Жаҳон | 08:43 / 06.11.2023
9845
4 дақиқада ўқилади

Зеленский Россиянинг ҳаводаги устунлигини тугатишга чақирди

Россия билан ҳавода рақобатлашиш учун Украинага янада самаралироқ ҳаво мудофааси керак, деди Володимир Зеленский NBC телеканалида. У уруш боши берк кўчага кириб қолган, деган фикрни ҳам рад этди.

Фото: NBC News

Украина президенти Володимир Зеленский Россиянинг ҳаводаги ҳарбий устунлигини тўхтатишга чақирди. «Россия осмонни бошқаряпти», деди у 5 ноябр, якшанба куни Американинг NBC телекомпанияси эфирида. Унинг сўзларига кўра, Украинага янада самаралироқ ҳаво ҳужумидан мудофаа зарур. «Бизга Россия билан осмонда рақобат қилиш учун имконият беринг», деди у.

Зеленский бир қатор давлатлар топширишга ваъда берган ғарбнинг F-16 қирувчи самолётлари вазиятни ўзгартира олишига ишончи комил. «Қандай қилиб уни енгиш мумкин? F-16, биз йигитлар ўргангунча кутишимиз керак, улар қайтиб келади. Фронтда ҳаво ҳужумидан мудофаа мавжуд бўлганда, ҳарбийлар олдинга ўтади ва жиҳозлардан фойдаланади», деб ҳисоблайди у. Ғарбда ишлаб чиқарилган ҳарбий самолётлардан ташқари, Украина Қуролли кучларига душман дронларидан ҳимояланиш учун учувчисиз учоқлар ва қуроллар керак, дея қўшимча қилди у.

Украина раҳбарининг сўзларига кўра, ҳаводаги кучлар мувозанатлашганидан кейин Украина қуруқликдаги қўшинлари янада самаралироқ ҳужум қилиши мумкин. «Биз шунчаки рус қўшинлари каби ҳужум қила олмаймиз... Бизга ўз аскарларимиз керак», деди у кўп йўқотишларга қарамай, Россиянинг аскарларни жангга ташлаш тактикасини тилга олиб.

Зеленский Залужнийга эътироз билдирди: уруш боши берк кўчага кириб қолмади

Шу билан бирга, Зеленский Украина Қуролли кучлари бош қўмондони Валерий Залужнийнинг Россия билан ҳарбий қарама-қаршилик боши берк кўчага тушиб қолгани ва яқинлашиб келаётган узоқ уруш ҳақидаги сўзларини яна бир бор рад этди. «Улар бизни калтаклаймиз, деб ўйлаган эди, аммо буни уддалай олмади. Менимча, бу боши берк кўча эмас», - дейди у. Украина президентининг сўзларига кўра, Украина Қуролли кучлари ҳужумни тезлаштириш ва душманга кутилмаган ҳужумлар уюштириш бўйича турли режаларга эга ва амалиётлар ўтказмоқда.

Бундан ташқари, Украина президенти Россия билан ҳозирча музокаралар олиб боришнинг иложи йўқлиги ҳақидаги ўз позициясини яна бир бор тасдиқлади. «Ҳеч қандай мулоқот бўлмайди. Уларнинг сўзларига ишонч йўқ», деди у. Шунингдек, сиёсатчи Россияга қарши курашни давом эттиришга ваъда берди. 

Залужний узоқ муддатли позицион урушга ўтиш тўғрисида

Бир неча кун олдин Украина Қуролли кучлари бош қўмондони Британиянинг The Economist газетаси учун мақоласида Россия Қуролли кучлари билан қарама-қаршилик ҳаракат ва тезликни ўз ичига олган манёврли урушдан фарқли ўлароқ, статик ва узоқ давом этган жанглар билан позицион урушнинг янги босқичига ўтиши ҳақида ёзган эди. «Бу Россия учун фойдали бўлади ва унга ўз ҳарбий қудратини тиклашга имкон беради, натижада Украина қуролли кучлари ва давлатнинг ўзига таҳдид солади», - дея таъкидлайди у.

Генералнинг сўзларига кўра, вазиятдан чиқиш учун Украина бешта асосий вазифани ҳал қилиши керак: ҳаво устунлигига эришиш, электрон уруш имкониятларини мустаҳкамлаш, душман артиллериясига зарбалар сонини ошириш, миналардан тозалашнинг янги технологияларини жорий этиш ва сафарбар қилиш учун чақирилиши мумкин бўлган Украина фуқаролари тоифаларини кенгайтириш.

Мавзуга оид