Жаҳон | 18:29 / 07.11.2023
21579
15 дақиқада ўқилади

Фронтдаги вазият: Залужнийнинг пессимизмига қарамай Россия учун Днипродаги ҳолат оғирлашмоқда

Россия қўшинларида бир ой ичида Авдийивкани эгаллаш имконияти пайдо бўлган. Украина қуролли кучлари эса Днипро дарёси шарқий соҳилида ўз ҳолатини яхшилаб олди, экспертлар яна Қримга йўлакни кесиб қўйиш ҳақида гапира бошлашди.

Украина қуролли кучлари ҳарбий хизматчиси. Фото: УҚК бош штаби

Украина ҚК бош қўмондони Валерий Залужнийнинг пессимистик интервюси украинларни сергаклантирди; Бригада раҳбарлари аҳмоқлиги туфайли ўнлаб аскарлар «Искандер» нишонига айланди; Ҳафта ичида украинлар Россиянинг энг янги ракета катерини вайрон қилишга муваффақ бўлишди; Украина қуролли кучларига немисларнинг Taurus ракеталари ҳозирча берилмайди, бироқ украинлар ўз дронларини ишлаб чиқариш ҳажмини кўпайтирмоқда.

Германиянинг Бремен университети қошидаги Шарқий Европани ўрганиш маркази илмий ходими Николай Митрохин Украина фронтида сўнгги ҳафта ичида содир бўлган воқеаларни таҳлил қилди.

Россия Авдийивка атрофида, Украина эса Днипро бўйлаб силжимоқда

Фронтда кичик бўлса ҳам ўзгаришлар бор. Динамика турли томонларга қаратилган: Россия қўшинлари Авдийивка остонасида ўз ҳолатини анча яхшилаб олган, Купянск ва Велика Новосилка ҳудудида бироз олдинга силжишган бўлса, украинлар секин-аста Олишкидан шимолроқда, Днипронинг сўл қирғоғи бўйлаб, шунингдек, Бахмутнинг жанубидаги Клишчийивкада олға ҳаракатланишни бошлашган. Бу ҳолатда илгарилаш юзлаб метрларда ўлчанмоқда.

Донецк фронтида Авдийивка шаҳрида Украинанинг ишлари пачава. Россия қўшинлари шимолдан бироз илгарилаган. Бироқ, асосийси, 1–2 ноябр кунлари улар жанубда ярим километр олға босишган ва кенг фронт бўйлаб муҳим Северне қишлоғигача яқинлашишган. Бу қишлоқ орқали Авдийивкадан шаҳарнинг ғарбий қисмидаги «Химик» микрорайонига йўл ўтади.

Агар россияликлар қурилган иншоотлар қисмига кира олса, шаҳарни максимум бир ой ичида эгаллашади, ҳаттоки Украина ҚК асосий таъминот йўлини сақлаб қолган тақдирда ҳам. Авдийивка шимолдан жанубга томон чўзилган шаҳарча, бироқ унинг марказий қисми 2-3 километр чиқади, РФ ҚКнинг «Химик»га кириши, яъни мудофаадагиларнинг ортидан ҳужум қилиши шаҳарнинг жанубий ярми мудофаасини бефойда ишга айлантиради. Авдийивка шаҳар ҳарбий маъмурияти раҳбари Виталий Барабаш 6 ноябр куниёқ шаҳар шимолидаги йирик мудофаа ҳудудининг эҳтимолли йўқотилишини муҳокама қилишга тайёр эди ва буни шундай ифодалаган: «Авдийивка кокс кимё комбинатининг эгалланиши оккупантларга ҳеч нарса бермайди».

Аммо Днипро фронтида вазият Украина ҚК учун омадли тус олмоқда. РФ ҚКнинг босими ва оғир ўт очиш тизимларидан мунтазам ўқ ёғдирилишига қарамасдан, улар соҳилолди кесмасида эгалланган плацдармларни ўзида сақлаб турибди. Боз устига, Россия манбалари Украина ҚК аскарлари йирик Козачи Лагери қишлоғига кириб келгани ва Россия қўшинлари у ерни жангсиз тарк этганини ёзишмоқда. Тўғри, ҳозирча бу ахборот на украин, на рус телеграм-каналлари томонидан тасдиқланган.

Умуман олганда, Украина ҚК учун бу йўналишда вазият шу қадар яхшики, украин экспертлари тез орада Днипро дарёсидан Пологи томон силжиб, Қримга темирйўл йўлагини қирқиб қўйиш ҳақида гапира бошлашди. ОАВ эса аввал тақиқланган мавзу бўлган десантлар ҳақида оз-оздан бўлса ҳам ёрита бошлади.

