Фронтдаги вазият умидсиз эмас – Зеленский
Зеленский, шунингдек, Ғарб давлатлари ўзига босим ўтказаётгани, Россия билан музокара бошлашга мажбур қилаётганини рад этди.
Украина президенти Володимир Зеленский Украина қуролли кучлари бош қўмондони Валерий Залужнийнинг Economist журналидаги фронтдаги вазият боши берк кўчага кириб қолгани ҳақидаги мақоласига муносабат билдирди. Зеленскийнинг сўзларига кўра, вазиятни турғунлик деб таърифлаш ноўрин.
«Бу умидсиз вазият эмас, — деган президент Киевда Еврокомиссия раҳбари Урсула фон дел Ляйен билан матбуот анжуманида. — Россия осмонни назорат қилмоқда. Биз ўз ҳарбийларимиз ҳаётини асраяпмиз. Биз Россия каби ўз одамларимизни «ем бўлиш» учун шунчаки олдинга ташламоқчи эмасмиз»
Зеленский вазиятни, жумладан Ғарб давлатлари Украинага беришга рози бўлган F-16 қирувчи самолётлари ёрдамида ўзгартириш мумкинлигини таъкидлаган.
«Буни қандай енгиш мумкин? F-16 самолётлари бўйича ечим бор. Энди йигитларимиз уни бошқаришни ўрганишини, кейин қайтиб келишини кутишимиз керак. Фронтда ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими мавжуд бўлганда, ҳарбийлар олдинга ўтади ва техникадан фойдаланади. Бу узоқ жараён, тезкор ечимлар ҳам бор, лекин улар қанайдир космик, технологик эмас», — деди Украина президенти.
Залужний эса Economist учун мақоласида F-16 самолётлари айни вақтда фронтда муваффақиятни таъминлай олмаслиги, украин ҳарбийларининг олдинга юришига миналанган майдонлар ҳамда техникалар етказиб берилиши секин кечаётгани тўсқинлик қилаётганини таъкидлаганди.
Залужний ёздаги қарши ҳужум давомида украин қўшини атиги 17 километрга юра олганини келтирганди.
Зеленский эса ўтган йили ҳам Украина умидсиз вазиятга тушиб қолгани ҳақида гаплар бўлганини эслатган. «Бир нечта ҳарбий ҳийла ва Харкив области озод қилинди, буни эсга олишингиз мумкин», — деган президент.
«Таслим бўлишга ҳаққимиз йўқ. Муқобили нима? — дея савол қўяди Зеленский. — Давлатимизнинг учдан бир қисмини беришимиз керакми? Ахир бу фақат бошланиши бўлади-ку. Биз «музлатилган» можаро нима эканини биламиз, аллақачон ўзимиз учун хулосалар чиқарганмиз».
У ғарблик ҳамкорлар билан «ҳаво ҳужумидан мудофаа бўйича кўпроқ ишлаш, осмонни тўсиш», шунингдек «жангчиларга ҳужум операцияларини амалга ошириш имкониятини бериш»га чақирган.
Аввалроқ Зеленский Time журналида шов-шувли мақола чиқарган журналист Саймон Шустерга берган интервюсида Украина ғалабасига «у каби ишонувчи бошқа ҳеч ким йўқлиги»ни айтганди. Худди ўша мақолада Украина ҳарбий стратегияси ўзгариши, шунингдек, камида битта вазир ҳамда юқори мартабали генерал ишдан бўшатилиши прогноз қилинганди.
3 ноябр куни Зеленский ўз фармони билан Украина Қуролли кучлари Махсус операциялар кучлари қўмондони Виктор Хоренкони ишдан олди ва унинг ўрнига Сергей Лупанчукни тайинлади. Кейинроқ маълум бўлишича, бу қарор мудофаа вазири Рустем Умеровнинг таклифи билан, аммо Валерий Залужнийнинг тегишли ҳужжатисиз қабул қилинган.
«Янги натижаларни кутамиз», — деган Зеленский Украина махсус операциялар кучларига янги қўмондон тайинлангани ҳақида.
1 ноябр куни The Economist журналида Украина Қуролли кучлари бош қўмондони Валерий Залужнийнинг интервюси эълон қилинди. Нашрнинг саволларига жавоб берар экан, у Россия билан уруш «боши берк кўчага кириб қолгани» ва Украинанинг ҳужуми позицион урушга айланиб қолиши, у кўп йиллар давом этиши мумкинлигини айтган эди.
Россия билан музокаралар? NBC News журналистлари нималар ёзган
Урсула фон дер Ляйен билан матбуот анжумани давомида Зеленский ғарб матбуотининг ғарблик ҳамкорлар Россия билан музокаралар бошлаш учун унга босим ўтказаётгани ҳақида тарқатган хабарлар юзасидан ҳам билвосита изоҳ берди.
