Жаҳон | 21:42 / 07.11.2023
21461
8 дақиқада ўқилади

Яқин Шарқдаги урушнинг 1 ойлиги: хулосалар ва кутилмалар

7 октябр куни Фаластиннинг эксклави Ғазо секторидаги ҲАМАС кучлари Исроилга ҳужум қилиши ортидан бошланган Исроилнинг жавоб зарбалари бир ойдирки давом этяпти.

Бу орада АҚШ давлат котиби Яқин Шарққа икки марта, президент Байден эса бир марта келиб кетди. Араб давлатларидан тортиб, то Жанубий Америка давлатларигача Ғазодаги қирғинга муносабат билдирди. Баъзи мамлакатлар Исроилдан элчисини чақириб ҳам олди. Исроил эса халқаро чақириқларга эътибор бермай, Ғазо ичкарисига тўхтовсиз ҳужумлар қилмоқда.

Kun.uz “Геосиёсат” рукнида урушнинг бир ойлиги муносабати билан сиёсатшунослар Камолиддин Раббимов ва Шавкат Икромов билан суҳбатлашди.

— Уруш бошланганидан буён Блинкен иккинчи марта Яқин Шарққа келди, бунинг сабаби нима?

Шавкат Икромов: — 3 та асосий сабабни санаб ўтиш мумкин. Биринчидан, АҚШнинг ўзидаги сиёсий доираларда урушга нисбатан норозилик кайфияти ортиб боряпти. Демократларда ҳам, республикачиларда ҳам, урушни тўхтатиш талаблари ортяпти. Ўзи Байден президентлик даврида Яқин Шарққа эътиборни пасайтирган эди. 7 октябр воқеаларидан кейин фавқулодда Яқин Шарққа кириб келиши бошланди. Бу эса АҚШ сиёсий доираларининг катта босим билан ишлашига сабаб бўлди ва оқибатда норозилик юзага келди.

Иккинчидан, Нетаняҳу бошчилигидаги ўнг кучлар олиб бораётган сиёсатни қўллагани учун АҚШни иккиюзламачи ва демократик тамойилларга амал қилмаётган давлат сифатида кўрсатяпти. Шунинг учун чоралар кўриш керак эди.

Учинчидан, уруш якунидан кейин Ғазодаги вазият қандай бўлишини муҳокама қилиш мақсади ҳам бор. Блинкен Яқин Шарқдаги бир қанча мамлакатларга борди. АҚШ урушнинг Ғазодан ташқарига чиқмаслигини истайди, ҳозирча шундай бўлиб турибди.

Камолиддин Раббимов: — Бутун дунёни Америка ҳарбий стратеглари алоҳида округларга бўлади. Марказий ҳарбий қўмондонлик Шимолий Америка эмас, Евроосиё қитъасининг Яқин Шарқ минтақаси ҳисобланади. Яқин Шарқ, қисман Африка давлатлари Марказий ҳарбий қўмондонлик деб аталади АҚШ стратегиясида. Бу қўмондонлик марказида Исроил туради. Исроил ташкил топганидан бугунгача АҚШнинг сиёсий, геосиёсий, ҳарбий стратегиясида алоҳида рол ўйнайди. Президент Реган даврида НАТОдан ташқари АҚШнинг ҳарбий иттифоқчилари деган тамойил киритилган, АҚШга 19 та давлат ана шундай иттифоқчи, уларнинг биринчиси – Исроил. АҚШ ўзига Исроилни ҳимоя қилиш мажбуриятини олган.

АҚШда Исроилга муносабат президентлар, ҳукуматга қараб бироз ўзгариб туради, лекин туб ўзгариш бўлмайди, чунки яҳудий лоббиси бунга йўл қўймайди. Масалан, Обама даврида АҚШ биринчи марта Исроилни ҳимоя қилиш учун БМТда вето ишлатмаган. Ўша пайт Обама АҚШ ичидаги қудратли кучлар ҳақида гапириб, ўзига нисбатан салбий муносабат борлигини ҳам айтиб ўтган. Обама давридан олдин АҚШ ташқи сиёсатида устувор йўналишларини қайта кўриб чиқиш масаласи ўртага чиқди. Олдин Яқин Шарқ АҚШ геостратегиясининг марказида эди, Обама давридан бошлаб, 3 та президент геостратегиянинг асосини Хитойни ўрашга қаратди.

7 октябрда бошланган можаро АҚШ учун жиддий чақириқ. 20 йил Афғонистонда уришган, Украина масаласи ҳал бўлмасдан, Исроилни ўз ҳолига ташлаб қўйса, дунёда АҚШ чарчади, иттифоқчиларини ҳимоя қилолмайди деган фикр пайдо бўлади. Обама ва Байден даврида Исроил билан муносабатлар таранг бўлди.

Блинкеннинг ташрифларидан мақсадлар бир қанча. Биринчи навбатда уруш кенгайиб кетмаслиги. ҲАМАС ҳужум қилмасидан олдин «Ҳизбуллоҳ» билан келишилган деган қарашлар бор эди, Эронга ҳам босимлар бўлди. Агар шундай бўлмаганда Исроилга 3 томонлама ҳужум бўлиши эҳтимоли йўқ эмасди: жанубдан, шимолдан ва шарқдан.

