Донбассдаги украин артиллериячилари ва Лиман остонасидаги рус танклари. Уруш суратлари
Украинадаги урушнинг 620-куни ўтди. Асосий маълумотлар:
- Украиналик ҳарбийлар Керчдаги «Залив» заводига зарба йўлланиши оқибатида Россия ҳарбий кемаси шикастлангани ҳақида хабар берди. РФ мудофаа вазирлиги кемасозлик заводи қанотли ракеталар билан ўққа тутилганини тасдиқлаган. Сунъий йўлдош орқали олинган тасвирларда зарба келиб тушган жой ва шикастланган ҳарбий кема акс этган.
- Запорижжя областида Россия қўшини 128-алоҳида тоғ-штурм бригадасининг артиллериячиларни тақдирлаш маросими учун тўпланиб турган ҳарбийлари устига ракета ташлади. Сўнгги маълумотларга кўра, 19 ҳарбий ҳалок бўлган, яна ўнлаб ҳарбийлар яраланган.
- The Times of Israel Украина президенти Володимир Зеленский Исроилга боришни режалаштиргани, аммо маълумот сизиб чиққани туфайли сафар тақдири савол остида қолгани ҳақида хабар берди.
- Фронтда одессалик Юрий Глодан ҳалок бўлди. 2022 йил апрелида у рафиқаси ва қизи Россиянинг ракета зарбасидан ҳалок бўлганидан кейин Украина қуролли кучлари сафига қўшилганди.
- Володимир Зеленский яна бир бор Россия билан уруш олдинроқ Украина ҚК бош қўмондони Валерий Залужний айтганидек «боши берк кўчага кириб қолмагани»ни маълум қилди.
Херсон областида Россия вайрон қилган Посад-Покровске қишлоғи
Посад-Покровске — Херсон ва Миколайив областлари чегарасида жойлашган қишлоқ, 2001 йилги ҳисоб-китобларга кўра бу ерда икки ярим минг атрофида киши яшаган. Қишлоқ кенг кўламли босқиннинг илк кунларидаёқ россиялик ҳарбийлар томонидан оккупация қилинади, ўшанда уларнинг мобил гуруҳлари Миколайивнинг ўзига қадар етиб борганди. 2022 йил 20 мартида Россия қўшини ёппасига олиб кетилаётган ва Украина қуролли кучларининг қарши ҳужуми бошланган маҳалда Посад-Покровске ҳам озод этилади, аммо у оккупация вақтида жиддий шикастланган, аҳолининг кўп қисми Миколйив томонга кетганди. CNN журналистлари 2022 йил мартида қишлоқни «яшаш учун яроқсиз» деб атайди: ўшанда, нашр маълумотига кўра, Посад-Покровскеда фақат битта бутун бино қолганди, бу ерда газ қувури ҳам портлатилганди.
2023 йил мартида қишлоққа Володимир Зеленский келади (DW маълумотига кўра, ўшанда Украина президентини маҳаллий аҳоли вакиллари бўлган 400 га яқин киши қарши олади). 2023 йил апрелида Украина бош вазири Денис Шмигал Посад-Покровске тажрибавий лойиҳа доирасида тикланадиган олтита аҳоли яшаш манзили рўйхатига киритилганини эълон қилади — «комплекс ва янги принциплар бўйича». Тажрибанинг моҳияти шундаки, вайрон бўлган мазкур олти аҳоли пунктида ҳар бир шикастланган объект алоҳида таъмирланмайди — улар тўлиқ қайта қурилади, инфратузилмалар ва турар жойлар модернизация қилинади. Аммо ҳали олдинда қиладиган ишлар кўп.
Донецк областидаги украин артиллериячилари
Донецк областида РФ қуролли кучлари Донецк яқинидаги Авдийивка шаҳрини қуршаб олишга ёки ундан украинларнинг 15 минг кишилик гарнизонини сиқиб чиқаришга қаратилган ҳаракатларини давом эттирди.
Буюк Британия мудофаа вазирлигига кўра, юриш қилаётган кучлар очиқ ҳудуд бўйлаб ҳаракатланишга мажбур бўлмоқда ва бу катта йўқотишларни келтириб чиқармоқда. Британия разведкасига кўра, сўнгги уч ҳафтада Россия Авдийивка штурмида 200 та зирҳли техника йўқотган, шу туфайли юришда асосан пиёдалардан фойдаланишга ўтган. Буюк Британия мудофаа вазирлиги ҳисоботига кўра, 2023 йил октябр ойи бошидан буён РФ қуролли кучлари Авдийивка атрофида бир неча минг жангчисидан айрилган.
Қуйидаги суратлар Донецк областида олинган — украин артиллериячиларнинг аниқ жойлашуви кўрсатилмаган.
РФ қуролли кучларининг Лиман яқинидаги танклари
Лиман — оккупация остидаги Донецк шаҳридан тахминан юз километр шимолдаги стратегик муҳим шаҳар ҳисобланади, бу ерда йирик темирйўл тугуни жойлашган, шунингдек, Шимолий Дон орқали ўтадиган кўприкларга чиқиш мумкин.
2022 йил 28 май куни Россия Лиман эгалланганини эълон қилганди, 30 сентябр куни эса шаҳар сохта референдумлардан кейин ДХР таркибида аннексия қилинди. Аммо бир кун ўтиб Украина қуролли кучлари уни озод этади. Лиман Украина назоратига қайтарилгач, Россия қўшини шаҳарни ўққа тутиб келмоқда.
Мавзуга оид
22:59 / 26.11.2024
Украина – Жанубий Корея: кутилмаганда пайдо бўлган иттифоқ
19:07 / 26.11.2024
Украина армиясига ёлланган британиялик Россияда асирликка тушди
17:41 / 26.11.2024
«Путин доим ҳужумга тайёр, Трамп – табиатан девелопер». Меркелнинг мемуаридан парчалар
13:20 / 26.11.2024