«Украинани Путин Россиясига айлантиришларини истамайман» – Арестович Украина президенти бўлмоқчи
Уруш даврида Украинанинг асосий спикери бўлган собиқ ҳарбий 2023 йил январида президент маъмуриятидан кетишга мажбур бўлганди. Ҳозирда у хорижда. У сайловчиларига Россия билан тинчлик таклиф қилмоқда.
Уруш даврида Украинанинг энг машҳур одамларидан бирига айланган Олексий Арестович 2024 йилги президентлик сайловларида ўз номзодини қўймоқчи. У 2023 йил январ ойида Украина президенти Володимир Зеленский маъмуриятини тарк этганди. Унинг истеъфоси Днипрода Россия ракетаси Украина томонидан уриб туширилгани сабаб турар жой биносига қулагани ҳақида расмий позицияга зид баёнот бергани ортидан содир бўлганди.
Уруш бошида Зеленскийни алқаган Арестович охирги вақтларда уни ва атрофидагиларни кескин танқид қилмоқда. Хусусан, унинг позицияси Украинада россияпарастларга хос деб қаралмоқда. Уруш бошида Украина ғалаба қозонишига ишонишини айтган сиёсатчи энди Россия билан тинчлик музокарасига бориш кераклиги ҳақида гапирмоқда. «Медуза» махсус мухбири Елизавета Антонова Олексий Арестович билан гаплашиб, унинг режалари ҳақида гаплашди.
– Сиз президентлик сайловларида иштирок этмоқчи эканингизни айтдингиз. Сайлов Россия босқинига қадар режалаштирилгани каби 2024 йил март ойида ўтказилишига қанчалик ишонасиз?
– Бу кўп нарсага боғлиқ. Аниғи шуки, 31 март куни Володимир Зеленскийнинг президентлик муддати тугайди ва сайлов ўтказилиши керак. Сайлов қачон бўлса ҳам ўтказилиши аниқ. Менимча, кўпчилик ўйлагани каби кечроқ эмас, вақтлироқ ўтса керак.
– Нега?
– Вазият шуни талаб қилади. Украина жамияти октябрда ваколат муддати тугаган парламент сайловини кўчиришни қабул қилиши мумкин, лекин президентлик муддатининг чўзилиб кетиши рамзий маънога эга ҳолат. Президентлик муддати чўзилиб кетиши украин жамиятида ҳукуматга ёпишиб олиш деб қабул қилинади. Энди бунинг устига, юмшоқ қилиб айтганда, фронтда муваффақият йўқлиги ва олдинда бизни кутаётган оғир қишни қўшайлик. Менимча, 31 мартдан кейинги ҳукуматнинг ҳар қандай хатоси бўрттирилган ҳолатда кўринаверади.
Бундан ташқари, 2024 йил ўзига хос йил ҳисобланади. Мартда Россияда, ноябрда АҚШда президентлик сайловлари ўтказилади. Европарламентда ҳам сайлов бўлишини унутмаслик керак, бу Европа Иттифоқидаги энг муҳим органлардан бири. Шу тариқа, бизнинг барча дўст ва душманларимиз 2024 йилда легитимлашиб олади. Агар бизда сайлов ўтказилмаса, Украина легитимлашмай қолади.
Оқибатда Украинада легитимлик инқирози бошланиб, мамлакатга кўрсатилаётган ёрдамга таъсир қилади. Бу эса биз хоҳлаётган нарса эмас. Одамлар урушдан чарчагани, Украинанинг ғалабага умид берадиган аниқ муваффақиятлари йўқлиги ва легитимлик инқирози сайлов ҳар қанақасига ўтказилиши кераклигига олиб келади.
– Демак, сиз президентлик сайловлари қачон ўтказилишидан қатъи назар унда қатнашмоқчисиз?
– Албатта. Ҳатто икки йилдан кейин ўтса ҳам.
– Бу қарорингизни президент маъмурияти билан муҳокама қилдингизми?
– Йўқ, мен улар билан можарога бордим, чунки уларга нисбатан мухолиф позицияда бўлиб қолдим. Тўғриси, уларнинг ҳаракатлари менинг сиёсий қарашларим доирасидан ташқарига чиқиб кетяпти.
– Яъни?
– Биринчидан, менинг фалсафий-психологик мактабларим маъмурларини ноқонуний тинглашгани ҳолатлари кузатилди. Тафсилотларни айтмайман, лекин шундай бўлди. Телефонлар ўз-ўзидан машиналарда «жонланиб кетди», уйларда камералар ишламай қолди.
