Ўзбекистон | 17:59 / 03.11.2023
9279
12 дақиқада ўқилади

Фармацевтика, алкоголь ва тамаки маҳсулотлари бозорларида яширин иқтисодиёт: оқибатлар, сабаблар ва қисқартириш чоралари

Иқтисодий ривожланишга кўмаклашиш маркази томонидан ўтказилган тадқиқотга кўра, сўнгги йилларда алкоголь ва тамаки маҳсулотлари яширин айланмаси ошган.

Эксперт баҳолашларига кўра, фармацевтика секторида яширин айланма нисбатан арзимас бўлиб, умумий фармацевтика маҳсулоти айланмасининг 5-12% доирасида ўзгариб туради.

Алкоголь маҳсулоти бозорларида яширин айланма этил спирти ва кучли спиртли ичимликлар ишлаб чиқариш ва сотиш сегментида кенг тарқалган. Эксперт баҳолашларига кўра, бу сегментларда яширин айланма 15 дан 35%гача диапазонда ўзгариб туради. Бунда кейинги пайтларда яширин айланма улушининг ўсиши кузатилмоқда.

Сигаретлар бозорида эса, аксинча, репрезентатив миқдорий тадқиқотлар мунтазам ўтказилади, 2021 йилдан бошлаб ноқонуний сигарет айланмаси улуши узлуксиз ва жадал ўсиб бормоқда. Агар 2020 йил сентябр ойида у умумий бозор ҳажмининг 4,3% ни ташкил қилган бўлса, 2022 июлда – 14,9%, 2023 йил июль ойига келиб эса, нақ 24,8% ни ташкил қилган. Эътиборлиси, яширин айланма амалда мутлақо контрабандадан иборатдир.

 Ўзбекистонда қонуний ва ноқонуний сигарет савдосининг нисбати, табиий сотувлар ҳажмидан фоизларда, %да, 2013-2023 йиллар.

Яширин айланма туфайли юзага келадиган таҳдидлар ва йўқотишлар

Мазкур бозорларда яширин айланманинг мавжудлиги ва кенгайиши истеъмолчилар, иқтисодиёт ва давлат учун салмоқли таҳдидлар ва йўқотишларга эга:

  • Сифатсиз, айрим ҳолларда саломатлик ва ҳаёт учун хавфли маҳсулотларни ишлатишдан истеъмолчилар саломатлигига ва ҳаётига таҳдидлар. Биринчи навбатда бу фармацевтик маҳсулотларга тааллуқли, лекин алкоголли ичимликлар ва тамаки маҳсулотлари ҳам бундан холи эмас.
  • Контрабанда бозордан маҳаллий ишлаб чиқарувчилар маҳсулотларини сиқиб чиқаради, бу тегишли ва ёндош иқтисодиёт тармоқларида ишлаб чиқариш ва бандлик даражасига; маҳаллий ишлаб чиқарувчилар ишлаб чиқариш қувватлари тўлақонли ишлашига ва маҳсулот таннархига; ноқонуний импорт улуши юқори бўлган тармоқларнинг инвестицион жозибадорлигига салбий таъсир кўрсатади.
  • Контрабанда ва яширин айланма – жиноятлар, жумладан коррупция кучайишининг энг муҳим сабаби ва омилидир, чунки кўп ҳолларда улар жиноий гуруҳлар томонидан, давлат амалдорларининг ё ҳомийлигида ёки индамай розилиги остида амалга оширилади.
  • Давлат бюджети яширин айланмадан яққол йўқотишларга учрайди. Маъруза муаллифлари баҳолашларига кўра, 2023 йилда биргина сигарет бозорида акциз ва ҚҚС бўйича бюджет йўқотишлари 1 трлн сўм – режалаштирилган бюджетнинг 0,43% ни ташкил қилди. Кучли спиртли ичимликларга белгиланган акциз ва ҚҚС тўлиқ олинмаганлигидан бундай йўқотиш (яширин бозор ҳажми юзасидан энг консерватив баҳолашларга кўра) – 550 млрд сўм ёки бюджетга режалаштирилган тушумнинг 0,24 фоизи.