4 ноябр куни куни Американинг NBC News телеканали америкалик икки юқори мартабали мулозимга (ҳозирги ва собиқ) таянган ҳолда, АҚШ ва ЕИ вакиллари Украина билан Россияга қарши ҳарбий ҳаракатларни тўхтатишга қаратилган тинчлик музокаралари ўтказиш имкониятини муҳокама қила бошлаганини хабар қилганди.
NBC News маълумотига кўра, шундай «нозик» муҳокамаларнинг бир қисми октябр ойида, 50 дан ортиқ давлат вакилларини ўз ичига олган Украина мудофааси бўйича алоқа гуруҳи (шундай биринчи учрашув ўтказилган Германиядаги ҳарбий база шарафига «Рамштайн» формати деб ном олган) йиғилиши доирасида бўлиб ўтган.
Америка телеканали суҳбатдошларига кўра, бу суҳбатларда Украина келишувга эришиш учун нималардан воз кечишига тўғри келиши мумкинлиги ҳам муҳокама қилинган.
Ўз навбатида, мулозимларнинг таъкидлашича, НАТО Россияни такрорий босқиндан қайтарадиган айрим хавфсизлик кафолатларини тақдим этишга тайёр, деб хабар берган NBC News.
Телеканал манбаларига кўра, бундай муҳокамалар АҚШ ва Европа давлатларининг уруш боши берк кўчага кириб қолгани ва Украинага ёрдам беришда давом эта олмасликларидан хавотирланаётгани фонида бошланган.
Мақолада айтилишича, АҚШ президенти Жо Байденнинг маъмуриятидагилар Украинанинг куч-қуввати тугаб бораётгани, бу вақтда эса Россиянинг кучи «туганмасдек кўринаётгани»дан хавотирда.
Исроил ва ҲАМАС уруши дунёнинг эътиборини Украинадан чалғитмоқда
АҚШ ҳукумати, шунингдек, ҲАМАСнинг Исроилга ҳужумидан кейин Украинадаги уруш эътибордан четда қолиши ва бу Киев учун қўшимча ёрдам маъқулланишини қийинлаштириши мумкинлигидан ҳам ташвишланмоқда, деб хабар берган NBC News манбалари.
Шу билан бирга, Байден маъмурияти Россия президенти Владимир Путин Украина билан музокараларга тайёр эканининг ҳеч қандай белгиларини кўрмаяпти, деб давом этади муаллифлар.
Манбаларга кўра, ғарблик мулозимлар Путин ғарб мамлакатлари Украинага ҳарбий ёрдам кўрсатишни бас қилишигача ёки бундай ёрдам улар учун жуда қимматга туша бошлагунча урушни давом эттириб, пайт пойламоқчи деган фикрда.
АҚШдагилар Украинани музокараларга ундаганини қатъиян рад этиб, бу каби муҳокамаларга умуман ўрин йўқлигини таъкидлаган.
Зеленский ҳам шанба куни бу мавзуда тўхталиб ўтди.
«Менинг муносабатимни ҳамма билади, бу Украина жамиятининг муносабати билан мос келади. Бугун ҳеч ким менга босим ўтказмаяпти. Буларнинг барчаси уруш бошида ва урушдан олдин содир бўлган. Бугун Европа Иттифоқи ёки АҚШ раҳбарларидан ҳеч ким босим ўтказмаяпти», — деди Украина раҳбари.
«Биз ҳозир Россия билан ўтириб, гаплашиб, унга нимадир беришимиз – бу бўлмайди», — дея қайд этган у.
Шу билан бирга, Зеленский Исроилнинг ҲАМАСга қарши уруши халқаро ҳамжамият эътиборини ўзгартираётгани ва Украинани бироз орқа планга сураётганини тан олган.
«Яқин Шарқдаги уруш, бу можаро фокусни ўзига қраатаётгани тушунарли. Мен РФнинг мақсадларидан бири шу эди деб ўйлайман. Энди биз Украинага эътибор камайишини тушунамиз. Ва бу факт. Ва биз буни натижаларда ҳам кўрамиз», — деган Украина президенти.
Аммо у бу вазиятни ўзгартириш мумкинлигига ишонч билдирган ва «Украинага умуман эътибор берилмаган пайтлар энг қийин вазият бўлгани»ни эслаган.
Мавзуга оид
21:05 / 10.11.2024
Фронтдаги вазият: Россия ҳарбийлари Курск областида қарши ҳужумга тайёрланмоқда
20:11 / 10.11.2024
Россия Курск областига ҳужум учун 50 минг кишилик қўшин тўплади — NYT
19:02 / 10.11.2024
The Guardian: Буюк Британия ҳукумат алмашганидан кейин Украинага ракеталар етказишни тўхтатди
13:30 / 10.11.2024