Ўзбекистон | 12:27 / 09.11.2023
6293
6 дақиқада ўқилади

Рақамли божхона, саноат кооперацияси, энергетика: ИҲТ доирасида Ўзбекистоннинг таклифлари

Ўзбекистон президенти Иқтисодий ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатларнинг аксарияти денгизга тўғридан тўғри чиқа олмаслиги, шу сабаб транспорт коридорларини ривожлантириш муҳимлигини таъкидлади. Миллий энергетика стратегияларини уйғунлаштириш, “Ипак йўли” сайёҳлик бренди асосида умумий туристик дастурларни кўпайтириш ва бошқа таклифлар илгари сурилди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Иқтисодий ҳамкорлик ташкилотининг Тошкент саммитидаги нутқида ташкилот доирасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорликни чуқурлаштириш бўйича қатор таклифларни илгари сурди.

“Иккинчидан, ўзаро транспорт-коммуникация боғлиқлигини кучайтириш. Аъзо давлатларнинг аксарияти денгизга тўғридан-тўғри чиқиш имкониятига эга эмас. Шу билан бирга, Осиё-Тинч океани, Жанубий Осиё, Яқин Шарқ ва Европа минтақаларининг йирик бозорлари билан боғлайдиган ва бизнинг ҳудудларимиз орқали ўтадиган трансконтинентал транспорт йўлаклари салоҳиятидан тўлиқ фойдаланишимиз зарур.

Келгусида “Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон” ва Трансафғон мультимодал йўлларининг ишга туширилиши барча аъзо давлатлар манфаатларига мос келади.

Тошкентда 2 ноябрда бўлиб ўтган транспорт вазирларининг йиғилишида “Ўзбекистон – Туркманистон – Эрон – Туркия” транспорт йўлагини ривожлантириш бўйича қабул қилинган ҳужжатга бошқа аъзоларни ҳам қўшилишга, ўзаро тариф ва йиғимларни мақбуллаштиришга чақираман.

Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон Озарбайжон ва Туркия билан юк ташиш ҳужжатларини рақамлаштирди, шунингдек, бошқа давлатлар билан бундай лойиҳалар амалга оширилмоқда.

Бу каби замонавий тизимларни кенг жорий қилиш ҳамда самарали мувофиқлаштириш учун Тошкент шаҳрида ташкилотнинг Рақамли транспорт ва божхона офисини ташкил этиш ташаббусини билдираман.

Учинчидан, саноат кооперацияси ҳамда ишбилармонлик алоқаларини фаоллаштириш, индустриал хабларни шакллантириш.

Биз ўзаро инвестициялар оқимини кўпайтириш, уларни ҳимоя қилиш ва саноат кооперациясини чуқурлаштириш бўйича Қўшма ҳаракатлар дастурини ишлаб чиқиб, ташкилотимиз котибиятига тақдим этдик. Мазкур ҳужжатда кимё, энергетика, геология, тўқимачилик, чарм-пойабзал, озиқ-овқат, фармацевтика ва қурилиш соҳаларида янги қўшма лойиҳаларни илгари суриш мақсад қилиб қўйилган. Бу эзгу йўлда ташкилотнинг Савдо ва тараққиёт банки билан шериклик алоқаларини кенгайтириш тарафдоримиз.

Кеча Тошкентда ўтган Савдо-саноат палаталари ва кўплаб компанияларимиз раҳбарлари иштирокидаги бешинчи бизнес-форум хусусий секторда катта салоҳиятга эга эканимизни яққол кўрсатди. Биз ташкилотимиз доирасида ҳудудлараро саноат кўргазмасини ташкил этиш ва унинг дастлабки тадбирини 2024 йилда юртимизда ўтказиш таклифини илгари сурамиз.

Тўртинчидан, энергетика хавфсизлигини кафолатли таъминлаш. Миллий энергетика стратегияларини уйғунлаштириш, минтақалараро энергия ресурсларини узатиш тармоқларини ривожлантириш, “яшил” энергетика технологияларини кенг жорий этишнинг аҳамияти ошмоқда.