Иккинчидан, уйимиз олдида полиция қоровуллик қила бошлади. Бизнинг мамлакатда президент офиси раҳбарининг собиқ маслаҳатчисига ҳеч ким қўл кўтармайди. Бундай иш фақат мамлакат раҳбарияти вакиллари рухсати билан қилиниши мумкин, холос. Мендаги маълумотларга кўра, уйим олдида қоровуллик қилаётганлар аслида Украина хавфсизлик хизмати ходимлари бўлган. Улар қаерда эканим, нима қилаётганим билан жуда қизиқиб қолишди.
– Бу қачон бўлди?
– Интервюларимдан бирида Володимир Зеленскийнинг АҚШга ташрифи ҳақида илтифотсизлик билан гапирганимдан кейин.
– Қайси нашрга?
– Журналист Василий Голованов билан гаплашгандим. У билан ҳар ҳафта эфирга кетадиган дастуримиз бор, унда мен саволларга жавоб қайтараман. Шундан кейин Олий Рада депутатлари устимдан арзномалар киритишди. Хусусан, ҳукмрон «Слуга народа» партияси вакиллари мени ушлаб қамаш кераклиги ҳақида юқори минбарлардан гапиришмоқда. Мана, бугун ҳам Саймон Шустернинг мақоласига муносабат билдирганимдан кейин ҳам шундай чақириқлар янгради.
Ва ниҳоят, президент Зеленскийга тўғридан тўғри бўйсунадиган Хавфсизлик кенгаши котиби Олексий Данилов мен рус жосуси эканим, Россия манфаатлари учун ишлаётганим, мен билан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар шуғулланаётгани ҳақида гапирди.
Бунча ишлардан кейин президент маъмурияти билан муносабатларни сақлаб қолиш осон эмаслигини тушуниб турибсиз. Бундай истагим ҳам йўқ. Президент ҳақида ҳам, унинг маъмурияти ҳақида ҳам ўз фикримни айтиб бўлдим. Мен мухолиф фикрларим учун менга қарши сиёсий босим ўтказишяпти деб ҳисоблайман.
Улар менга қарши тайинли исботи бор айблов ҳам кўрсата олишмаяпти. Нормал, демократик давлатларда бировни жосусликда айблаган одам бунга жавоб бериши ҳам керак. Украинада эса бировни ҳеч қандай исботсиз исталган нарсада айблашаётганини кўриб турибсиз. Мен мамлакатда мана шундай ишлар бўлмаслиги учун ҳам президентликка номзодимни қўймоқчиман.
– 2022 йил апрел ойида ҳам биз билан гаплашган эдингиз. Лекин ўшанда президент маъмуриятида ишлаётган, мухолиф томонда эмасдингиз. Украина сиёсатини кузатмайдиганлар учун тушунтириб берсангиз: айнан қайси паллада сиз мухолифга айландингиз?
– Қаранг, 2023 йил 17 январ куни Днипрога берилган зарба ҳақидаги баёнотимдан кейин президент маъмуриятидан кетдим. Шундан кейин ҳам мен Украинанинг ҳарбий-сиёсий раҳбариятини қўллашда давом этдим. Шундай бўлса-да, менга нисбатан компроматларнинг 70 фоизи айнан президент маъмурияти томонидан буюртма қилинган. Бундай нарсалар 2022 йил март ойидаёқ – ҳали уруш бошланганига бир ой ҳам бўлмаган бир вақтда чоп этила бошлаганди. Ўшандаёқ ким нима буюртма қилаётганини жуда яхши билгандим.
– Айнан қайси вазиятда ҳаммаси ўзгара бошлади?
– Менимча, уруш бошида менинг рейтингим жуда юқори бўлган, ҳатто президентдан кейин иккинчи деб ўйлайман. Шунинг учун ўшандаёқ [мен ва Зеленский] рақобатлаша бошлагандик. Бу инсонлар билан улар қулай вақтда орқамдан иш қилишларини билган ҳолда бир ярим йил бирга ишладим. Украина манфаатлари йўлида ишладим.
