Жаҳон | 07:38 / 08.11.2023
11682
10 дақиқада ўқилади

Сув, нон ва дори-дармон танқислиги: Ғазода фаластинликлар қандай кун кечиряпти?

Исроилнинг Ғазодаги ҳарбий операцияси тўхтамаяпти. Халқаро хайрия ташкилотлари у ердаги гуманитар вазиятни «ҳалокатли» деб атамоқда. Минглаб одамлар БМТ ёрдам тарқатиш марказларига оқиб келмоқда.

Фото: Bashar Thaleb/AFP

2023 йил 7 октябрда ҲАМАС гуруҳининг Исроилга қуролли ҳужумидан сўнг Исроил Ғазо секторида гуруҳга қарши жавоб қайтармоқда ва қуруқликдаги операция ўтказмоқда. Шу фонда Ғазодаги тинч аҳолининг аҳволи сезиларли даражада ёмонлашди. БМТнинг фаластинлик қочқинларга ёрдам кўрсатиш агентлиги раҳбари Филипп Лаззарини Ғазо секторидаги гуманитар вазиятни «ҳалокатли» деб таърифлади. Дори, озиқ-овқат, сув ва ёнилғи танқис бўлиб бормоқда ва минглаб одамлар БМТ агентлиги лагерлари ва ёрдам тарқатиш марказларига йўл олмоқда.

Халқаро ташкилотларга кўра, Ғазо секторидаги аҳоли зудлик билан ёрдам кўрсатилишига муҳтож, бироқ ёрдам жуда кам ҳажмда тақдим этилмоқда. Германия Қизил Хоч жамиятининг халқаро ҳамкорлик бўлими раҳбари Кристоф Йоненга кўра, ёрдам кўрсатиш бўйича янги ходимлар Ғазо секторига кира олмаяпти: «Айни пайтда кўпчилик фаластинликлар кўнгилли сифатида кўмак бермоқда ва буни катта хавф шароитида амалга оширмоқда», деди у DW'га интервюда.

Ғазо деярли тўлиқ блокадада қолгани сабабли, у ердан келаётган маълумотларни текширишнинг имкони йўқ. Шунинг учун Ғазо секторидаги вазият ҳақида хабар бериш учун асосан гуманитар ташкилотлар маълумотларига таяниш мумкин.

Ғазога гуманитар юклар қандай етиб боряпти?

Халқаро гуманитар ёрдам дастлаб Мисрга етказиляпти, у ердан Рафаҳ чегара пунктига олиб бориляпти. Кейин у Ғазо томонидаги бошқа юк машиналарига қайта юкланмоқда ва белгиланган манзилларга етказилмоқда, у ерда БМТ шафелигидаги гуманитар ташкилотлар, Қизил Хоч ва бошқа хайрия идоралари томонидан қабул қилиняпти ҳамда маҳаллий касалхоналар ва БМТ агентликларига тарқатиляпти.

Юкларни қуруқлик орқали етказиб бериш Ғазо секторидаги йўлларнинг қисман вайрон бўлгани ёки йўл бўйлаб бинолар вайроналари мавжудлиги билан мураккаблашмоқда. Йоненнинг сўзларига кўра, Германия Қизил Хоч ва Фаластин Қизил Ярим Ой жамиятидан Ғазо шимолига ёрдам етказиш кенг кўламли вайронагарчиликлар туфайли имконсиз бўлиб қолган.

Бундан ташқари, Исроил гуманитар ёрдам ҲАМАС қўлига тушмаслигига кафолат талаб қилмоқда. Исроил, айниқса, ҲАМАС ҳарбий мақсадларда фойдаланиши мумкин бўлган ёнилғидан хавотирда. Сўнгги ўн кун ичида Исроил Мисрдан озиқ-овқат ва дори-дармон олиб келаётган 200 дан ортиқ юк машинасини Ғазога киритишга рухсат берди. Гуманитар юкка ёнилғи қўшилмаган. Бир қатор гуманитар ташкилотларнинг фикрича, олинган ёрдам ҳали ҳам етарли эмас. ЮНИСЕФ вакили Тоби Фрикернинг айтишича, Ғазо секторидаги икки миллиондан ортиқ аҳолини таъминлаш учун ҳар куни камида 100 та юк машинасида ёрдам етказиб берилиши керак.

Ғазода алоқа билан нима бўляпти?

