Ўзбекистон | 09:37 / 04.11.2023
19995
2 дақиқада ўқилади

“Aвтo 60 oй” ишида фуқароларга етказилган 12 млрд сўм зарар қопланмай қолгани маълум бўлди

Иш доирасида айбланиб, 8 йилга озодликдан маҳрум қилинган жиноий гуруҳнинг раҳбари Жамшид Баҳодиров эса “намунали хулқи” учун озодликка чиққан. У айни дамда ҳам юзлаб одамларни бир неча миллиард сўмга чув туширгани айтилмоқда.

Фото: Ижтимоий тармоқлар

Бош прокуратура хузуридаги Мажбурий ижро бюроси матбуот хизматининг Kun.uz’га маълум қилишича, Жиноят ишлари бўйича Чилонзор туман судининг тегишли ижро варақаларига асосан, “Avto oltmish oy” МЧЖ мансабдор шахслари Ж.Баҳодиров, О.Мирзаев, М.Гулмирзаева, М.Ҳакимова ва Э.Қурбоновлардан солидар тартибда 15 минг 761 нафар ундирувчилар фойдасига жами 44 млрд 471 млн сўм етказилган зарарни ундириш ва ундирувни тергов давомида хатланган мол-мулкларга қаратиш белгиланган.

Бюронинг Тошкент шаҳар бошқармаси томонидан олиб борилган ижро ҳаракатлари давомида жабрланувчиларга жами 26,7 млрд сўм ундириб берилган. Ундирилиши лозим бўлган зарар айни кунда 12 млрд 905 млн сўмни ташкил қилмоқда.

Жиноят ишлари бўйича Чилонзор туман судининг 2021 йил 29 мартдаги ҳукми билан “Avto oltmish oy” МЧЖ раҳбари Жамшид Баҳодиров 8 йилга озодликдан маҳрум этилганди.

Ж.Баҳодиров ЖИБ Нишон туман судининг ажрими билан 2021 йил ноябр ойида умумий тартибли колониядан манзил-колонияга ўтказилган. У манзил-колонияда 8 ой давомида “ўзини яхши тутгани ва тузалиш йўлига ўтгани учун” ижобий тавсифнома олади ҳамда ЖИБ Бўка туман судининг ажрими билан унинг ўталмай қолган 5 йилдан кўпроқ “муддати” ахлоқ тузатиш ишлари жазосига алмаштирилган.

Kun.uz суриштирувида аниқланишича, яна бир жиноий гуруҳ “осон шартларда” автомобил ва уй-жой олиб беришни ваъда қилиб, фуқароларни катта маблағга чув туширган. Бу сафарги алдов Instagram саҳифасида Xumo vines номи билан танилган вайнер шахсидан фойдаланиб амалга оширилган. Учарлар жамоаси таркибида “Авто 60 ой” ишида 8 йилга қамалиб, 2 йил-у 10 ой “ўтириб” чиққан Жамшид Баҳодиров ҳам бор

Мавзуга оид