Улар оммавий коррупцияга йўл очиш орқали Украинага қандай зарар беришаётгани, давлатни авторитар йўл билан бошқаришаётганини билардим. Улар ислоҳот ўрнига стагнация ва монополлаштириш билан шуғулланишди. Умуман олганда, демократияга зид бўлган ишларни қилишди. Аммо чидашга мажбур эдим, чунки уларнинг фаолиятига Украинага зарардан кўра кўпроқ фойда келтирмоқда деб ўйлардим. Ўшанда баланс бор эди. Аммо шу йил ёзда билдимки [Зеленский жамоасининг] фойдасидан кўпроқ зарари тегяпти. Бунга [Зеленскийнинг] АҚШга ташрифидан кейин мутлақ амин бўлдим.
Кейин ёрилдим. Аввалига эҳтиёткор танқидлардан бошладим. Кейин улар Украина миллий манфаатларига зид ҳаракат қилаётганини кўргач, кенгроқ танқид қилдим. Қарши ҳужум тоқатимни тоқ қилди, чунки у муваффақиятсиз чиқаётганини билардим. Чунки президент қўшинларни Бахмут йўналишига юборди ва бу менинг фикримча аҳмоқлик эди. Қарши ҳужумдаги муваффақиятсизлик учун энг катта айбдорлардан бири шахсан Зеленский. Шу тариқа мен ҳарбий одам сифатида асабийлаша бошладим, тушуняпсизми?
Бир нарсани таъкидламоқчиман, улар шахсан мени хафа қилишганда индамадим, уларни танқид ҳам қилмадим. Ахир Украинанинг тақдири олдида менинг тақдирим ҳеч нарса эмас. Менинг одамларимга тега бошлашганида ҳам индамадим. Аммо Украина билан нима қилишаётганини англагач жим тура олмадим.
– Сиз ҳозир Украинадамисиз?
– Йўқ, албатта. Қатор халқаро форумларда спикер сифатида иштирок этишим керак. Яъни, хорижда бўлиб туриш учун асосларим бор. Аммо Хавфсизлик кенгаши котиби, ҳукмрон партия депутатлари сен рус жосуси эканинг, сени қамаш кераклиги ҳақида гапира бошлагач қайтиш қанчалик тўғри экани ҳақида ўйлай бошлайсан. Буни сиёсий босим деб аташ мумкин. Бошқача айтганда, «бу ўйинни четдан туриб ўйнаймиз».
– Яъни, сиз чет элда туриб президентлик кампанияси олиб бормоқчимисиз?
– Агар улар ўзларини ҳозиргидек тутишда давом этишса, бу вариантни ҳам истисно қилиб бўлмайди. Чунки ҳукумат тўлиқ уларнинг қўлида, ҳарбий ҳолат, исботсиз айбловларни ёғдиришда давом этишмоқда. Ихтиёрий тарзда уларнинг қурбонига айланиш менинг режаларимга кирмаган.
– Қайси давлатдасиз?
– Мен доим саёҳат қиламан. Ҳозир боришим керак бўлган хорижий тадбирларим чиндан кўп.
– Сайлов арафасида партия тузасизми?
– Албатта.
– Номини ўйладингизми?
– «Арестович партияси». Украинага фақат исмларга қўйилган партиялар ишлайди. Бренд бор ва унинг асосида ишлаймиз.
– Сўров ўтказдингизми? Сайловчиларнинг овозлари тахминан қандай тақсимланади?
– Мен ўтказганим йўқ, лекин уни ўтказадиганлар аниқ президентликка номзодлардан бири деб қаралаётганимни айтишди. Мен номзодимни қўйишимдан аввал ҳам шундай бўлган. Яна бир нарсани унутмаслик керак: сиёсатчиларнинг уруш давридаги рейтинги бошқа, урушдан кейинги рейтинги бошқа. Шундай экан, ҳали кимнинг рейтинги қандай эканини кўриш керак.
Менинг дастурим одамлар томонидан илиқ кутиб олинди. Баъзилар жуда яхши, баъзилар шунчаки позитив кутиб олган. Менинг принципиал рақибларим бўлган одамлар ҳам: Арестовичми, албатта у тўғри одам, дастури ҳам чакки эмас, дейишмоқда. Келинг, нима бўлишини кутамиз.
– Дастурингизга қайтамиз. Ҳозир сизнинг қўлловингиз ҳақида гаплашсак. Агар 2024 йилда сайлов бўлса, неча фоиз овоз оламан деб ўйлайсиз?
