Диас «Ливерпул»ни қутқарди ва отасини озод этишга чақирди, «Реал» етакчиликни йўқотди
Беллингҳем мўъжиза кўрсатишдан тўхтади, «Реал» дербида тарихий дуранг қайд этди. Якшанба куни Европа футболида содир бўлган асосий воқеалар, ўйинлардаги голлар ва турнир жадвалларидаги вазият.
Англия: Нунес тўққизта зарба берди ва гол ура олмади
«Лутон» – «Ливерпул» 1:1
Голлар: 1:0 – 80 Чонг, 1:1 – 90+5 Диас
«Лутон» – Камински, Каборе, Локер, Ошо, Менжи, Даути, Таунсенд (Чонг, 61), Баркли, Накамба, Огбене (Браун, 79), Моррис (Адебайо, 75).
«Ливерпул» – Алиссон, Александер-Арнолд, ван Дейк, Конате, Гомес (Цимикас, 67), Собослаи (Эллиотт, 66), Мак Аллистер, Гравенберҳ (Диас, 83), Салоҳ, Диогу Жота (Гакпо, 66), Нунес.
Огоҳлантиришлар: Накамба (44), Мак Аллистер (54).
«Ливерпул» қаторасига иккинчи тур ортида «Астон Вилла»нинг нафасини ҳис қилиб ўйнайдигандек туюлганди, аммо Унаи Эмери жамоаси куннинг биринчи ўйинида Ноттингҳемда мағлуб бўлди (0:2). Ўз-ўзидан, қизилларда бир ўқ билан икки қуённи уриш имконияти юзага келди. Нафақат бирмингҳемликлардан илгарилаб кетиш, балки турнир жадвалида бир кун олдин мавсумдаги илк мағлубиятини қабул қилиб олган «Арсенал»дан ўзиб кетиш ҳам мумкин эди.
Хавфли ҳудуддаги «Лутон» кутилмаганда фаворитдан очко олишни уддалади. Бу эса бир жиҳатдан идеал позицияда, дарвозадан бир неча метр масофадан туриб аниқ зарба бера олмаган Дарвин Нунеснинг айби билан бўлди. Ушбу уругвайлик ҳужумчи ўйин давомида тўққиз бор дарвоза томон зарба йўллади (шундан учтаси дарвоза соҳасига аниқ борди) ва бирорта гол ура олмади. Энди у қулай вазиятлардан фойдалана олмаслик бўйича АПЛда фақат Ҳоланд ва Уоткинсдан (11 тадан) ортда қолмоқда.
Кейин ундан ҳам ёмонроқ иш содир бўлди. Бурчак зарбасидан кейин жарима майдонида пеналти ишлашга ҳаракат қилган «Ливерпул» қарши ҳужумдан гол ўтказиб юборди. Чонгнинг голи «Лутон» учун байрам, қизиллар учун — даҳшатнинг ўзи эди. Меҳмонлар бахтига халоскор топилди, ўйинга қўшиб берилган саккиз дақиқанинг бешинчисида Эллиотнинг идеал узатмасидан кейин гол ҳаммадан кўра керак бўлган футболчи томонидан урилди. Диас боши билан дарвозани ишғол этди ва футболкасини кўтариб, ўғирлаб кетилган отасини озод этиш чақирилган ёзувларни намойиш этди.
Испания: «Райо» девори
«Реал» – «Райо Валекано» 0:0
«Реал» – Аррисабалага, Карвахал, Алаба, Рюдигер, Фран Гарсия (Кроос, 72), Модрич (Родриго, 70), Валверде, Камавинга (Начо, 85), Беллингҳем, Винисиус Жуниор, Ҳоселу.
«Райо Валекано» – Димитриевски, Рациу, Лежен, Мумин, Эспино, Паласон (Де Фрутос, 86), Гарсия (Бебе, 75), Унаи Лопес (Трехо, 60), Сисс (Кике Перес, 61), Оскар Валентин, де Томас (Фалкао, 75).
Огоҳлантиришлар: Рациу (45), Сисс (57), Камавинга (62), Винисиус Жуниор (74), Трехо (88), Димитриевски (90), Рюдигер (90), Лежен (90).
«Реал» тезкор гол эвазига натижани ҳал қилиши мумкин эди, аммо рақиб ҳимоячисидан тўпни олиб қўйиб, яккама-якка вазиятга чиқиб борган Валверде Димитриевскини алдай олмади. Бундай ўйинларда одатда фаворитнинг голи — вақт масаласи экани айтилади. Аммо ўйин давомида мезбонларнинг омадсизликлари давом этди ва 10-дақиқада эса мавсум старти ва класико қаҳрамони Беллингҳем ерга ноқулай қулаб, елкасини ушлаб қолди. Шифокорлар уни ўзига келтириш учун бир неча дақиқа давомида уринишди, уни алмаштиришга тайёргарлик кўринди, аммо англиялик яримҳимоячи ўйинни давом эттиришга тайёрлигини билдирди. У бир неча муҳим узатмалари билан шерикларига вазиятлар яратди ва ўзи ҳам икки бор зарба берди.