Биз ташкилотнинг энергетика соҳасида ҳамкорлик стратегиясининг асосий йўналишларидан бири бўлган қайта тикланувчи энергия манбаларини ривожлантириш борасида кенг кўламли ишларни амалга оширмоқдамиз. 2030 йилгача 25 гигаватт қувватдаги қайта тикланувчи энергия манбаларини яратишни ва балансимизда уларнинг улушини 40 фоизга етказишни мақсад қилганмиз. Шу йилнинг ўзида 2 гигаватт қувватдаги йирик шамол ва қуёш электр станцияларини ишга туширяпмиз. Шунингдек, “яшил водород” ишлаб чиқариш соҳасида ҳам илк қадамларни қўймоқдамиз. Ушбу йўналишларда барча давлатлар билан очиқ мулоқот ва тажриба алмашишга тайёрмиз.

Ҳамкорлик масалаларини батафсил муҳокама қилиш ва ишларни тизимли асосда олиб бориш учун ташкилотимиз доирасида алоҳида Энергетика вазирлари кенгашини таъсис этишни таклиф этамиз.

Бешинчидан, иқлим ўзгаришларига қарши кураш ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бўйича алоқаларни жадаллаштириш. Ҳозирги вақтда бизнинг давлатларимиз бу ўткир муаммоларнинг оғир оқибатларига дуч келмоқда. Музликларнинг эриши, сув ресурслари тақчиллиги, чўлланиш, чанг бўронлари, тупроқ емирилиши ва биологик хилма-хилликнинг йўқолиши каби жараёнлар қаттиқ хавотир уйғотмоқда.

Тузилмамиз доирасида экология масалалари бўйича юқори даражали платформа яратиш бўйича ғоямизни қўллаб-қувватлаганингиз учун ташаккур изҳор этаман. Унинг биринчи анжуманини 2024 йили Самарқанд иқлим форуми доирасида ташкил этишга тайёрмиз.

Шунингдек, келгуси ҳафтада юртимизда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Чўлланишга қарши курашиш конвенцияси бажарилишини кўриб чиқиш бўйича қўмита йиғилишида вакилларингизни фаол иштирок этишга чорлаймиз. Ҳозирги вақтда тобора жиддий муаммога айланиб бораётган қум-чанг бўронларига қарши курашиш мақсадида Самарқанд декларациясини қўллаб-қувватлашга чақирамиз.

Олтинчидан, туризм соҳасида ҳамкорликни кучайтириш. Яқинда 140 дан ортиқ давлатлар иштирокида Самарқандда бўлиб ўтган Бутунжаҳон туризм ташкилоти Бош Ассамблеяси сессияси минтақамиз сайёҳлик салоҳиятига бутун дунё эътиборини жалб этиш борасида тарихий воқеа бўлди.

Бугунги кунда ташкилот маконида ЮНEСКОнинг 90 га яқин Бутунжаҳон мероси объектлари жойлашган бўлиб, мамлакатларимизга ҳар йили салкам 80 миллион хорижий сайёҳлар ташриф буюрмоқда.

Трансчегаравий йўналишлар тобора оммалашаётганини ҳисобга олиб, қўшма туристик маршрутларни жорий этиш ҳамда “Ипак йўли” сайёҳлик бренди остида умумий сайёҳлик дастурларини кўпайтиришни таклиф этаман.

Ташкилотимиз котибияти ҳузурида аъзо мамлакатларнинг туризм маъмуриятлари ва етакчи экспертлардан иборат алоҳида Туризм бўйича маслаҳат қўмитасини ташкил этиш таклифини билдирмоқчиман. Унинг илк учрашувини келгуси йили ташкилотимизнинг туризм пойтахти деб эълон қилинган Шаҳрисабз шаҳрида ўтказишга тайёрмиз.

Шунингдек, аъзо давлатларни Самарқандда очилган Бутунжаҳон туризм ташкилотининг Халқаро туризм академияси имкониятларидан унумли фойдаланишга чақирамиз.

Еттинчидан, маданий-гуманитар ҳамкорликни чуқурлаштириш орқали дўст халқларимизни янада яқинлаштириш. Ҳар йили мамлакатларимизда навбат билан Маданият, санъат ва кино ҳафталикларини ўтказиб бориш, ёшларнинг ижодий фестиваллари ва инновацион ҳамкорлик платформасини йўлга қўйиш, фундаментал илмий йўналишларда ўзаро ҳамкорликни кучайтириш алоқаларимиз ривожига кучли туртки бағишлайди”, – деди президент.

Мавзуга оид