Ғазода жойлашган Paltel телекоммуникация агентлиги ўтган ҳафта минтақада телефон ёки интернет хизмати деярли ишламаётганини эълон қилди. Paltel бунда Исроил армиясини айблади.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) ва ЮНИСЕФ, БМТ Тараққиёт дастури, БМТ Жаҳон озиқ-овқат дастури (ЖООД), Save the Children ҳамда Норвегия қочқинлар ишлари бўйича кенгаши (NRC) каби бошқа гуманитар ташкилотлар бир неча кун давомида ўз ходимлари билан боғлана олмагани тўғрисида хабар берди.

Интернет ва телефон тармоқлари қисман тикланганидан бир неча кун ўтиб, Netblocks.org глобал тармоқ мониторинги хизмати маълумотларига кўра, яна бир соат давом этган узилиш юз берган. Минтақанинг 2,4 миллион аҳолиси кўпчилиги учун бу «телекоммуникациянинг умумий йўқолишини» англатади, деб ёзади Netblocks.org X-аккаунтида.

Интернетдаги узилишлар инсонпарварлик ташкилотлари ишини ҳам қийинлаштирмоқда. Германия Қизил Хоч жамияти вакили Кристоф Йоненга кўра, тиббий гуруҳлар билан фақат радио-алоқа орқали боғланиш мумкин. Бундан ташқари, жабрланганлар тез ёрдам хизматига қўнғироқ қилиб туша олмаяпти. Шу сабабли, гуманитар ташкилотлар ходимлари Ғазонинг турли нуқталарида тез ёрдам машиналарини жойлаштирмоқда, маҳаллий аҳоли эса жароҳатланганларнинг қаердалигини тиббий гуруҳларга айтяпти. «Аммо бу, албатта, ходимларнинг ўзи учун ҳам хавфли бўлган жуда оғир ҳолатдир, чунки хавфсизлик ва ҳимоя кафолатлари йўқ», дейди Йонен.

Ғазода ичимлик суви таъминоти ҳақида нима дейиш мумкин?

«Сув таъминоти ҳақиқатан ҳам жуда беқарор ва ишончсиз», дейди Йонен. Ичимлик суви билан боғлиқ муаммо Save the Children ташкилоти томонидан ҳам тасдиқланди: «Кўпчилик ифлосланган манбалардан олинган сувдан фойдаланишга мажбур, бу эса болалар учун ўлим билан якун топадиган касалликларнинг тарқалишига олиб келиши мумкин».

БМТнинг Фавқулодда вазиятлар бошқармаси маълумотларига кўра, Исроилдан уч қувур линияси Ғазонинг шимоли, маркази ва жанубига сув етказиб беради. Исроил энергетика вазири Исраэл Кац гаровга олинган исроилликлар уйига қайтмагунча сув қувурлари очилмаслигини маълум қилди. Айни пайтда, Исроил манбаларига кўра, сув қувурлари яна қисман очилган. Бироқ БМТнинг фаластинлик қочқинларга ёрдам кўрсатиш агентлиги томонидан 2 ноябр куни эълон қилинган ҳисоботда айтилишича, ҳозирда учта қувурдан бирортаси ҳам Ғазо секторига сув етказиб бермаяпти.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ҳисоб-китобларига кўра, ҳозирда Ғазода бир киши бошига кунига атиги уч литр сув тўғри келяпти. Бир киши учун минимал талаб - ичиш, таом тайёрлаш ва шахсий гигиена учун 15 литр сувни ташкил этади.

Ёнилғи танқислиги нималарга олиб келяпти?

Октябр ойи бошида Фаластин электр энергетика компанияси Ғазо секторидаги ягона электр станцияси ёнилғи тақчиллиги туфайли ёпилгани ва энди электр энергияси ишлаб чиқара олмаслигини маълум қилган эди. Шу билан бирга, Исроил ҲАМАС ҳаракатини омборларида «бир миллион литр»га яқин ёнилғи борлиги, лекин уни тинч аҳолига бермаётганликда айблади. Бу маълумотни мустақил экспертлар тасдиқлай олмади.

Бироқ, ёнилғи Ғазо сектори аҳолисига - хусусан, электр таъминоти учун зудлик билан кераклиги аниқ. БМТнинг фаластинлик қочқинларга ёрдам кўрсатиш агентлиги ҳам бир неча бор таъминотни кўпайтиришга чақирди. Ёнилғи, масалан, касалхоналарга мураккаб операциялар ўтказиш учун авариявий генераторлар ва ускуналарни ишга тушириш учун талаб этилади.