«Реал» биринчи бўлимда голга ҳақли ўйин намойиш этди, аммо дарвозани ишғол этолмади. Мезбонлар дарвоза томон 12 зарба йўллади, шундан еттитаси жарима майдони ичидан ва иккитаси дарвоза соҳасига аниқ борди. Рақиб эса Кепани умуман безовта қилмади. Ҳоселу аниқроқ ҳаракат қилганида дастлабки 45 дақиқаликда дубл қайд этиши ҳам мумкин эди. Ушбу форвард бунгача ўзи бошланғич таркибда тушган барча беш ўйинни голсиз тарк этмаганди.
Иккинчи бўлимни ҳам «Реал» жуда тетик бошлади ва «Райо Валекано» дарвозасини қамал қилди. Карло Анчелотти бежиз «Барселона» устидан қозонилган ғалабадан кейин Жуд ҳужумчи эмаслиги ва штатдаги форвардлардан ҳам гол кутишини айтмаганди. Ҳужумчилар ҳаракат қилишди. Виниус Жуниор бир неча эпизодда антиқаҳрамон сифатида намоён бўлди. Аввалига ушбу бразилиялик бир неча метр масофадан гол уролмади – шунчаки тўпга тега олмади, аммо дарвозабоннинг оёғига тепди. Димитриевски жароҳат олди ва шифокорлар ёрдамига эҳтиёж сезилди. Кейин эса Вини рақиб жарима майдонида йиқилиб, пеналти ишламоқчи бўлди, ҳакам унга ишонмади.
«Райо Валекано» ҳам ўйинни мувозанатлаштириб, «Реал»нинг тезлигини ўчирди, яхши қарши ҳужумлар уюштирилди. Танаффусдан кейинги 15 дақиқаликда мезбонларнинг жарима майдонида бутун биринчи бўлимдагидан кўпроқ тўпга тегинилди. Анчелотти эса жамоасини футболчиларни алмаштириш билан «даволаш»га қарор қилди – Модрич ва Фран захира ўриндиғига юборилди. Уларнинг ўрнига кучга тўлган ижодкор футболчилар Кроос ва Родриго тушди, Камавинга эса мудофаанинг чап қанотига ўтказилди. Тўқнашувлар ва ҳиссиётлар ошди, Винисиус эса, ўз одатига кўра, ҳакамга эътироз билдиришдан тўхтамади. Қолаверса, унинг голи бекор қилинди, унга тўп узатган Ҳоселу офсайдда қолгани маълум бўлди.
«Райо Валекано» «Реал»ни ўзига қулай бўлган футболга торта олди. Беллингҳем толиқди, қолаверса, елкасидаги жароҳат ўзини билинтирди ва у иккинчи бўлимда тўп билан камроқ муомила қилди. Унинг ўрнига катта саҳнага чиқиши керак бўлган Винисиус эса Димитриевски билан навбатдаги тўқнашув учун иккинчи сариқ карточкани олиши ҳам мумкин эди – аммо ҳакам нима учундир фақат македонияликни жазолашга қарор қилди. 88-дақиқада Жуд яна бир тезкор ҳужумни бошлаб берди, аммо Родриго вазиятдан фойдалана олмади.
Балки Анчелотти таваккалга қўл уриб, ниҳоят ўйин қайдномасига қайтган туркиялик вундеркинд Арда Гулерни майдонга ташлаши керак бўлгандир? Аммо буни муҳокама қилишдан энди маъно йўқ, мадридликлар ўйин охиригача гол ура олмади ва турнир жадвали етакчилигини қайтара олмади. «Реал»га ғалаба учун 22 зарба ҳам етарли бўлмади (шундан 14 таси жарима майдони ичидан берилган ва беш зарба дарвоза соҳасига тўғри борган). «Райо» эса қуруқ ўйинлар сони (6) бўйича «Реал» ва «Барса» билан тенглашиб олди. Ушбу жамоа август ойи охирида «Атлетико» билан ўйинда ўта йирик ҳисобда мағлуб бўлганига (0:7) ишониш қийин.
«Реал» «Райо Валекано»ни ўз майдонида сўнгги бор олис 2000 йилда мағлуб эта олмаганди. Бу меҳмонлар учун тарихий муваффақият бўлди.
Италия: Озмун қутқарди
«Рома» – «Лечче 2:1
Голлар: 0:1 – 71 Алмквист, 1:1 – 90+1 Озмун, 2:1 – 90+4 Лукаку.
Ноаниқ пеналти: Лукаку (дарвозабон), 5.
«Рома» – Руй Патрисиу, Карсдорп (Залевски, 78), Лиоренте, Манчини (Кристенсен, 78), Ндика, Кристанте, Ауар (Озмун, 73), Бове (Саншеш, 70), Дибала, Лукаку, Ал-Шаъровий (Белотти, 78).
«Лечче» – Фалконе, Жандре, Баскиротто, Понграчич, Доргу (Галло, 62), Рамадани, Рафя (Гонсалес, 62), Каба, Банда (Стрефецца, 74), Алмквист (Туба, 80), Крстович (Пикколи, 80).