– Бу ҳақда аниқ гапириш қийин, тўғриси. Менинг ҳозирги қарашим шунақа: сайловда қатнашаман ва политтехнологлардан фойдаланмайман. Улар менга кўп марта ёрдам таклиф қилишди ва мен рад этдим. Мен уларга керак ёки керак эмаслигимни украинлар ҳал қилади.
– Сиз политтехнологлардан фойдаланмайман, деяпсиз. Лекин кўпчилик Юрий Романенко сизнинг технологингиз эканига ишонмоқда.
– Бундай эмас. Юрий Романенко шунчаки менинг яхши дўстим ва ҳаммаслагим. Президентлик сайловида у билан бирга қатнашамиз ва ҳеч қандай политтехнологлардан фойдаланмаймиз. Чунки халқим билан гаплашаётганда технологиядан фойдаланиш тўғри деб ҳисобламайман.
– Аммо ўша сизнинг яқин дўстинги политтехнолог, гап шунда...
– Ҳа, у машҳур технолог. Аммо ундан профессионал маҳоратини олиб қўя олмайман. Унинг ўз қарашлари бор. Биз тортишувларда ғоялар яратамиз.
– Яъни, у сизга маслаҳат берадими?
– Албатта. Мен нафақат яқин дўстларим, балки фейсбукдаги одамларнинг фикрини эшитишга ҳам тайёрман.
– «Сайловда у билан бирга қатнашамиз» деганда нимани назарда тутдингиз? Романенко сизнинг жамоангизда қандай ролда иштирок этади?
– У партия рўйхатида иккинчи ўринда, бўлажак маъмурият раҳбари.
– Машҳур украиналиклар орасидаги тарафдорларингиз ҳақида гапира оласизми?
– Йўқ, бундай қила олмайман, чунки бу иш билан одамларни ҳозирдан таъқиб остида қолдирмоқчи эмасман, мени кузатишаётганининг ўзи етарли. Сайловолди кампанияси бошланиб улар керакли кафолатлар олишгач, жамоамни таништираман. Унда кўпчилик борлигини кўриб ҳайратда қоладиган одамлар ҳам бўлади.
– «Слуга народа» партияси ёки президент атрофидаги кимлардир жамоангизда бўладими?
– Йўқ.
– Рейтинг масаласида қайтсак. Президентликка номзодингизни қўяр экансиз, пойгада ютиш имкони бор деб ўйлайсизми?
– Ҳа, ютиш имконим бор.
– Сизнинг аёллар ҳақида айтган бир гапингизни эсласак: «Мана, айтинг, бу мавжудотлар билан нима қилишни истайсиз? Бўғишни! Қўйиб юбормай бўғишни. Албатта, аввал бирга бўлиб, кейин – жонга теккач, ўлиб қолгунича бўғишни». Бу гапларингиздан кейин аёллар сизга овоз беради деб ўйлайсизми?
– Бу фейк-ку, сиёсий буюртма. Бу очиқ семинаримда айтилган гапимдан юлиб олинган, истаган одам уни топиб кўриши мумкин. Бу гапнинг охирида «Баъзи кучсиз эркаклар шундай ўйлайди» деб айтганман. Шундай экан, биз бунақа эмасмиз, ҳар қандай ҳолатда ҳам бундай қилиш ярамайди.
– Сайлов дастурингизда рус тили ҳақида нимадир бўладими?
– Менинг позициям аниқ: украин тилига – қўллов, бошқа тилларга – эркинлик. Рус тилини таъқиб этишни бас қилиш керак. Мамлакат ҳудудида ҳар қандай тилни таъқиб қилишни чеклаш керак.
– Гап барча тилларнинг тенг пропорцияси ҳақида кетяптими?
– Тенг эмас. Украин тилини ривожлантиришга эътибор қаратилади, аммо бошқа тиллар эркин бўлиши керак, ҳеч кимни, масалан, рус тилида китоб чоп этадиган таҳририятни таъқиб қилмаслик лозим. Шунчаки рус тилидаги китоблар ким унга эҳтиёжи бўлса, ўшанга берилади. Озарбойжон тили, беларус тили ва арман тилларидаги нашрлар ҳам шундай. Украина маданияти охирги юз йилликларда жуда жиддий зарар кўрди. Уни онгли тарзда таъқиб қилишди, бу хатони тузатиш тарихий бурчимиз.
– Маданият соҳасидачи – спектакллар, филмлар?