Айниқса Кринкида 3 ноябрда содир бўлган воқеа ажратиб кўрсатилмоқда. Қишлоқнинг бир қисмида ҳаракат қилган россияликлар гуруҳи қишлоқ четидаги дарахтзорларга қайтишга қарор қилган. Бунинг учун улар автомобил йўлини кесиб ўтишлари керак бўлган. Бироқ бу чегарадан ўтаётган бўлинмани ёнлама ўт очиш билан кутиб олишган. Шундан сўнг вазиятни кузатиб турган украинлар у ерга бомбалаш учун зарядлар осилган дронларни ҳам жўнатишган. Натижада 11 нафар рус аскари йўқ қилинган, икки киши ярадор бўлган. Ижтимоий тармоқларда «бу қандай содир бўлгани» ва бўлинма йўқ қилинишида ким айбдорлиги бўйича мунозара икки сутка давом этди.

Россия зирҳли техникаси. Фото: РФ Мудофаа вазирлиги

Россия пабликлари Орихивдан жануброқда Новопрокопивка орқали РФ ҚКнинг позицияларини ёриб ўтишга уриниб кўриш учун УҚК гуруҳи жамланаётгани ҳақида хабарлар эълон қилишди. Бундай операциядан кўзланган мақсад – бу ҳудудда қизғинликни сақлаб туриш ва Днипронинг сўл соҳилида украин десантларига қарши ҳаракат қилаётган куч ва воситаларни жалб қилиш.

Умуман, фронтдаги вазият урушнинг истиқболи ва кечиши борасида кўплаб саволларни юзага чиқармоқда. Бу саволларга Украина ҚК бош қўмондони Виталий Залужний The Economist журналига берган интервюсида жавоб қайтаришга ҳаракат қилган. ⁠Интервю 3 ноябр куни эълон қилинди ва сенсацияга айланди, чунки қўмондон фронтда технологиялар ривожи туфайли «стратегик боши берк кўча» пайдо бўлганини тан олган. Бу технологиялар ҳар икки томонга душманнинг яқин ортида нималар содир бўлаётганини бемалол кузатиш ва ҳужум учун кучларни жамлашга имкон қолдирмасликда ёрдам беради.

Залужний ўз интервюсида вазиятни ўнглаш учун УҚК олдидаги беш вазифа, чунончи, ғарб жанговар авиациясидан тортиб, сафарбарликни кенгайтиришгача санаб ўтган, бироқ бу важлар экспертларни, айниқса мамлакат ичидагиларни унчалик ишонтира олмаган. NBC News телеканали АҚШ ва ЕИ расмий шахслари октябрда Украина билан овоза қилинмаган сулҳ музокараларини бошлашганини таъкидлаган.

Ҳаводаги жанг: РФ ҚК украин аскарларини тақдирлаш маросими вақтида «Искандер» билан зарба берди

Шу ҳафта ичида ҳар икки томон ракеталар ва зарбдор дронлардан фойдаланишни кучайтиргани кузатилди. Айниқса Россия томони бу борада ғайрат қилди ва октябр ойи мобайнида тўпланган захираларни ишга солди. Масалан, 30 октябр куни Украинадаги объектларга қарши 18 та Shahed дронларидан фойдаланилди.

1–2 ноябр кунлари Россия томони Shahed дронлари гуруҳи билан Полтава областидаги объектларга зарба берди. Кременчуг нефтни қайта ишлаш заводи нишонга айланди.

3 ноябр куни Запорижжя фронтида 128-алоҳида тоғ-ўқчи бригадаси қўмондонлиги артиллериячилар куни муносабати билан 100 кишини сафга тизган. Бу воқеа фронт чизиғидан 10 км ичкарида жойлашган ошхона олдида рўй берган.

Россия пилотсиз парвоз қурилмаси бино олдидаги издиҳомни, жумладан бир неча микроавтобус келиб тўхтаганини пайқаган. Шундан сўнг бу ерга «Искандер» ракетаси учиб келган. Натижада камида 19 нафар украин жангчиси ҳалок бўлган, 50 дан ортиғи яраланган. Бу ҳолатда бригада командири тизилган саф олдига келишда кечиккан ва аскарлар уни кўчада тизилганча ярим соат кутиб қолишган.

Украина медиаси очиқчасига бу воқеани қўмондонликнинг «думбуллиги» деб атаган ва бир ярим йиллик уруш чоғида энг жанг қилишга қодир ва тажрибали украин бригадаларидан бирида содир бўлганидан таажжубда.

Бригада шакллантирилган Закарпаттяда мотам кунлари эълон қилинди. Бу уруш давомида 2022 йилнинг 22 сентябрида бригада Херсоннинг ўнг соҳилини озод қилишда катта йўқотишларга учраганидан буён иккинчи мотам.

