Жаҳон | 08:51 / 04.11.2023
9387
2 дақиқада ўқилади

Исроил: ўт очишни тўхтатиш - гаровга олинганлар озод қилинганидан кейин

Исроилга кўра, 250 га яқин одам ҲАМАС жангчилари қўлида асирда. Исроил бош вазири Нетаняҳу уларнинг барчаси қўйиб юборилмагунча, ўт очишни тўхтатиш ҳақида гап бўлиши мумкин эмаслигини таъкидлади.

Фото: Reuters

Исроил Ғазо секторида ўт очишни тўхтатишга фақат Фаластиннинг ҲАМАС гуруҳи томонидан гаровга олинган барча шахслар озод этилиши шарти билан рози бўлади. «Мен (ҲАМАСга қарши ҳарбий операцияни) бор кучимиз билан давом этишимизни аниқ айтдим. Биз гаровга олинганларни озод қилишни ўз ичига олмаган ҳар қандай ўт очишни тўхтатишни рад этамиз», - деди Исроил бош вазири Бенямин Нетаняҳу 3 ноябр, жума куни ташриф билан келган АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен билан учрашувдан сўнг.

Исроил томони маълумотларига кўра, ҳозирда ҲАМАС 249 кишини асирда ушлаб турибди. Блинкен Қўшма Штатлар иттифоқчиси Исроил билан мустаҳкам туришига ишонтирди, аммо Фаластин тинч аҳолисини ҳимоя қилиш учун кўпроқ иш қилиш кераклигини таъкидлади. У Исроилнинг ҳозирги ишдан «бош тортиши фақат ҲАМАС ва бошқа гуруҳларнинг фойдасига ишлайди», деди.

Исроил-Фаластин можароси

7 октябр куни эрталаб ҲАМАСнинг ҳарбий қаноти - «Иззаддин ал-Қассам бригадалари» Исроилга қарши «Ал-Ақсо тўфони» операцияси бошланганини эълон қилди. Ғазо секторидан Исроил томон минглаб ракеталар отилди, қуролли гуруҳлар Исроил аҳоли пунктларига кирди.

ҲАМАСнинг билдиришича, операция босиб олинган Шарқий Қуддусдаги Ал-Ақсо масжидига бостириб кириш ва исроиллик муҳожирларнинг фаластинликларга нисбатан зўравонлиги кучайиб бораётганига жавобан амалга оширилган. 

Бунга жавобан Исроил армияси Ғазо секторида ҲАМАСга қарши ўнлаб қирувчи самолётлардан фойдаланган ҳолда «Темир қиличлар» операцияси бошланганини эълон қилди. 

Исроил-Фаластин можароси авж олгандан бери 8,7 мингдан ортиқ фаластинлик ҳалок бўлди. Исроилда қурбонлар сони 1400 дан ошади. Ғазонинг 2,3 миллион аҳолиси Исроилнинг ҳаводан оммавий бомбардимон қилиши ва эксклавнинг тўлиқ блокадаси туфайли озиқ-овқат, сув ва дори-дармонлар танқислигидан азият чекмоқда.

Мавзуга оид