Ўзбекистон Туркий Давлатлар Ташкилотидан нималар кутмоқда?
3 ноябр куни қўшни Қозоғистонда Туркий Давлатлар Ташкилотининг 10-саммити бўлиб ўтди. Унда ташкилотга аъзо беш давлат – Ўзбекистон, Туркия, Қозоғистон, Озарбайжон ва Қирзиғистон ҳамда кузатувчи мақомидаги Туркманистон ва Венгрия давлатлари раҳбарлари иштирок этди.
Шу кунларда Туркия Республикаси 100 ёшга тўлди. Қозоғистон ҳам ўтган ҳафтада “Республика куни”ни байрам қилди. Минтақа ва дунёда жуда таранг геосиёсий вазият шаклланган. Шимолда Украина-Россия уруши давом этмоқда. Жанубда Исроил-Фаластин уруши авжида. Афғонистонда ҳам тинчлик ва барқарорлик тўлиқ мустаҳкамлангани йўқ, у ерда ижтимоий-иқтисодий зўриқиш, яширин ва ошкора муаммолар бўй кўрсатиб турибди. Глобал миқёсда АҚШ ва Хитой, АҚШ ва Россия Федерацияси ўрталаридаги стратегик тирашув кучайиб бормоқда.
Мана шу фонда, туркий давлатлар лидерлари Остонада учрашиб, ўзаро ҳамкорлик, Туркий Давлатлар Ташкилоти доирасидаги бирлик ва ҳамжиҳатлик, қолаверса, глобал вазият борасидаги қарашларни тартибга солиш учун учрашиб, фикр алмашишди.
Саммитда биринчи бўлиб Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев нутқ сўзлади. Мирзиёевга кўра, бугун Туркий Давлатлар Ташкилоти доирасида 160 миллион инсон истиқомат қилмоқда, аъзо давлатларнинг барчаси ўзаро стратегик шериклик мақомидаги муносабатларни ўрнатган.
Ўзбекистон президенти ўз нутқида Фаластин атрофида кечаётган оғир гуманитар вазиятга ҳам тўхталди. Президент таъбирига кўра, ҳалқаро майдонда ишонч инқирози ошиб бормоқда, баъзи давлатлар халқаро ҳуқуқдан чекинмоқда. Маълумки, БМТнинг кўплаб рецолюцияларига кўра, Фаластин давлати ташкил топиши керак ва шарт. Президент Мирзиёев мана шу ҳолатни эслатиб, Туркий Давлатлар Ташкилотига аъзо барча давлатлар айнан мана шу позицияда бўлиши, Фаластин давлати ташкил топишини талаб қилиши кераклигини билдириб ўтди.
Мирзиёев ўз чиқишида етти пунктдан иборат таклифларни билдирди, муаммоли ҳолатларга эътибор қаратди.
Биринчидан, туркий дунё хартиясини ишлаб чиқиш керак. Бу хартия орқали, туркий давлатлар ва халқлар ўртасидаги ҳамжиҳатлик ва бирликни таъминлаш керак. Аслида ҳам, агар қарашлар, қадриятлар ва стандартлар ўртасида ўхшашлик бўлмаса, интеграция ҳақида гапириш имконсиз бўлади. Мирзиёев туркий давлатлар ўртасидаги ички ва яширин зиддиятлар, рақобат ва ишончсизлик руҳиятини йўқотиш учун мана шундай хартия зарар эканлигини билдирди.
Иккинчидан, Туркий тараққиёт банкини ташкил қилиш кераклиги айтилди. Банкнинг бош офисини Тошкентда жойлаштириш учун Ўзбекистон жой беришга тайёр эканини билдирилди.
Учинчидан, туркий давлатлар ўртасидаги савдо ҳамкорлигини кучайтириш учун алоҳида чора-тадбирлар амалга ошириш кераклиги айтилди.
Тўртинчидан, глобал логистика занжирини шакллантириш, бунинг учун туркий давлатларнинг темирйўл кенгашини тузиш кераклиги айтилди. Бу кенгашнинг бош дирекцияси учун ҳам расмий Тошкент жой беришга тайёрлиги билдирилди.
Бешинчидан, президент экологик муаммоларга ечим топиш мақсадида, Туркий Давлатлар Ташкилотига аъзо давлатларининг вазирлар даражасидаги экологик форум ташкил қилиш заруратини айтди.
Олтинчидан, президент туркий дунё креатив ёшлар марказини Ўзбекистонда очиш нияти борлигини билдирди.
Ва ниҳоят, давлат раҳбари Афғонистондаги вазиятга эътибор пасайиб кетганини, лекин туркий давлатларнинг барчаси учун, тинч ва барқарор Афғонистон кераклигини айтди. Тинч ва ривожланаётган Афғонистонга эришиш учун, ташкилот давлатлари бу давлатни оёққа туриши учун алоҳида эътибор қаратиши керак дейилди.
Саммитдаги энг асосий хорижий мавзу – Фаластин-Исроил можароси бўлди. Туркия президенти Эрдўған Исроилнинг қилаётган ишларини инсониятга қарши жиноят деб атади. Қозоғистон президенти Тўқаев Фаластин халқига 1 млн доллар миқдорида ёрдам кўрсатилишини маълум қилди. Ўзбекистон эса бундан бир неча кун олдин 1,5 млн доллар ажратган эди.
Саммит чоғида Мирзиёевга бу ташкилотнинг энг олий мукофоти – Туркий дунё олий ордени топширилди.
Таъкидлаш керакки, Туркий Давлатлар Ташкилоти ва унга аъзо давлатлар ўртасидаги ҳамкорлик кейинги 4-5 йилда ҳақиқатда жонланди, барқарор мулоқот ва ҳамкорлик майдонига, ягона қарашга эга платформага айланди. Бунинг сабаби кўп жиҳатдан ташкилотга Ўзбекистоннинг кириб келгани ва ўзини ушбу ташкилотнинг асосий ташаббускори сифатида намоён қилгани билан боғлиқ.
Камолиддин Раббимов,
сиёсатшунос
Мавзуга оид
14:38 / 07.11.2024
«Туркий давлатлар ташкилоти ЕОИИга рақобатчи бўлади» – қирғиз сиёсатшуноси
17:21 / 06.11.2024
Туркий давлатлар ташкилоти саммитида 8 та ҳужжат имзоланди
17:16 / 01.11.2024
Қирғизистонда Туркий давлатлар ташкилотининг XI саммити бўлиб ўтади
20:43 / 17.10.2024