Жаҳон | 17:29 / 03.11.2023
18674
7 дақиқада ўқилади

Покистонда афғонларга қарши рейдлар бошланди. Юз минглаб кишилар чегара томон қочмоқда

Покистон ҳукумати мамлакатда бўлиш учун қонуний асосга эга бўлмаган афғон муҳожирларини депортация қилиш кампаниясини бошлади. Полиция Покистоннинг ўнлаб шаҳарларида рейдлар ўтказмоқда ва ноқонуний муҳожирлар қўлга олинмоқда, улар мамлакатдан чиқариб юборилади.

Фото: AFP

Бир ой олдин расмий Исломобод тегишли ҳужжатларга эга бўлмаган барча хорижликларга Покистон ҳудудини ихтиёрий равишда тарк этишни тавсия этганди. Бу буйруқнинг амал қилиш муддати 1 ноябрга ўтар кечаси тугади.

Покистон ички ишлар вазири вазифасини бажарувчи Шарифроз Бугти маҳаллий расмийлар афғонлар яшириниб ётган уйлар ва бошпаналарни аниқлаётганини маълум қилган.

«Биз қарийб 36 соатдан буён кўчага чиқмадик. Бизга чиқмаслик кераклиги, йўқса қўлга олишларини айтишди. Сешанба куни ўз кўзим билан уч киши қўлга олинганига гувоҳ бўлдим. Кейинроқ бу одамлар қўйиб юборилганини эшитдим, аммо вазият жуда асабий. Моҳиятан биз қамоқдамиз, бу эса оилалар учун катта стресс», — деган Reuters агентлиги билан суҳбатда бўлган афғонлардан бири.

Афғонистонликларнинг сўзларига кўра, полиция нафақат нелегалларни, балки махсус виза (Special Immigrant Visas) олишга улгурган ҳамда Покистонда легал қочқин мақомини эгаллаган афғонларни ҳам тутмоқда.

2021 йилда ҳокимият толиблар қўлига ўтганидан кейин қарийб 600 минг афғонистонлик Покистонга қочиб ўтганди.

Бу афғонларнинг қўшни давлатга оммавий кўчиб ўтишининг иккинчи тўлқини эди. Биринчиси Афғонистонга 1979 йилда советлар иттифоқи қўшини бостириб киргач бошланган ва кўп йиллар давом этган уруш туфайли рўй берганди

Покистондаги қатор сиёсатчилар, ҳуқуқ ва жамоат фаоллари чоршанба куни Покистон олий судига оммавий депортацияни тўхтатиш ва инсон ҳуқуқларига риоя этиш талаби билан петиция юборди.

БМТ ҳам депортация қилинаётган афғонлар ўз мамлакатида толиблар томонидан таъқиб этилиши ва ҳатто ўлдирилиши мумкинлигини инобатга олиб, Исломободни бу қарорни қайта кўриб чиқишга чақирди.

Нималар бўлмоқда?

Покистон ва Афғонистон чегарасидаги назорат-ўтказиш пунктларида ўн минглаб кишилар ва юзлаб юк машиналари тўпланган
Фото: ABDUL BASIT/AFP

Пайшанба куни Покистон шимоли-ғарбида, Афғонистон билан чегарадош Белужистон вилоятида минглаб кишилар тўпланди.

Уйга қайтиши хавфли бўлиши мумкинлигига қарамай, кўплаб афғонлар Покистонни ўз ихтиёрига кўра тарк этишни афзал кўрмоқда, акс ҳолда улар ҳибс қилиниши ва куч билан бутунлай ҳайдаб чиқарилиши мумкин.

Кўпчилик берилган муҳлат ичида бундай йўл тутмаган, чунки улар ҳукумат бу қадар қатъий ҳаракат қилишини кутмаган.

Хабарларга кўра, пайшанба куни мамлакат жанубидаги йирик Карачи шаҳрида юздан ортиқ киши қўлга олинган, Белужистон вилоятининг Афғонистон билан чегара ҳудудидаги Кветта шаҳрида эса 425 киши қўлга олинган.

Маҳаллий ҳукумат вакили Абдул Носир Хон Reuters агентлигига ўтган ойда Ҳайбер-Пахтунҳва ва Белужистон вилоятларидаги назорат-ўтказиш пунктлари орқали Покистонни 128 минг киши тарк этган, чоршанба кунининг ўзида эса 24 мингдан ортиқ киши чегарани кесиб ўтиб мамлакатига қайтган ва яна ўн минглаб кишилар ўз навбатини кутмоқда.

Яна 20 мингдан ортиқ киши Покистондан бошқа йўналишлар орқали чиқиб кетган.

Хоннинг сўзларига кўра, назорат-ўтказиш пунктлари бир неча кундан буён тунда ҳам тўхтовсиз ишламоқда, бу ноодатий амалиёт, лекин ўтказувчанликни ошириш учун шунга зарурат бор.