Украина мудофаа вазири Рустем Умеров бу борада шундай деган: «Содир бўлган воқеа тафсилотлари ўрганилади. Мудофаа вазирлиги бош инспекциясига бу фожиа факти бўйича текшириш ўтказиш тайинланди. Биз одамларимизни асраш учун учун бор саъй-ҳаракатларимизни ишга солиш ва ҳалок бўлган жангчиларнинг қариндошлари ва яқинларига рўй-рост жавоб беришимиз керак».

5 ноябр куни кечқурун бу борада Володимир Зеленский ҳам чиқиш қилди ва «бундай буйруқ берганлар» тергов қилинишини таъкидлади.

УҚК Россиянинг энг янги катери ва бошқа нишонларни йўқ қилди

Украина ҚК аввалгидек Қрим ва Қора денгиз соҳилига фаол ҳужум қилмоқда. 2–3 ноябр кунлари яриморолга ҳужум чоғида жами 21 та «Мигун» пилотсиз парвоз қурилмалари иштирок этган. Уларнинг барчаси Россия ҲҲМ тизимлари томонидан уриб туширилган ёки бўйсундирилгани таъкидланмоқда. Шундан сўнг Украинанинг «Нептун» ва Европанинг Storm Shadow ракеталари билан Россиянинг аксилракета қисмлари жойлашган деб тахмин қилинган Бердянск ва Херсон области жанубидаги Стрелкове қишлоғига зарба берилди. Россия ҳисоботига кўра, Бердянск устидаги ракеталар уриб туширилган, Стрелковега ё икки, ё уч марта ракета учиб келган. Вайронгарчилик тафсилотлари йўқ.

Россия томони таъкидига кўра, бунга жавобан Белбек аэропортидан кўтарилган Қора денгиз флотининг қирувчи самолёти Storm Shadow ракеталарини учирган Украина ҳарбий самолётларини уриб туширган. Бу Россия медиасининг сўнгги икки ҳафта ичида Украина авиациясига муваффақиятли зарба бергани тўғрисидаги биринчи баёноти эмас, бироқ бу ахборотнинг бирор тасдиғи йўқ.

Шунингдек, 4 ноябр куни УҚК Керчдаги «Залив» кемасозлик заводига зарба берди. У ерга қантарилган «Калибр» ракеталари ташувчиси бўлмиш яп-янги «Асколд» кичик ракета катерида сўнгги безак ишлари олиб борилаётганди.

«Асколд» катерининг тахминий талафотлари

Россия маълумотларига кўра, ҳужумда 15 та ракета билан зарба берилган ва уларнинг 13 таси уриб туширилган. Кема чўкиб кетмаган бўлса ҳам, унга нечоғлик зарар етказилгани номаълумлигича қолмоқда. Воқеа жойидан олинган видео анча ракеталар уриб туширилгани фактини, жиддий зарбалар ва ундан сўнг заводда содир бўлган ёнғинни ҳам тасдиқлаб турибди.

Бу ҳодиса камида икки жиҳати билан эътиборни тортади. Биринчидан, РФ Қора денгиз флоти кемаларига нафақат одатий бандаргоҳлар, балки яриморолнинг шарқида ҳам тинчлик бўлмайди. Демак, кемаларининг катта қисми Новороссийскка кўчирилган флотнинг бир қисми кемалари Феодосияга ўтказилиши катта хато бўлган.

Иккинчидан, Керчда (яъни, Украина ҳудудида) РФ Қора денгиз флоти кемаларини қуриш ва созлаш, «Асколд» катеридан ташқари иккита кичик десант кемалари ясалаётган «Залив» заводида ишлаётган 3200 киши Украина қонунчилигига кўра «коллаборантлар» ҳисобланади ва яриморол озод қилинса 5 йилдан 15 йилгача озодликдан маҳрум қилиниши мумкин. Яриморолдаги мудофаа саноати ва ҳарбий базаларда ишлаётган барча фуқаролар сингари.

Оккупация остидаги ҳудудлардаги Россия объектларининг УҚК томонидан фаол ўққа тутилиши ўтган ҳафта ичида қарийб ҳар куни рўй берди. Жумладан, Севастополдаги ҳарбий қисм, Азов денгизи соҳилидаги Седове посёлкасида жойлашган омборлар аниқ нишонга олинган. Шунингдек, Украина ракеталари яна бир марта Ростов областидаги шаҳарлар устида Россия ҲҲМ томонидан уриб туширилган. Ростов-Дон шаҳридаги кучли портлаш ҳақида хабар қилинган.