Учта тадқиқ қилинаётган тармоқда яширин айланма мавжудлиги ва кенгайишининг сабабларини сифатида бир нечта омиллар тилга олинади.

Солиқ юкламаси

Агар 2020 йил январда маҳаллий ишлаб чиқарувчилар учун сигаретларга акциз 1000 донаси учун 141 500 сўм + завод нархидан 9% бўлган бўлса, 2023 й. февралдан бошлаб 223 850 сўм + завод нархидан 10%ни ташкил қилди. Акциз атиги уч йил ичида 60% дан кўпроққа ўсганлигини ҳисоблаш қийин эмас. Бундай ўсиш, маълумки, инфляция суръатларидан анча юқори бўлиб, пандемия туфайли аҳолининг харид қобилияти пасайиши шароитида содир бўлмоқда. Унинг натижаси ўлароқ, қонуний ва ноқонуний (контрабанда) маҳсулот чакана нархлари ўртасида кескин тафовут ва тегишлича яширин айланманинг 4% дан 25%га кўтарилиб кетиши рўй берди. Ноқонуний иш кўрувчилар тўламайдиган эгри солиқлар (акциз ва ҚҚС) қонуний сотилаётган маҳаллий сигаретлар нархларининг 45-50%ини ташкил қилади.

Маҳаллий фильтрли сигаретлар ва “Milano” контрабанда сигарети мисолида қонуний ва ноқонуний сигаретлар чакана нархларидаги тафовут.

Кейинги йилларда этил спирти ва кучли алкоголь ичимликларига акциз солиғи ставкалари сезиларли ошди.

Агар 2020 йилда 1 литр 40 даражали ароқ учун 9800 сўм акциз тўлаш керак бўлган бўлса, 2023 йилда 15 200 сўм тўланадиган бўлди. Икки йилда ўсиш 55,1% ни ташкил қилди. Солиштириш учун – шу вақт мобайнида пиво учун акциз 1170 дан 1550 сўмга, яъни 32,5% га ўсди.

 2023 йил 1 январдан озиқ-овқат этил спиртига акциз солиғининг беш баробар ўсиши кузатилди: 1 литри учун 1490 сўмдан 7450 сўмгача. Бу спиртли маҳсулотлар таннархи ошишига олиб келди ва яширин айланмани рағбатлантирмоқда.

Бу ҳисоб-китоблар эгри солиқлар (акциз ва ҚҚС)нинг кучли спиртли ичимликларнинг якуний нархидаги тахминий улушини баҳолаш имконини беради – 45% атрофида. Ушбу солиқлар тўланмайдиган яширин сектор борлиги ҳисобга олинганда, бу анча юқори кўрсаткичдир.

Божхона тўловлари ва божлар билан тартибга солиш

Алкоголь ва сигарет контрабандасига яна импортга юқори божхона тўловлари ҳам қўлловчи омил бўлади. Кейинги йилларда улар сезиларли камайганига қарамай, божхона-солиқ юкламаси ҳали ҳам қонуний импорт алкоголи ва сигаретини анчайин кучли қимматлаштиради.

Ҳисоб-китоблар кўрсатишича, сигаретлар бўйича импортга солиқ-божхона юкламаси, ўхшаш маҳаллий маҳсулотга бўлган 45%га нисбатан 58,5%ни ташкил қилади.

Алкоголь маҳсулоти импортчилари маҳаллий ишлаб чиқарувчиларга қараганда сезиларли даражада катта акциз тўлайдилар:

  • этил спиртига: 1 литр учун 7 450 сўмга нисбатан 70%,
  • кучли спиртли ичимликларга – 1 литр этил спирти учун 38 000 сўмга нисбатан 106 800 сўм,
  • натурал маҳсулотларга – 1 литр учун 1 (бир) сўмга нисбатан 30 000 сўм,
  • бошқа турдаги виноларга – 1 литр учун 2200 сўмга нисбатан 42 750 сўм,
  • пивога – 1 литр учун 1550 сўмга нисбатан 50% лекин камида 12 800 сўм.

