Жаҳон | 10:09 / 08.11.2023
10278
4 дақиқада ўқилади

АҚШ Ғазода Исроил қўшинлари жойлаштирилишини қўллаб-қувватламайди

Ғазо сектори Фаластин ҳудуди бўлиб қолади ва у ердаги қарорларни фаластинликлар қабул қилиши керак, дея маълум қилди АҚШ Давлат департаменти. Аммо ҲАМАС бошқаруви остидаги ҳолатга қайтиш мумкин эмас. 

Фото: Israel Defense Forces/Xinhua/picture alliance

Вашингтон фикрича, Исроил қўшинларининг Ғазо секторида узоқ муддатли асосда жойлаштирилиши ва ҲАМАСга қарши уруш тугаганидан кейин унинг амалда «қайта босиб олиниши» номақбул ҳолатдир. 7 ноябр, сешанба куни АҚШ Давлат департаменти матбуот хизмати раҳбари ўринбосари Ведант Пател: «Биз Ғазо секторининг қайта босиб олинишини қўллаб-қувватламаймиз, худди Исроилни бўлгани каби», - деди.

Унинг сўзларига кўра, Қўшма Штатлар барча қарорларни қабул қилиш ҳуқуқи фаластинликларда қолиши керак деган нуқтайи назарга амал қилади, чунки «Ғазо сектори - Фаластин ери ва шундай бўлиб қолади». Шу билан бирга, ҲАМАСнинг Исроилга ҳужумидан сўнг Ғазо секторида «статус-квога қайтиш мумкин эмас». «Исроил ва бутун минтақа хавфсиз бўлиши керак, Ғазо сектори эса Исроил халқи ва бошқаларга қарши ҳужумлар учун база бўлиб қолмаслиги лозим», - деди Пател. 

Нетаняҳу: Исроил Ғазодаги хавфсизлик учун масъулиятни ўз зиммасига олиши керак 

Бир кун олдин, Исроил бош вазири Бенямин Нетаняҳу Американинг NBC News телеканали саволига жавоб берар экан, Ғазо секторидаги ҳарбий ҳаракатлар тугаганидан кейин Исроил «ноаниқ муддатга хавфсизлик учун умумий жавобгарликни ўз зиммасига олиши мумкин, чунки биз бу масъулиятни ўз зиммамизга олмасак нималар бўлишини кўрдик», деди.

АҚШ Ғазонинг келажаги бўйича эҳтимолий вариантларни ўрганмоқда 

Қўшма Штатлар бошқа давлатлар қатори Ғазо сектори келажаги бўйича эҳтимолий вариантларни ўрганмоқда, деди АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен. У 31 октябр куни АҚШ Сенатининг молия бўйича қўмитасида бўлиб ўтган эшитувларда Фаластиннинг ҲАМАС гуруҳи аҳоли зич жойлашган қирғоқ ҳудудини назорат қиладиган статус-квони сақлаб бўлмайди, бироқ Исроил Ғазо секторини назорат қилишни истамаяпти, деди. 

Блинкеннинг сўзларига кўра, энг оқилона вариант Ғазо секторини бошқарадиган «самарали ва янгиланган Фаластин маъмурияти» бўлади. Бунга эришиш мумкинми, деган савол туғилади, деди у. «Агар бунинг иложи бўлмаса, бир қатор давлатлар иштирок этиши мумкин бўлган бошқа вақтинчалик вариантлар ҳам мавжуд. Бундан ташқари, хавфсизлик ва бошқарув функциялари ҳам халқаро ташкилотлар томонидан амалга оширилиши мумкин», деди у. 

Исроил-Фаластин можароси

7 октябр куни эрталаб ҲАМАСнинг ҳарбий қаноти - «Иззаддин ал-Қассам бригадалари» Исроилга қарши «Ал-Ақсо тўфони» операцияси бошланганини эълон қилди. Ғазо секторидан Исроил томон минглаб ракеталар отилди, қуролли гуруҳлар Исроил аҳоли пунктларига кирди.

ҲАМАСнинг билдиришича, операция босиб олинган Шарқий Қуддусдаги Ал-Ақсо масжидига бостириб кириш ва исроиллик муҳожирларнинг фаластинликларга нисбатан зўравонлиги кучайиб бораётганига жавобан амалга оширилган. 

Бунга жавобан Исроил армияси Ғазо секторида ҲАМАСга қарши ўнлаб қирувчи самолётлардан фойдаланган ҳолда «Темир қиличлар» операцияси бошланганини эълон қилди. 

Исроил-Фаластин можароси авж олгандан бери 10 мингдан ортиқ фаластинлик ҳалок бўлди. Исроилда қурбонлар сони 1400 дан ошади. Ғазонинг 2,3 миллион аҳолиси Исроилнинг ҳаводан оммавий бомбардимон қилиши ва эксклавнинг тўлиқ блокадаси туфайли озиқ-овқат, сув ва дори-дармонлар танқислигидан азият чекмоқда.

Мавзуга оид