Жаҳон озиқ-овқат дастури (ЖООД) шунингдек, ёнилғи танқислиги нон ёпиш учун зарур бўлган ун таъминотини тўхтатиб қўйгани сабабли новвойхоналар ёпилиш арафасида экани ҳақида огоҳлантирди. Ҳозирда кунига атиги 20 минг киши нон билан таъминланиши мумкин, деб хабар берди ЖООД. Исроилнинг Ғазо секторидаги ҳарбий амалиётлари бошида бу кўрсаткич кунига 200 минг кишини ташкил қилганди.

DW сўровига жавобан БМТнинг фаластинлик қочқинларга ёрдам кўрсатиш агентлиги расмийлари мамлакатга ёнилғи тахминан бир ойдан бери келмаганини айтди. Бироқ, ахборот агентликларига кўра, шифохоналарга ёнилғи етказиб берилиши тикланиши мумкин.

Ғазо секторидаги шифохоналарда вазият қандай?

«Жарроҳларимиз бизга баъзи операцияларни умумий анестезиясиз бажаришга мажбур бўлаётганини айтди. Шифокорларда оғриқ қолдирувчи кучли воситалар қолмаган. Тиббий ёрдам кўрсатиш бўйича шароитлар жуда ачинарли, буни қабул қилиб бўлмайди», дейилади «Чегара билмас шифокорлар»нинг Германия бўлими сайтида чоп этилган ва унинг директори Кристиан Кацер томонидан имзоланган хабарда.

Ғазо шаҳридаги Ал-Шифо касалхонасида ишлайдиган «Чегара билмас шифокорлар» ташкилотининг фаластинлик жарроҳи Муҳаммад Обейд ўша сайтда йўлак полида операция қилишга мажбур бўлганини айтди. «Биз деярли ҳеч қандай анестезиясиз 9 ёшли боланинг оёғини кесиб ташладик. Анестезиолог боланинг нафаси қайтиб кетмаслиги учун оғзини очиқ ушлаб турди. Ҳозир қўлимиздан келгани шу», деб ёзди Обейд.

Германия Қизил Хоч ташкилотидан бўлган Кристоф Йонен шифохоналардаги шароитларни тасвирлаб берди. «Тиббиёт ходимлари бригадалари даҳшатли манзаралар, даҳшатли жароҳатлар ҳақида хабар бермоқда. Улар энди ёрдамга муҳтож одамларнинг ёнига тезда етиб бориш имконияти йўқлигини айтмоқда», деди у. Йоненнинг сўзларига кўра, тизим тўлиқ юклама билан ишламоқда: «Барча тиббиёт ходимлари қаттиқ чарчаган: касалхоналарга жуда кўп ярадорлар ётқизилмоқда, уларга чекланган маблағ ва ресурслар шароитида ёрдам кўрсатиш керак бўляпти». Тиббий ёрдамга муҳтож бўлмаган одамлар ҳам ракета ҳужумларидан омон қолиш умидида касалхоналарга оқиб келмоқда.

1 ноябр биринчи марта Ғазо сектори ва Миср ўртасидаги назорат-ўтказиш пункти очилди. Ўнлаб яраланган фаластинликлар Миср шифохоналарига олиб кетилди.

Исроил-Фаластин можароси

7 октябр куни эрталаб ҲАМАСнинг ҳарбий қаноти - «Иззаддин ал-Қассам бригадалари» Исроилга қарши «Ал-Ақсо тўфони» операцияси бошланганини эълон қилди. Ғазо секторидан Исроил томон минглаб ракеталар отилди, қуролли гуруҳлар Исроил аҳоли пунктларига кирди.

ҲАМАСнинг билдиришича, операция босиб олинган Шарқий Қуддусдаги Ал-Ақсо масжидига бостириб кириш ва исроиллик муҳожирларнинг фаластинликларга нисбатан зўравонлиги кучайиб бораётганига жавобан амалга оширилган. 

Бунга жавобан Исроил армияси Ғазо секторида ҲАМАСга қарши ўнлаб қирувчи самолётлардан фойдаланган ҳолда «Темир қиличлар» операцияси бошланганини эълон қилди. 

Исроил-Фаластин можароси авж олгандан бери 10 мингдан ортиқ фаластинлик ҳалок бўлди. Исроилда қурбонлар сони 1400 дан ошади. Ғазонинг 2,3 миллион аҳолиси Исроилнинг ҳаводан оммавий бомбардимон қилиши ва эксклавнинг тўлиқ блокадаси туфайли озиқ-овқат, сув ва дори-дармонлар танқислигидан азият чекмоқда.

Мавзуга оид