Бундан ташқари, алкоголь импортчилари божхона қийматининг 30 фоизи, лекин 1 литр учун камида 1 доллар миқдорида бож тўлайдилар.

Алкоголь ва айниқса, тамаки маҳсулотлари контрабандаси ўсишига хизмат қилувчи муҳим омил 2018 йилдан бошлаб Ўзбекистон ҳудуди орқали ташиб ўтиладиган транзит алкоголь ва тамаки маҳсулотлари учун депозит (акциз суммаси)ни киритиш қоидасининг бекор қилиниши бўлди. Ушбу талабнинг мавжуд эмаслиги контрабандачиларга бу транзитни турли важлар билан узиб қўйиш имконини бермоқда. “Узилган транзит” вазияти қўшни мамлакатлар божхона ва чегара хизматлари билан яққол контрабанда белгиларига эга сигаретларни транзит ташишни орқага қайтариш, тақиқлаш имконини берадиган шартномалар йўқлиги билан янада чуқур тус олади.

Нарх-навони тартибга солиш ва маъмурий тақиқлар

Чегаравий савдо устамалари ва референт нархларни қўллаш орқали давлат фармацевтика маҳсулотида бозор нархи шакллантирилишига фаол аралашади. Оқибатда фармацевтика маҳсулоти танқислиги юзага келиши, контрабанда ва яширин айланма юзага келиши учун шароит яратилади. Жумладан, чегаравий савдо устамалари кўп ҳолларда ҳаракатланиш, омборда сақлаш, ташиш, солиқларни тўлаш ва бошқа савдо тадбирларига қилинадиган ҳамма харажатларни қоплаш учун етарли бўлмайди.

Минимал улгуржи-чиқариш ва чакана нархларни белгилаш орқали алкоголь маҳсулотлари айланмасини тартибга солиш амалиёти ҳам яширин тармоқ ўсишига кўмаклашмоқда. Бу нархлар инфляция ва аҳолининг даромадлари ошишига қараганда анчайин жадал ўсмоқда ва бу билан истеъмолчиларни нисбатан арзон бўлган ноқонуний алкоголни сотиб олишга ундаб, ишлаб чиқарувчиларни харажатлар ва нархни пасайтириш ҳисобига рақобат қилиш имкониятини чекламоқда.

Маҳаллий корхоналарнинг чет элда ишлаб чиқарилган озиқ-овқат этил спиртидан фойдаланиб алкоголь маҳсулоти ишлаб чиқаришига бўлган амалдаги тақиқ этил спирти бозоридаги рақобатни сунъий чегаралайди, бу ҳам таннархга, ҳам якуний маҳсулот сифатига салбий таъсир кўрсатади, шунингдек бизнесни “яшириниш”га ундайди.

Фармацевтика маҳсулотларини рўйхатдан ўтказишдаги муаммолар

2017 йилга қадар, асосан эркин конвертация мавжуд эмаслиги туфайли, фармацевтика маҳсулоти контрабандаси ниҳоятда катта бўлган. Ҳозир у минимал даражада: конвертация билан муаммолар йўқ ва божхона тўловларидан қочиш ҳам маънога эга эмас, чунки аксарият фармацевтика маҳсулотлари учун божлар нолга тенг, барча тайёр дори воситалари, жумладан импорт ҚҚСдан озод қилинган. Шу сабабли контрабанда сезиларли пасайди.

Нега барибир контрабанда сақланиб қолди? Фармацевтика маҳсулотининг танқислиги ва контрабандасининг асосий сабаби – нархлар юқорилиги ва уни рўйхатдан ўтказишдаги саъй-ҳаракатлар ва сарф-харажатлар катталиги. Рўйхатдан ўтказиш (айниқса импортчилар учун) шунчалик серхаражатки, сотувлар ҳажми катта бўлмаса, рўйхатдан ўтказиш ва қонуний олиб киришда умуман маъно қолмайди. Расман, рўйхатдан ўтказиш импортчига бир ном учун 10-15 минг АҚШ долларига тушади. Бу жаҳонга машҳур ишлаб чиқарувчиларнинг бутун дунёда танилган, турли инстанциялар томонидан мунтазам равишда текширилиб, қайта текшириб туриладиган ва сифат ҳамда хавфсизлик борасида барча зарурий ҳужжатларга эга товарларига ҳам тааллуқли.