Огоҳлантиришлар: Банда (17), Доргу (27), Саншеш (76), Рамадани (77), Туба (81), Стрефецца (87), Лиоренте (89), Лукаку (90+4).
«Рома» учун якшанба кунги ўйин даҳшатли тушга айланиши мумкин эди, стартда Лукаку пеналтидан гол ура олмади. Тезкор голдан қуруқ қолган римликлар учун «Лечче» мудофаасидан ўтиш вақт ўтган сайин қийинлаша борди. Қолаверса, меҳмонларнинг икки ҳужумчиси мезбонларнинг беш вакилига қарши қолган ҳужумда ҳисоб очилди, Банда жарима майдони марказидаги Алмквистни голли пас билан таъминлади.
Аммо ўйинга қўшиб берилган дақиқаларнинг биринчисида Залевскининг узатмасидан кейин Озмун тўпни тўсин остидан аниқ йўллаб, А сериядаги илк голини нишонлади. Бу гол вазиятни бутунлай ўзгартирди ва Дибала ҳамда Лукаку ғалабали гол урилган ҳужумни уюштирди. Белгиялик ҳужумчи ўз устунлигидан фойдаланиб корпус қўйди ва тўпни юқори бурчакка йўналтирди. «Рома» — сўнгги дақиқаларда гол уриш бўйича А сериянинг энг яхши жамоаси эканини исботлади.
«Фиорентина» – «Ювентус» 0:1
Гол: 0:1 – 10 Миретти.
«Фиорентина» – Терраччано, Паризи, Мартинес, Раниери (Мина, 89), Бираги, Барак (Бонавентура, 59), Мандрагора, Артур (Иконе, 78), Гонсалес, Куаме (Соттил, 78), Белтран (Нзола, 46).
«Ювентус» – Шченси, Ругани, Бремер, Гатти, Маккенни, Костич, Рабио, Локателли, Миретти (Камбиязо, 61), Киеза (Милик, 68), Кин (Влаҳович, 68).
Огоҳлантиришлар: Рабио (43), Кин (48), Гатти (58), Раниери (83).
Табиийки куннинг сўнгги ўйинида Киеза диққат марказида эди, у ўзининг жонажон жамоасига қарши майдонга чиқди. Аммо тезкор голни у эмас, балки Миретти қиёфасидаги кутилмаган қаҳрамон урди. Бу унинг А сериядаги илк голи бўлди, ҳаётнинг ўзи — аниқроғи Погба ва Фаджоли дисквалификацияга учрагани — 20 ёшли яримҳимоячини етакчилик юкини ўз зиммасига олишга ундамоқда.
Миретти, албатта, ҳали бу мақомга чиқишига анча бор, аммо унинг зарбаси «Фиорентина» учун нокаут қилувчи зарба бўлиб чиқди. Мезбонларнинг аҳён-аҳёнда қилган ҳужумлари самара бермади, Бирагининг хавфли зарбасини Шченсни қайтарди. Бошқа эпизодларда туринлик ҳимоячилар ўз ишини тўғри бажаришди. Якунда — Массимилиано Аллегрига хос 1:0 ҳисоби, у Туринга қайтганидан кейинги даврда 17 бор шундай натижа қайд этган! Қаторасига учинчи қуруқ ғалаба (қаторасига беш ўйинда дарвоза дахлсизлиги сақланган) «Милан»дан тўрт очкога ўзиб кетиш имконини берди. «Интер»гача эса икки очко бор, ушбу жамоа 26 ноябр куни Туринга ташриф буюради.
Кун статистикаси
- «Ноттингҳем» АПЛнинг бу мавсумидаги 10 та голидан 4 тасини дастлабки беш дақиқаликда урган.
- «Ҳайденҳайм» ва «Штутгарт» ўйинида футболчилар 5 марта дарвоза устуни ёки тўсинини нишонга олди. Бундеслигада бундай ҳолат сўнгги беш йил давомида кузатилмаганди.
- «Каляри»нинг сўнгги 7 голидан 6 таси захирадан тушган футболчилар томонидан урилган. А серияда бундан ҳам самаралироқ жокерлар фақат «Наполи»да (7 гол).
- «Валенсия» «Гранада»га қарши 26 ўйин ўтказган ва бирор марта мағлуб бўлмаган (+23=3). Бу ла лига тарихида фақат бир жамоанинг ғалабаси қайд этилган жуфтликлар бўйича энг яхши натижа.
Мавзуга оид
11:38 / 27.11.2024
«Сити» 3 та гол устунлигини бой берди, «Арсенал» истаганча гол урди. Кун ўйинлари
11:53 / 25.11.2024
«Реал» «Барса»га етиб олмоқда, Салоҳ «Ливерпул»ни қутқарди. Кун ўйинлари
11:50 / 24.11.2024
«Сити» яна 4 та гол ўтказди, «Барса» камбэк қурбони. Кун ўйинлари
13:34 / 11.11.2024