30 октябр куни УҚК Донецкдаги Мушкетове станциясида ёнилғи ортилган вагонларни нишонга олган, Россия қисмларини пайпаслаб топиш учун Донецк областидаги маъмурий, маданий-маърифий муассасаларга (жумладан, Волновахага) зарба берган. Россия томони бу ҳолатда фуқаролик объектларига зарба берилганини таъкидлаган.

Россия томони ўз навбатида, Украина шаҳарларидаги фуқаролик объектларини фаол нишонга олган. Масалан, 6 ноябр тунида Одессага йўлланган «Оникс» ва «Искандер-М» ракеталари шаҳар марказига келиб тушган, 5 киши жароҳатланган. Видеоларда шаҳар марказидаги, Одессадаги бадиий музей олдигинасидаги улкан чуқурни кўриш мумкин. Бундан ташқари, РФ ҚК портолди инфратузилмасига дронлар тўлқинини жўнатган. Украина РҚМ/ҲҲМ тизимлари уларнинг 15 тасини уриб туширган, бироқ етиб келган зарбалардан омборхоналар, юкни тушириб олувчи махсус техника ва ғалла ортилган машиналар зарарланган.

УҚК немис ракеталарини олмайди

Украина ҚК учун энг нохуш, бироқ кутилган янгилик Германия ҳукуматининг узоқ масофадаги нишонларни ура олувчи Taurus қанотли ракеталарини Украинага бермаслик тўғрисидаги якуний қарори бўлди. Украинлар бу ракеталарни Россия фойдаланаётган аэродромлар, Россиянинг ёндош ҳудудлари, оккупация қилинган Донбасс, Қрим кўприги ва бутун яриморолдаги ҲҲМ/РҚМ тизимларини уришда ишлатмоқчи эди.

Германия мудофаа вазири Борис Писториус (немис ҳукуматидаги энг «украинпараст» сиёсатчи) бу ракеталарни етказиш кечиктириб бўлмайдиган масала эмаслигини айтган, чунки бу ракеталар РФнинг Украинага қарши урушида «ўйин қоидаларини ўзгартира олмайди». У шунингдек, Германия «ўз манфаатларидан воз кечмаслиги керак»лигини қайд этган. Айни пайтда РФ ҚКнинг ҲҲМ/РҚМ тизимлари ғарбнинг Украинага етказилаётган янги турдаги қурол-яроғларига тезда мослашмоқда, улар бир-икки ой ичида ўз самарадорлигини йўқотмоқда.

Июл ойида етказиб берилган ўша Storm Shadow ракеталари гарчи улар кетма кет учирилганига қарамасдан, 85 фоизи уриб туширилмоқда. Аввалроқ етказиб берилган HIMARS’ларнинг ракеталари, агар улар қўлланган ҳудудда Россия РҚМ тизими бор бўлса, 100 фоизга уриб туширилмоқда. Токи улар яхшигина уриб туширилаётган экан, уларнинг бўлаклари Россия мутахассислари қўлига тушади ва ғарблик ишлаб чиқарувчилар ўз махфий технологияларидан мосуво бўлишади, чунки улар нафақат РФ, балки Хитой ва Эронга ҳам етказилиши мумкин.

Бу вақтнинг ўзида «Укроборонпром» хорижлик ҳамкорлар билан бирга Shahed дронларининг муқобили серияли ишлаб чиқарила бошланганини эълон қилди. Бу ҳақда «Экономическая правда» газетасига берган интервюсида концерн бош директори Герман Сметанин айтиб ўтган. «Биз ҳозир юқори характеристикага эга анча мураккаб ва қимматбаҳо ишлаб чиқаришга бор диққат-эътиборимизни қаратмоқдамиз», — деган у 1000 км масофага уча оладиган моделлар ҳақида гапираркан. Унинг сўзларига кўра, «улар парвоз қилмоқда, портламоқда, мудофаа кучлари эса буюртма қилишда давом этмоқда», бироқ Россия манбалари ҳозирча бу дронлардан оммавий фойдаланилаётгани ҳақида ахборот тарқатмаган.

Бироқ, Россия манбалари УҚКда «ўлчами катта қўлбола дронлар» («Баба Яга» ёки «Корова») пайдо бўлганини қайд этишган. Улар фронт орқасидаги ҳудудларга учиб кириб, минимал масофагача пасайиб, дала йўлларига танкларга қарши миналар жойлаштириб кетмоқда. Хусусан, ўтган ҳафтада шундай дронлардан бири Қримдаги Жанкой аҳоли пунктида темирйўлни миналаштириб кетган. Бироқ миналар топилган ва диверсия ниҳояланмай қолган.

Мавзуга оид