Жаҳон | 20:12 / 07.11.2023
29725
4 дақиқада ўқилади

Гранатали совға. Залужнийнинг ёрдамчиси ўз уйида ҳалок бўлди

Залужнийнинг ёрдамчиси туғилган кунига совға қилинган граната портлаб кетиши оқибатида ҳалок бўлди. Украина ИИВ бахтсиз ҳодиса рўй берганини маълум қилган, аммо иш қасддан одам ўлдириш моддаси бўйича тергов қилинмоқда.

Фото: Українська правда

Украина қуролли кучлари бош қўмондони Валерий Залужнийнинг ёрдамчиси майор Геннадий Частяков Киев областининг Чайки қишлоғидаги ўз уйида граната портлаши оқибатида ҳалок бўлди. Украина ИИВ маълумотига кўра, ҳодиса 6 ноябр куни кечқурун, 39 ёшли ҳарбийнинг туғилган кунида «ўқ-дори билан эҳтиётсиз муомилада бўлиш оқибатида» рўй берган. Частяковнинг 13 ёшли ўғли оғир аҳволда шифохонага ётқизилган, 11 ёшли қизи ҳам енгил тан жароҳати олган.

Украина ҚК бош қўмондони Частяковнинг ўлими юзасидан ўз ҳамдардлигини билдирган.

«Украина қуролли кучлари ва шахсан мен учун таърифлаб бўлмайдиган оғриқ ва оғир жудолик. Бугун фожиали тарзда ўз туғилган кунида ёрдамчим ва яқин дўстим, майор Геннадий Частяков оиласи даврасида ҳалок бўлди. Совғалардан бирида номаълум портловчи қурилма ишга тушди. Геннадийнинг рафиқаси ва тўрт фарзанди қолди. Оиласига чуқур ҳамдардлик билдираман...!» — деб ёзган у ижтимоий тармоқдаги саҳифасида.

Залужнийнинг таъкидлашича, кенг кўламли босқиннинг бошиданоқ Частяков «ўз ҳаётини Украина қуролли кучларига ва Россия агрессиясига қарши курашга бағишлаган ишончли елкадоши» эди.

«Сабаб ва ҳолатлар суд тергови давомида аниқланади. Абадий хотира!» — деб қўшимча қилди у.

Частяковнинг рафиқаси эри уйга совғалар солинган пакет олиб келгани, унинг ичида спиртли ичимлик ва граната кўринишидаги рюмкалар бўлганини айтган. Унинг сўзларига кўра, портлаш пакетни очиш вақтида содир бўлган, дея хабар берган «Украинская правда» нашри ҳуқуқ-тартибот органларидаги манбасига таяниб.

Украина ички ишлар вазири Игор Клименко ҳодиса тафсилотларини келтирган. «Ҳалок бўлган майор Частяковнинг туғилган куни ўтказилаётган бўлган. Уйга у ҳамкасбларидан олган совғалари билан қайтган ва оила аъзоларига кўрсата бошлаган. Ичида гранаталар бўлган совға қутисини олган ва ўқ-дорилардан бирини ўғлига кўрсатган. Бу ғарб намунасидаги гранаталар бўлган. Аввалига ўғли ўқ-дорини қўлига олган ва ҳалқани айлантира бошлаган. Кейин ҳарбий гранатани боладан олган ва ҳалқани суғуриб ташлаган, шунда фожиали портлаш рўй берган», — дея ёзган Украина ИИВ раҳбари телеграмда. 

Клименконинг сўзларига кўра, уйдан яна бешта шундай портламаган граната топилган. Полиция Частяковга бу совғани берган ҳамкасбини топган. Унинг хонасида тинтув ўтказилган ва шу каби иккита граната мусодара қилинган.

Украина ИИВ вакили Маряна Рева Частяковга гранаталарни совға қилган ҳарбий уни бу жанговар гранаталар эканидан огоҳлантирган бўлгани ҳақида қўшимча қилган. «Бу совғани берган одам тан олди. У гранаталар жанговар эканидан огоҳлантирган. Катта эҳтимол билан, ҳалок бўлган шахс бу маълумотга ишонмаган», — деган у «Озодлик радиоси»га берган изоҳида ва совға берганнинг шахсини очиқламаган ҳолда. Рева хонимнинг қайд этишича, барча тўпланган далиллар ва кўрсатмалар уйда бахтсиз ҳодиса содир бўлганини кўрсатади.

Украина Марказий округи мудофаа соҳасига ихтисослаштирилган прокуратураси портлаш факти бўйича  қасддан одам ўлдириш (Украина ЖК 115-модда, 1-қисм, етти йилдан 15 йилгача озодликдан маҳрум этиш жазоси кўзда тутилган) ва ўқ-доридан ноқонуний фойдаланиш  (Украина ЖК 263-модда, 1-қисм, уч йилдан етти йилгача озодликдан маҳрум этиш жазоси кўзда тутилган) моддалари бўйича жиноий иш қўзғатган. Идора пресс-релизида мазкур жиноий иш бўйича гумонланувчи ёки ҳибсга олинганлар бор ёки йўқлиги ҳақида маълумот келтирилмаган. Прокуратура «гувоҳларни сўроқ қилишни давом эттирмоқда» ва «экспертизалар тўпламини тайёрламоқда».

Мавзуга оид