Ўзбекистон | 15:10 / 04.11.2023
43841
10 дақиқада ўқилади

Кодексдаги «ёғли» модда: жазони енгилроғи билан алмаштириш

Нима учун Ўзбекистонда фирибгарлар одамларнинг бор-будини шилиб кетишдан қўрқмай қўйишганини биласизми? Чунки уларга қонундаги туйнуклар «илҳом» беради. Қандай қилиб дейсизми, мақолани ўқинг, билиб оласиз.

Фото: Kun.uz

Бухоро амирлиги даврида ўғрилик ёки фирибгарлик қилгани учун зиндонга ташланган жиноятчилардан етказилган зарар антиқа усулда ундириб олинган: жиноятчи ҳафтанинг ҳар жума куни зиндондан чиқарилган ва мардикор бозорига олиб борилган. Маълум бир ҳақ эвазига бирор юмуш қилдириш учун мардикор излаётган одамлар жиноятчини ёллаб, ишлатишган. Унинг меҳнати учун тўланган ҳақ эса етказилган зарар ҳамда зиндонда ушлаб турилишига сарфланадиган харажатларни қоплашга йўналтирилган.

Шу тариқа, фирибгар жиноятчи етказилган зарарни тўлиқ қоплаб бўлгачгина зиндондан озод қилинган.

Қўлга тушишини билиб туриб жиноят қилади

Фаолияти алдов йўли билан одамларнинг пулини шилиш бўлган фирибгарлик схемаларини Ўзбекистонда кўплаб санаш мумкин. Минглаб одамлар бу «ишбилармонлар»га алданди, алданишда давом этмоқда.

Мазкур схемаларни ўйлаб топганлар қўлга тушишини билган ҳолда кўпинча икки йўлни кўзлайди: 2-3 йил «ўтириб» чиқса ҳам миллиардер бўлиб қолиш ёки тўплаб-тўплаб, четга қочиш.

Масалан, «Авто 60 ой» ишида қарийб 16 минг одамни алдаб, улардан 57,4 млрд сўм йиғиб олган Жамшид Баҳодиров биринчи йўлни танлаган.

Воқеалар ривожи қуйидагича:

  • 2019 йил 13 май – Жамшид Баҳодиров «Авто 60 ой» МЧЖни давлат рўйхатидан ўтказади;
  • 2019 йил 14 октябр – Жамшид Баҳодиров 5 ойда (!) мижозлардан 57,4 млрд сўмпул тўплашни уддалади;
  • 2019 йил 21 октябр – унга «қамоққа олиш» эҳтиёт чораси қўлланади;
  • 2021 йил 29 март – Жамшид Баҳодиров 8 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинди, қопланмаган зарар энг қарийб 13 млрд сўм;
  • 2021 йил ноябр – Жамшид Баҳодиров умумий тартибли колониядан манзил-колонияга ўтказилди;
  • 2022 йил 21 июн –Жамшид Баҳодировнинг жазоси енгилроқ жазога алмаштирилиб, у озодликка чиқарилди;
  • 2023 йил октябр – Жамшид Баҳодиров фуқароларни чув тушириш билан боғлиқ яна бир фирибгарликнинг асосий «фигурант»ларидан бири.

«Авто 60 ой» ишида жабрланувчилар фойдасига ундирилиши лозим бўлган маблағ айни кунда 12 млрд 905 млн сўмни ташкил этади.

4 йил ичида Жамшид Баҳодиров 16 минг одамнинг пулини шилиб, қамалиб, қамоқдан қайтиб чиқиб яна одамларни чув туширишга улгуряпти. Буни уддалаши учун унга Жиноят кодексидаги «тирқиш» ёрдам берган.

Қонундаги «тирқиш»

Жиноят кодексида 74-модда бор, у жазони енгилроғи билан алмаштириш деб аталади. Ўз номи билан бу модда ҳар қандай жиноят содир этган одамни хоҳ судда бўлсин, хоҳ у жазони ижро этиб турган пайтда, қўлланаверади. Уни қўллаш мутлақ суднинг ваколатида.

Юқоридаги ҳолатда Жамшид Баҳодировга нисбатан ҳам ушбу модда қўлланган: у 2019 йил 21 октябр куни қамоққа олиниб, кейинроқ 8 йилга озодликдан маҳрум этиляпти ҳамда 2022 йил 21 июн куни «муддати» ахлоқ тузатиш ишлари жазосига алмаштириляпти. Етказилган зарарнинг 12,9 млрд сўм қопланмай осилиб ётганига эса суд эътибор ҳам бергани йўқ, чунки 74-моддада буни инобатга олиш ҳақида айтилмаганда...