Шу билан бирга, тасдиқланган рўйхатдаги мамлакатларда рўйхатдан ўтилганликни тан олишнинг мавжуд механизми рўйхатдан ўтказиш таомилини сезиларли арзонлаштириш ва жадаллаштириш имконини беради. Аммо, рўйхатга олувчи органнинг қадоқ макети келиб чиқувчи мамлакат тилида рўйхатга олиниши борасидаги талаблари туфайли бу механизм жуда суст ишлайди. Чунки бунда ушбу препаратлар ишлаб чиқарувчи мамлакат тилидаги қадоқда сотилади. Ишлаб чиқарувчилар бундай қадоқда улар кўп маҳсулот сота олмасликларини тушунадилар ва ушбу механизмдан фойдаланишни рад этадилар.

Ҳаддан ортиқ талаблар, юқори нарх, тиббий товарларни рўйхатдан ўтказишдаги қоғозбозлик нафақат импортчилар учун, балки маҳаллий ишлаб чиқарувчилар учун ҳам бизнес юритишдаги тўсиқ саналади. Жумладан, клиник амалиётда узоқ даврдан буён маълум дориларни клиник синовдан ўтказиш талабини олсак, у тартибга солиш амалиёти ривожланган мамлакатларда мавжуд эмас.

Хўш, бунинг олдини олиш учун қандай курашиш мумкин?

-         2024 ва 2025 йилларда этил спирти, кучли алкоголь ва сигаретга акциз солиғи ставкаларини оширишга мораторий белгилаш. Кейинги йилларда ставкаларнинг инфляция даражасидан ошмайдиган индексациясини юритиш. Сигаретларга акцизнинг адвалор таркибидан воз кечиш.

-         Алкоголь ичимликлари ва тамаки маҳсулотларига божхона тўловларини пасайтириш борасида кейинги йилларда кузатилаётган трендни давом эттириш: мунтазам равишда маҳаллий товарлар ва импорт учун акцизларни бирхиллаштириш, шунингдек божхона божлари ставкаларини камайтириш.

-         Чегаравий нархлар ва чегаравий савдо устамаларини белгилаш орқали фармацевтика ва алкоголь маҳсулотлари учун нарх шаклланишини маъмурий тартибга солишдан воз кечиш.

-         Фармацевтика маҳсулотларини рўйхатдан ўтказиш таомилини соддалаштириш, нархини пасайтириш, ортиқча (халқаро амалиётда бўлмаган) талаблардан воз кечиш, муддатини қисқартириш.

-         Ўзбекистон ҳудудидан транзит олиб ўтиладиган алкоголь ва тамаки маҳсулотлари учун таъминот тўлови (божхона тўловлари суммасига тенг) суммасини Ўзбекистон Республикаси божхона органлари депозит ҳисобига киритиш қоидасини қайта тиклаш.

-         Қўшни мамлакатлар билан чегараларда назоратни кучайтириш, қўшни мамлакатларнинг тегишли хизматлари билан ҳамкорликни ва олдини олиш чораларини мувофиқлаштиришни яхшилаш, улгуржи савдо объектлари ва омборларда, уюшган ва уюшмаган чакана савдо жойларида назорат тадбирларини ўтказиш, кўрилаётган чоралар ва эришилган натижаларни оммавий ахборот воситаларида кенг ёритиш бўйича қўшимча чоралар қўллаш ижобий натижаларга сабаб бўлади.


Материалнинг тўлиқ матни рус тилида ушбу ҳавола орқали мавжуд 👉 ҲАВОЛА

Мавзуга оид