Амалдорнинг сўзларига кўра, Ҳайбер-Пахтунҳва вилоятининг чегара ҳудуди бўйлаб вақтинча лагер барпо этилган, бу ҳудудда чегарадан ўтиш навбатини кутиб турган оилалар учун керакли шароитлар яратилган.

Аммо бу маълумотни мустақил манба орқали текшириш имкони йўқ, айни вақтда ОАВ вакиллари чегара ҳудудларга ўтказилмаяпти.

Чегаранинг икки томонида ҳам хаос

Бу одамлар аллақачон Афғонистон ҳудудига ўтган ва кейинги кўрсатмани кутишмоқда. Уларнинг кўпчилиги ватанини ўнлаб йиллар олдин тарк этган ва ҳозирда борар жойи йўқ. Фото: AFP

Гувоҳлар томонидан берилган узуқ-юлуқ маълумотларга кўра, Белужистоннинг чегара ҳудудида тирбандлик юзага келган. Минглаб пиёдалар ва юзлаб юк машиналари кўплаб километрларга чўзилган навбатларда туришибди.

Кўпчилик Покистонни қўлига илинган нарса билан тарк этмоқда. Нисбатан ўзига тўқ оилалар ўз буюмларини ташиш учун юк машиналари ёллаган.

Покистон ҳукумати баҳоларига кўра, мамлакатда яшовчи тўрт миллион афғондан роппа-роса 1,7 млн нафарининг ҳужжатлари жойида эмас ва мамлакатни тарк этиши лозим.

Уларнинг кўпчилиги бир неча ўн йиллардан буён Покистонда яшайди ва уларнинг фарзандлари умрида ҳеч қачон Афғонистонда бўлмаган.

Хабарларга кўра, чегаранинг Афғонистон томонида ҳам тартибсизлик ҳукм сурмоқда. Чегарачилар юз минглаб кишиларнинг Афғонистоннинг ички ҳудудларига ўтказилишини ташкил этишга уринмоқда, бироқ кириб келаётган одамлар оқими жуда катта.

Уларнинг кўпчилиги аллақачон Афғонистондаги уйлари ва оилавий алоқаларини йўқотган, уларнинг шунчаки борар жойи йўқ.

«Покистон конституцияси бу заминдаги ҳар бир кишига адолатли суд ҳуқуқини беради, аммо қочқинлар бу ҳуқуқдан маҳрум», — деган Карачидан бўлган ҳуқуқ фаоли Мониза Какар.

Толиблар ҳам Исломободни афғон қочқинларига ҳеч бўлмаганда нарсаларини йиғиштириш учун вақт беришни ва бағрикенглик кўрсатишни сўраган. Улар шунингдек сиёсий сабабларга кўра мамлакатдан қочиб чиққан афғонлар қўрқишига ҳожат йўқлиги, уларга тинч ҳаёт кафолатланганини билдирган.

Исломободнинг бу қарори нима билан боғлиқ?

Покистон расмийлари афғонлар мамлакатдаги миллий хавфсизликка таҳдид солаётганини маълум қилган.

Уларнинг фикрича, ноқонуний муҳожирларнинг кўпчилиги маҳаллий жиноий гуруҳлар сафига кирган, шунингдек, ўз мамлакатидаги радикал ҳаракатлар билан алоқаларга эга.

Расмий Исломобод сўнгги вақтларда мамлакатнинг турли ҳудудларида жангариларнинг ҳужумлари сони ортганини қайд этган.

Экспертлар фикрича, афғонларнинг оммавий депортацияси Афғонистондаги янги ҳукумат хавфсизлик соҳасида ҳамкорлик қилиши учун «Толибон»га тактик босим бўлиши ҳам мумкин.

Аммо Афғонистоннинг Покистондаги элчихонаси эълон қилган баёнотда Исломободнинг бу ҳаракати икки мамлакатнинг шусиз ҳам мураккаб бўлган муносабатларини оғирлаштириши айтилган.

Покистон ўзининг бу қарори покистонликларнинг кўпчилик қисми томонидан қўллаб-қувватланганини айтмоқда.

Бу позицияни тасдиқлайдиган қандайдир ижтимоий сўровлар ўтказилгани аниқ эмас, аммо кўпчилик мустақил экспертлар бу қарор чиндан ҳам жамоатчилик қўлловига эгалигига шубҳа қилмаяпти.

Сўнгги йилларда Покистондаги турли жамоат гуруҳлари қочқинлар муаммосига эътибор қаратиб, улар мамлакат иқтисодиёти ва инфратузилмасига улкан юклама бўлаётганини айтиб келишарди.

Покистонда, йирик афғон жамоаларидан ташқари, Эрон ва Марказий Осиё давлатларидан келганлар ҳам яшайди.

Уларнинг сони сезиларли даражада кам ва ҳукуматнинг ултиматуми уларга ҳам тааллуқли экани ҳозирча аниқ эмас.

Мавзуга оид