Аслида зарар суммасини тўлиқ қопламаган фирибгарларнинг жазосини енгилроғига алмаштириш мумкинлиги фирибгарликка рағбатдан бошқа нарса эмас. Кодексдаги бу «тирқиш» Конституция талабларига зид экани ҳақида ўйлаб кўрилиши керак.

Янгиланган Конституциянинг 29-моддасида ҳуқуқбузарликлардан жабрланганларнинг ҳуқуқлари қонун билан муҳофаза қилиниши, давлат жабрланганларга ҳимояланишни ва одил судловдан фойдаланишни таъминлаши, уларга етказилган зарарнинг ўрни қопланиши учун шарт-шароитлар яратиши белгилаб қўйилган.

Мазкур норма давлат зиммасига ҳуқуқбузарликлардан жабрланганларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мажбуриятини юклайди. Яъни давлат ҳуқуқбузарлик туфайли фуқарога, унинг мол-мулкига етказилган зарарни ҳуқуқбузардан ўз вақтида ва тўлиқ ҳажмда қоплаш бўйича ташкилий-ҳуқуқий чораларни кўради. Амалдаги қонунларга кўра, фирибгарлик жинояти бўйича зарар қопланмаса, ҳуқуқбузарга нисбатан амнистия ёки афв қўлланмайди.

Аммо Жиноят кодексидаги юқорида айтилган «туйнук» негадир ҳамон очиқ қол(дирил)моқда.

Яхшиямки, ҳозир амнистия берилмаяпти, агар берилганида борми…

Конституцияга зид яна бир ҳужжат бор. Бу Олий суд пленумининг 2006 йил 22 декабрдаги «Судлар томонидан амнистия актларини қўллашнинг айрим масалалари тўғрисида»ги қарори. Унинг 20-бандида келтирилишича, суриштирув, тергов босқичида ёки судда жиноят ишининг амнистия акти асосида тугатилиши жиноят натижасида етказилган мулкий зиённи қоплаш тўғрисидаги масаланинг жиноят процессида ҳал этилиши имкониятини истисно этади.

Жиноят ишида фуқаровий даъво мавжуд бўлганда суриштирув, тергов органи ёки суд амнистия акти асосида жиноят ишини тугатиш тўғрисидаги қарор, ажримда даъво кўрилмасдан қолдирилганини кўрсатади. Айни пайтда, ЖПК 276-моддаси бешинчи қисмига мувофиқ, манфаатдор шахсларга бундай даъвони фуқаролик судида ишларни юритиш тартибида тақдим этиш ҳуқуқи тушунтирилади.

Бу фирибгарлар учун нафақат рағбат, балки кўп ўтмай озодликка чиқишига кафолат ҳамдир. 2016 йилдан аввалги даврларда (ҳар йили энг камида бир марта амнистия акти эълон қилиш амалиёти мавжуд бўлган) вазият шу даражага етгандики, амнистия эълон қилиниши арафасида жиноятчилик, хусусан одамларни чув тушириш авж олиб кетарди. Боиси, жиноятчи амнистияга тушишини олдиндан аниқ биларди.

Буни бир мисол билан тушунтиришга ҳаракат қиламиз.

2007 йил сентябр. У пайтда ойлик маошлар нақд кўринишида тарқатилар, ўқитувчиларнинг маоши аввал банкка, кейин банкдан «районо»га бериларди.

Қашқадарё вилояти Яккабоғ туманидаги банк филиали бошқарувчиси бўлган Азизнинг хонасига икки йигит кириб келади.

— Сиз бизга ўқитувчиларнинг ойлик маошидан 100 млн сўм бериб турасиз. Биз уни икки кун «айлантириб», 5 минг АҚШ доллари қўшимчаси билан сизга қайтарамиз, — дейди йигитлар.

Банк бошқарувчиси бу таклифга осонгина кўнади ва туман ўқитувчиларининг маошидан айтилган миқдордаги пулларни йигитларга беради. Келишувга биноан йигитлар икки кундан сўнг олинган 100 млн сўм пулни ҳамда 5 минг АҚШ долларини келтириб, банк бошқарувчисига тутқазади.

