Барғутий. У тўртта терактда айбланган ва ҳозир Исроил қамоқхонасида умрбод қамоқ жазосини ўтамоқда. У террорчилик ташкилоти етакчиларидан бири ва иккинчи «Интифода» терактлари учун ўтирибди. Хуллас, Барғутий Фаластин ёшлари ўртасида энг машҳур сиёсатчи, жумладан Ғазо секторида ҳам. Фаластинликлар ва кўплаб халқаро етакчилар Исроил уни қонли терактларга қарамасдан қамоқхонадан чиқариб, бошқарувни унга топшириши кераклигига ундаб келишади.

Фаластин мухторияти етакчиси Маҳмуд Аббос анча қариб қолди, у 87 ёшда. Ўз-ўзидан, қайсидир онда кимдир унинг ўрнини босиши ҳам керак. Агар бу олдиндан ҳал қилинмаса Фаластиндаги радикал гуруҳлар ўртасида уруш бошланиб кетади. Агар Исроил қамоқдан чиқарса, Барғутий етакчи бўлиши мумкинлигини башорат қилишмоқда. Агар Исроил уни чиқарса ва Ғазо аҳли уни қабул қилса, Яқин Шарқ давлатлари иқтисодиёт ва бошқарувдан ёрдам қилса, АҚШ ёки саналган давлатлар қандайдир ҳарбий контингент билан назорат қилса, деган сценарийлар тўплами бор. Ҳозирча бундан нима чиқишини тушуниш жуда қийин. Тахминий кўриниш ҳозирча мана шунақа.

– Унда сўнгги сценарий ҳақида сўрайман. Бутун дунё давлатларидан сулҳпарвар кучлар киритилса-чи? Bloomberg бу сценарий ҳақида ҳам ёзган.

– Ҳа, бизда Ливан билан чегарани БМТнинг «мовий каскалари» қўриқлайди. Бу одамлар қандайдир отишма юз берса ёки отишма ҳақида огоҳлантириш бўлгани ҳамоно чамадонини йиғиштириб, ўзларининг чиройли оқ жипларига миниб БМТ бош қароргоҳи томон жуфтакни ростлашади. Биз БМТ тинчликпарвар кучларига ишонмаймиз, биз Яқин Шарқ давлатларининг АҚШ аралашуви билан тузилган тинчликпарвар кучларига, жойида куч ишлатиш ҳуқуқига эга бўлган контингентга ишонамиз. БМТга бу масалада ишониб бўлмайди, бу мутлақо иш бермайдиган вариант.

Шуҳрат Шокиржонов
Тайёрлаган Шуҳрат Шокиржонов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид