Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Исроил Ғазода кўча жангларини бошлади. Улар фаластинликлар учун қанчалик хавфли?
Исроилнинг Ғазо секторида қуруқликдаги операцияси кейинги босқичга: шаҳар шароитидаги жангларга ўтмоқда. У тинч аҳоли орасида янада катта йўқотишларга олиб келиши мумкин.
Исроилга ҳужум уюштирилгани ортидан ҲАМАС кучларига қарши қуруқликдаги операция давомида Ғазо сектори иккига бўлинди ва ЦАҲАЛ ҳозир Ғазо шаҳрини ўраб олди. Унинг атрофида жанглар давом этмоқда, бироқ тез орада жанговар ҳаракатлар шаҳарнинг ўзига кўчиши мумкин.
Исроил армияси Негев чўлида жойлашган махсус марказда шаҳар жанговар тактикасини машқ қилиб келади. «Улар бу операцияга яхши тайёргарлик кўрган», - дейди Портсмут университетидан британиялик ҳарбий эксперт Фрэнк Ледвиж.
Мўсул учун жанглар сценарийси такрорланиши мумкин
Қўшма Штатлар Исроилни ҳарбий ва дипломатик жиҳатдан қўллаб-қувватлаяпти, аммо уни ўзаро маслаҳатлашувларда муваффақият бўйича хом хаёлларга берилмаслик тўғрисида огоҳлантирди. АҚШ мудофаа вазири Ллойд Остин ABC телевидениесига берган интервюсида шаҳар шароитидаги жанглар «жуда қийин»лигини айтган.
Америкалик амалдор бу сценарий қандай якун топиши мумкинлигини яхши билади. АҚШ бошчилигидаги халқаро коалициянинг ИШИД террорчилик гуруҳига қарши Сурия ва Ироқдаги ҳарбий амалиётлари тинч аҳоли орасида катта талафотлар билан кечган.
Айрим ҳисоб-китобларга кўра, биргина 2016-2017 йилларда Мўсул учун олиб борилган жангларда 10 мингга яқин тинч аҳоли ҳалок бўлган. Ҳар бир уй ва ҳар бир кўча учун жанглар тўққиз ой давом этди.
Ғазо секторидаги ташкилот ҳарбий жиҳатдан анча яхши жиҳозланган, Эрон ва Ливандаги «Ҳизбуллоҳ» гуруҳи томонидан қўллаб-қувватланади. АҚШ президенти Жо Байден октябр охирида Исроилга ташрифи чоғида у 2001 йил 11 сентябрдаги терактлардан сўнг Америка Қўшма Штатларининг хатоларини такрорламаслиги ва ғазаб таъсирида ҳаракат қилмаслиги кераклигини айтди.
Ҳар томондан хавф
Исроил шу вақтгача Ғазо секторини тўхтовсиз бомбардимон қилиб келяпти. Исроил армияси ҲАМАСдан сон бўйича анча кўп. Бироқ, ҲАМАС жангчиларининг битта муҳим устунлиги бор: улар маҳаллий ҳудудни яхши билади ва бунга узоқ вақтдан бери тайёргарлик кўрган.
Эксперт шаҳар шароитидаги жанглар бўйича энг муҳим жиҳатларни санаб ўтди. Энг каттаси - кичик тузоқлар. Исроил ҳаво ва артиллерия зарбалари натижасида вайрон қилинган бинолар бўйлаб детонаторлар қўйилиши мумкин. Уларни аниқлаш қийин ва зарарсизлантириш узоқ вақт талаб этади.
Яна бир жиҳат - Ғазо секторидаги кенг туннеллар тизими. Қўшни бинолар жойлашган ҳудудларда «жангчилар ташқарига чиқмасдан алоҳида бинолар орасида ҳаракат қилиши мумкин», дейди у. Бу Исроил ҳарбийларини пистирмага тушириш имкониятини оширади. «Шаҳардаги жанглар уч ўлчовда олиб борилади, - деб қўшимча қилади Ледвиж. - Олд томондан, орқадан, юқоридан (дронлар билан) ҳамда Ғазода туннеллар орқали, пастдан ҳужум қилиш мумкин».
ЦАХАЛ аскарлари ўғирланиши ва асирга олиниши ҳам мумкин, шунда ҳарбий хизматчилар ҳам ҲАМАС гаровида бўлади. ҲАМАС ҳозирда 200 дан ортиқ исроилликни гаровда ушлаб турибди. Исроил армияси ҳарбий операция давомида уларни озод қилишга уринса, гаровдагилар ҳалок бўлиши мумкин.
Ғазодаги тинч аҳоли тақдири
Можародаги энг долзарб масала бу - Ғазо секторидаги тинч аҳоли тақдири. Қўшма Штатлар ва бошқа Ғарб давлатлари Исроилни тинч аҳолига тегмасликка чақирди, Исроил шу ҳақда ваъда ҳам берди. Бироқ, Ғазо Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, Исроил ҳужумлари оқибатида 10 мингдан ортиқ тинч аҳоли ҳалок бўлди.
Исроил тинч аҳолини ҲАМАСга қарши асосий жанг майдонига айланган Ғазо сектори шимолини тарк этишга чақирган, аммо у ерда юз минглаб одамлар қолмоқда. Кўча жангларида ҲАМАС жангчиларини тинч аҳолидан ажратиш жуда қийин бўлиши мумкин.
Ғарб ҳукуматлари Исроил ҳужуми оқибатида тинч аҳоли орасида қурбон бўлганлар сони янада ортиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирар экан, минтақавий кескинлашув хавфи тўғрисида ҳам маълум қилган. Эрон ва унга яқин ташкилотлар можарога бевосита аралашиши мумкин.
Бироқ, Ливаннинг «Ҳизбуллоҳ» ташкилоти етакчиси Ҳасан Насруллоҳ 3 ноябр куни можаро бошланганидан кейин илк бор чиқиш қилиб, Исроилга қарши урушга чақирмади. Айрим таҳлилчилар Насруллоҳ ўзининг олдиндан шов-шув билан анонс қилинган чиқишида Ливан ҳудудидан туриб Исроилга қарши кенг кўламли ҳарбий ҳаракатлар бошланиши ҳақида эълон қилишини кутганди, аммо у бундай қилмади. У «Ҳизбуллоҳ» ҲАМАСнинг Исроилга қарши урушига 8 октябр куни, уруш бошланган куннинг эртасигаёқ қўшилганини айтди. Шу тариқа, минтақавий эскалация хавфи қисқа муддатга камайди.
Кейин нима бўлади?
Исроилнинг Ғазо секторида аввалги қуруқликдан йирик ҳужуми 2014 йилнинг июл ойида кузатилган. У оммавий ҳаво ҳужумлари бошланганидан кейин ўн кун давом этди, умуман олганда эса, қуролли тўқнашув деярли икки ой кузатилди. Исроил мудофаа вазири Йоав Галант жанглар тез орада тугашини кутмаяпти. «Бу бир ой, икки ёки уч ой вақт олиши мумкин», деди у.
Аммо Ливаннинг «Ҳизбуллоҳ» ҳаракати мамлакат шимолида янги фронт очмаса ва уруш тугаса, бундан кейин нима бўлади деган савол туғилади. Нетаняҳу яқинда берган интервюсида, ҳарбий ҳаракатлар тугаганидан кейин Исроил Ғазо секторида хавфсизликни таъминлаш учун «масъулиятни ўз зиммасига олиши мумкин»лигини айтди.
Бироқ, Исроил Ғазо секторида қуруқликдаги ҳужумни тугатгандан кейин айнан нимани режалаштираётгани ҳозирча номаълум.
Мавзуга оид
13:59 / 28.05.2025
Германия расмийлари Исроилнинг Ғазодаги ҳаракатларини танқид қилди
12:20 / 27.05.2025
Германия канцлери Исроилнинг Ғазодаги ҳаракатларини танқид қилди
11:33 / 27.05.2025
Уиткофф: Ҳамас Исроил билан сулҳ бўйича келишувни рад этди
20:40 / 26.05.2025