Бундан ташқари, Блинкен қолган араб давлатлари ҳукумати кайфиятини ҳам назорат қилиши керак бўлади. Маълумотларга кўра, ёпиқ каналлар орқали Байден Нетаняҳуга салбий сигналлар беряпти, яъни бу жиноятни тўхтатмасанг, биз сенга ёрдам беролмаймиз, оқибати оғир бўлади, деган шаклда. Резолюцияларда АҚШ ва Исроил яккаланиб қоляпти. АҚШ каби «юмшоқ куч»ни санъат даражасига кўтарган давлат учун бу шармандалик.

Нега Исроил БМТ ва халқаро келишувларга амал қилмаяпти?

Шавкат Икромов: — Бу вазиятда БМТ тарихда бўлмаган жипслашув, якдиллик билан баёнотлар беряпти. Лекин Исроилнинг ҳам даъволари бор. Исроил миллий хавфсизлигимизга таҳдид бўлган ҲАМАСни йўқ қилмоқчимиз, босқинчилик уруши эмас деяпти. Исроилни қўлловчи АҚШ ва унинг ортидаги коллектив Ғарбга таяняпти. Умуман, Исроилнинг позицияси аниқ. Нетаняҳу энг охирги асир қутқарилмагунча уруш давом этади деяпти ва урушга қарши бўлганларни ҲАМАСни қўлловчилар деб қабул қиляпти. Исроил ҳеч ким билан ҳисоблашмоқчи эмас.

Камолиддин Раббимов: — БМТ тарихида энг кўп резолюцияларни бузган давлат Исроил ҳисобланади. Чунки БМТда иккита бош органдан бири Хавфсизлик Кенгаши (5 та доимий, 10 та алмашиб турувчи аъзо), улардан биттаси вето қўйса ҳам, инкор этилади. Иккинчи орган – Бош Ассамблея. Исроил доим БМТ резолюцияларини инкор қилиб келади. Ва доим Гитлер Германияси томонидан бўлган қирғинларни рўкач қилиб, ўзини жабрдийда қилиб кўрсатишга ҳаракат қилади. Бугун Гитлер ишини Исроилнинг ўзи Фаластинга нисбатан қўллаяпти.

— Араб давлатлари нега фақат баёнотлар билан чекланяпти, бунинг сабаби Иброҳим келишувларими?

Шавкат Икромов: — Араб давлатлари учун оғир вазият ҳозир. Чунки ички ва ташқи масалалар мураккаб. Улар бераётган ҳар қандай баёнотида ўз манфаатларидан четга чиқмаслик бор. Саудиянинг ҳам, Мисрнинг ҳам, бошқаларнинг ҳам ўзига яраша сабаблари бор.

Араб давлатлари аҳолисида жуда катта норозилик бор. Улар Фаластинга ёрдам беришни талаб қиляпти. Аҳоли биз ҳукуматнинг кўп камчиликларига кўз юмиб келяпмиз, лекин энди Фаластинга ёрдамга бориш керак, шуни талаб қиламиз, демоқда. Халқаро экспертларнинг айтишича, бу норозиликлар давом этса, «Араб баҳори – 2» бошланиб кетиши мумкин.

Ташқи омиллар. Масалан, Миср ҳар йили АҚШдан катта молиявий кўмак олади. Иброҳим келишуви ҳам бор. Саудия Исроилни 2024 ёки 2025 йилга бориб тан олиши мумкин. Чунки Саудия ўзининг ядро дастурида АҚШ қўлловига муҳтож. Саудия Эрон билан кучлар мувозанатини истайди, гарчи Хитой воситачилигида ярашган бўлса-да.

Иордания. Бу давлат уруш масаласида анча кескин баёнотлар беряпти. Чунки мамлакат ичида мухолиф гуруҳлар талаб қиляпти шуни. Иккинчи сабаб эса уруш Фаластин ғарбий соҳилига ўтса, Иорданияга минглаб қочқинлар кириб келади.

Миср ҳам қуруқ баёнотлар беряпти. Халқ ичида Фаластинга ёрдам бериш масаласи кўтариляпти. Умуман, араб давлатлари уруш тўхташини истайди. Блинкен билан учрашувларда ҳам ҳаракатлар тўхтатилиши талабини билдиряпти. Лекин Исроил қабул қилмаяпти бу талабни. Умуман, араб давлатлари вазиятга амалий аралашадиган ҳолатда эмас, ўз манфаатлари, ички муаммолари бор.

Камолиддин Раббимов: — Исроил расмийларига кўра, уруш 6-8 ойдан 1 йилгача давом этиши мумкин. Харажатлар тахминан 60 млрд доллардан ошиши кутиляпти. Блинкен эса Иорданияда Исроил урушни тўхтатишга рози эмаслигини айтди.

Араб давлатлари бир пайтлар Исроил билан уруш олиб борган ва араб лидерлари тафаккури эволюцияга учраган. Бирлашган Араб Республикаси (Миср ва Сурия), Иордания ва бошқа араб давлатлари ёрдамида Исроилга ҳужумлар бўлган. Доим Исроил ғалаба қозонган. Чунки АҚШ қўллови бўлган. Бугунги араб давлатлари тўғридан тўғри АҚШ билан тўқнашишни истамайди. Араб давлатлари энди босқичма-босқич кўп қутбли сиёсатни амалга оширяпти АҚШ таъсиридан чиқиш учун.

НормуҳаммадАли Абдураҳмонов суҳбатлашди.

Мавзуга оид