Туман педагогларининг маоши банкка келиб тушган кейинги ойда йигитлар яна пайдо бўлади ва бу сафар каррасига кўпроқ пул бериб туришни сўрайди. Бу пул ҳам икки кунда «қўл ҳақи» билан бошқарувчига қайтариб топширилади.

Навбатдаги ойда йигитлар Азиздан бутун туман педагогларининг бир ойлик маошини беш кунга сўрашади. Бу маблағ жуда катта сумма эди. «Сўзида турадиган, мард» йигитларга чиппа-чин ишонган банк бошқарувчиси уларга сўралган барча пулни тутқазиб юборади. Аммо йигитлар шу билан ғойиб бўлишади. Улар «балиқни қармоққа илдиришганди»: бунчалик осон пул топиш мумкинлигидан нафси ҳакалак отган банк бошқарувчиси бу хўрак эканлигини тушунмаган.

Айни шу ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, бошқарувчи, банкнинг уч ходими ва фирибгарлар томонидан тайин қилинган бир йигит қамоққа олинади. Етказилган зарарнинг 1 сўми ҳам қопланмайди, чунки уни қўлга киритганлар аллақачон чет элга чиқиб кетишган эди.

Қамоққа олинганлар суднинг ҳукми билан узоқ муддатларга озодликдан маҳрум этилди. Аммо кўп ўтмай эълон қилинган амнистия акти туфайли улар қамоқда 1 йил ҳам ўтирганлари йўқ, бюджетнинг миллиардлари эса ҳавога учди.

«Тақдири» номаълум қонун

Сенатнинг 2023 йил 6 апрел куни бўлиб ўтган ўттиз тўққизинчи ялпи мажлисида «Жиноят кодексига коррупцияга оид жиноятлар учун жавобгарлик муқаррарлигини таъминлашга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун кўриб чиқилган ҳамда сенаторлар томонидан маъқулланган.

Қонун билан Жиноят кодекси «коррупцияга оид жиноятлар» деган янги атама билан тўлдирилиб, унга кўра кодекснинг тегишли моддалари, қисми ва бандларида назарда тутилган қилмишлар коррупцияга оид жиноятлар деб топилиши белгиланган ҳамда ушбу жиноятлар учун жазони кучайтириш назарда тутилганди.

Шунингдек, Жиноят кодексининг тегишли моддаларига киритилаётган ўзгартиришлар орқали ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш, фирибгарлик, солиқлар ёки бошқа мажбурий тўловларни тўлашдан бўйин товлаш учун ҳукм қилинган, бироқ жиноят оқибатида етказилган зарарни тўлиқ қопламаган шахсларга ҳамда пора олиш, пора бериш, пора олиш-беришда воситачилик қилиш жиноятларини содир этган шахсларга нисбатан жазо муддатидан илгари шартли равишда озод қилиш ва жазони енгилроғи билан алмаштириш каби нормалар қўлланилмаслиги белгиланган.

Бироқ ушбу қонуннинг «тақдири» номаълумлигича қолмоқда.

Нима қилиш керак?

Жиноят кодекси «илҳом» бериши эмас, қўрқитиши лозим. Яъни ҳар қандай ҳолатда етказилган зарар қопланмас экан, жазони енгилроғи билан алмаштиришни бутунлай тақиқлаш зарур.

Одамларни чув тушириш билан бойишни мақсад қилган фирибгарларга суд томонидан 8 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси берилдими, агар зарарни тўлиқ қопламаса шунча муддат «ўтириши», хатто манзилли колонияга ҳам чиқарилмаслиги керак.

Бунинг учун эса Жиноят кодексининг 74-моддаси янги Конституцияга мослаштирилиши лозим. Жазонинг ўталмаган қисмини енгилроғи билан алмаштириш жиноят оқибатида етказилган зарарни тўлиқ қопламаган шахсларга нисбатан қўлланмаслигига доир ўзгартириш киритиш керак. Шундагина давлат пулини ўзлаштираётган амалдорлар ва одамларни алдаётган фирибгарларга рағбат бераётган «туйнук»лардан бири ёпилади.

Йўқса, Жамшид Баҳодиров кейсидаги каби фирибгарлик схемалари, давлат пулини талон-торож қилиш йўллари ўйлаб топилаверади.

Руслан Сабуров
Kun.uz

Мавзуга оид