– Мен ҳаммасига рухсат бераман. Рус тилидаги маданият намуналарини таъқиб қилиш – инсон ҳуқуқларига, Конституцияга зид. Албатта, баъзи антиукраинча китоблар бор. УХХ махсус анализдан кейин улар билан шуғулланиши керак, лекин эркин адабиётга қаршилигим йўқ.
– Дастурингизда «Киссенжер варианти»га тайёр эканингизни айтгансиз. Яъни, Қрим ва Донбасс Россия таркибида қолишига тайёрмисиз?
– Бу вақтинча. Путин тахтдан кетишини кутамиз ва янги раҳбарият билан босиб олинган ҳудудлар масаласини муҳокама қиламиз. Янги раҳбарият Путиндан ақллироқ бўлишига ишончим комил.
– Нега Путиндан кейинги раҳбарият босиб олинган ҳудудларни қайтаради деб ўйлаяпсиз?
– Урушни фақат Путин, Шойгу ва улар атрофидаги тор доирадаги одамлар хоҳлаётганига ишончим комил. Қолганлар орасида Россия Ғарб тамаддунининг бир қисми эканига ишонадиган, руслар нормал ҳаётга қайтиши, уларнинг мулки тортиб олинмаслиги, санкцияга учрамаслиги керак деб ҳисоблайдиган ақли расолар кўп.
– Аммо сўровлар аксар украинлар мамлакат 1991 йилги чегараларига қайтиши керак деб ҳисоблаётганини кўрсатмоқда.
– Шундай. Аммо мен уларга тушунтираман, ҳаёт тушунтиради. Армиямиз Токмакни ололмади, тез орада Авдийивкани ҳам бой беради. Ҳозир 1991 йилги чегара ҳақида гапириб ҳам бўлмайди. Украина энергия тизимларига зарбалар билан ўтадиган қийин қишдан кейин урушни ғалабагача олиб бориш истагида бўлганлар сони янада камайса керак.
Аммо асосий омил бошқа. Биз 1991 йилги чегарага қайтсак ҳам, уруш бу билан тугашига ким кафолат беради? Уруш бундан кейин ҳам давом этиши мумкин. Ҳозир муҳими урушни тўхтатиш керак, чегараларни кейин муҳокама қилиш мумкин.
Бунинг устига мен алтернатив вариант сифатида босиб олинган ерларни Россияга топширишни эмас, НАТОга кириб, блокдан сиёсий ва ҳарбий кафолат олишни таклиф қиляпман. Кейин эса Россияда тузум ўзгаришини кутиш мумкин. Тарихда бунақаси бўлган ва яна шундай қила олишимиз мумкин.
– Ўзинингиз айтингиз, сизни Кремл агенти деб аташмоқда. Бу айбловларга қандай жавоб берасиз?
– Бу қийин иш эмас. Мен Украина халқини ҳимоя қилишга онт ичган украин зобитиман. Қасамимга доим содиқ бўлдим. Барча айбловлар эса исботи билан бўлиши керак.
Мен рус тили ва рус маданиятини ҳимоя қилаётганим инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ. Агар биз рус тилини таъқиб қилсак, украин тилини таъқиб қиладиган Путиндан нима фарқимиз қолади? Мен Украинани Путин Россиясига айлантиришларини истамайман. Биз эркинлик учун курашяпмизми – эркинликка зид ишлар қилмаслигимиз керак.
– Дастурингизда Россияга боғлиқ нимадир бўладими?
– Россия бизнинг қўшнимиз, у ҳеч қаерга ғойиб бўлмайди. Путинлар келади-келади, Россия эса қолади. Сиз ва биз икки нарсани: Россия кучли, эркин, демократик давлат бўлиши ва Ғарбнинг бир қисми бўлишини хоҳлаймиз, Хитойнинг тагига кириб кетиб, Хитойнинг ядро қуролли йўлдоши бўлишини эмас. Вақти келиб Россия билан Ғарбнинг умумий позицияси бўйича иттифоқчи бўлишимиз мумкин. Шундай экан, русларни камситишнинг барса унсурлари бизнинг стратегик хатомиз бўлади.
Биз Россия билан мулоқот қилишимиз керак. Путинни эса иттифоқчиларимиз ёрдамида ҳарбий йўл билан тийиб туришимиз лозим. У Украинани эгаллашга қаратилган ҳар қандай ҳаракатига кучли ҳарбий жавоб берилишини англаши керак.