Зеленский тинчлик музокараларини ўтказиш учун шартларни айтди
Украина Бразилия, АҚШ, Хитой ва бошқа давлатларнинг тинчлик ташаббусларини эшитишга тайёр, аммо Россия билан баҳсли масалалар бўйича муросага бормайди, дея маълум қилди Володимир Зеленский.
Украина президенти Володимир Зеленский бошқа давлатларнинг тинчлик ўрнатиш борасидаги ташаббусларига очиқ эканини айтди, бироқ Россия билан баҳсли масалалар бўйича муроса қилиш имкониятини рад этди. «Сизнингча, нима учун уришаётган, ҳужумга учраган мамлакат муросага тайёр бўлиши керак? Рус аскарлари ўз юртига кетиши керак. Улар кетиши керак. Бу - урушни тўхтатишнинг ҳақиқий йўли», - дея таъкидлади у 8 ноябр, чоршанба куни Ню-Йоркда бўлиб ўтган Reuters NEXT конференциясида видео-алоқа орқали сўзлаган нутқида.
«Агар бизнинг ҳудудларимиз муроса масаласига айланса, бошқа минтақаларда, бошқа қитъаларда нималар юз бериши мумкинлигини тушунишингиз керак. Кейинчалик бошқа мамлакатлар ҳудудлари ҳам таҳдид остида қолади», - дея қўшимча қилди Зеленский.
Унинг таъкидлашича, Украина «агар уларда Россия позицияси янграмаса ҳамда Россия қўшинларини Украина ҳудудларидан олиб чиқишни назарда тутса, ҳар қандай овозни эшитишга тайёр». Хусусан, Киев Бразилия, АҚШ, Хитой, Африка давлатларининг таклифларини тинглашга тайёр. «Биз сизнинг фикрингизга қўшиламиз дейишимиз мумкин, бу нормал ҳолат. Фақат бизнинг 10 бандимиз (Украина тинчлик формуласи) - догма эмас. Лекин барча таклифлар битта ғояга асосланиши керак, акс ҳолда биз ҳеч қачон ечим топа олмаймиз», - деди Украина президенти.
АҚШ Киевни қўллаб-қувватлашни тўхтатган тақдирда ҳам украиналиклар курашни давом эттиради
АҚШда Украинага ҳарбий ва молиявий ёрдамни қисқартириш бўйича муҳокамалар ҳақида гапирар экан, Зеленский Республикачилар партияси вакилларининг айрим баёнотлари «ҳақиқатан ҳам хавфли» эканини таъкидлади. «Албатта, халқимиз бундай овозлардан ташвишда», - дейди у.
Бироқ, Зеленскийнинг сўзларига кўра, АҚШ ташқи сиёсатини ўзгартирган тақдирда ҳам украиналиклар курашни давом эттиради: «Биз сизсиз ҳам курашамиз, сизлар бизнинг халқимизни тушунишингиз керак: эркинлик бизда мавжуд бўлган энг муҳим қадриятдир ва уни ҳеч кимга бермаймиз. Ҳатто катта раҳбарлар бизни бунга ундашга ҳаракат қилса ҳам».
Мавзуга оид
14:12
Украина ва Россия яна ҳалок бўлган аскарлар жасадини алмашди
08:52
Зеленский НАТОга аъзо бўлиш эвазига РФ билан урушни музлатишга тайёр
21:11 / 29.11.2024
Зеленский Украина қуруқлик қўшинларига янги қўмондон тайинлади
14:48 / 29.11.2024