Жамият | 14:48 / 10.11.2023
16474
14 дақиқада ўқилади

Хос бўлинг!

Нега ҳозирги даврда шеър ўқилмаяпти? Бу савол кўпчиликни қизиқтирмаслиги аниқ. Шеър ўқимайдиган одамнинг у ҳақда ўйлаб кўришга ҳам эҳтиёжи бўлмайди. Хўш, унда шеърият бора-бора фақат шоирларнинг ўзи учун яратиладиган санъат турига айланадими ё қачондир одамлар яна шеър мутолаасига қайтиши мумкинми? Энг қизиғи, бу фақат бизнинг жамиятда кузатилаётган ҳолми ёки бутун дунёнинг шеърга бўлган эҳтироси сўнганми?

Нега ҳозирги даврда шеър ўқилмаяпти? Бу савол кўпчиликни қизиқтирмаслиги аниқ. Шеър ўқимайдиган одамнинг у ҳақда ўйлаб кўришга ҳам эҳтиёжи бўлмайди. Хўш, унда шеърият бора-бора фақат шоирларнинг ўзи учун яратиладиган санъат турига айланадими ё қачондир одамлар яна шеър мутолаасига қайтиши мумкинми? Энг қизиғи, бу фақат бизнинг жамиятда кузатилаётган ҳолми ёки бутун дунёнинг шеърга бўлган эҳтироси сўнганми?

Худди шу саволларга рус файласуфи ва маданиятшуноси, адабиётшуноси Михаил Эпштейн ўзининг “Юксак поэзия ва алподам” эссесида жавоб қидириб кўради. Эпштейн одамлар шеър ўқимай қўйган бу давр одамини “тобора поэтик шахсга айланиб боряпти” деб таърифлайди. чунки бундай одамнинг ўзи “образли”, мажозийдир. 21-аср одами бир мамлакатда туғилади, бошқасида таълим олади, учинчисига бориб ишлайди. Бундай киши — поэтик, мажоз, унинг ҳаёти эса кўпқатламли матн.

Эпштейн одамнинг ўзи образлашиб, мажозийлашиб бориши билан бирга, поэзия ҳаётимизнинг ҳамма соҳасига кириб бораётганини, фақат бунинг учун энди унга сўз керак бўлмай қолганини айтади.

Поэзиянинг бу турлари: антропоэйя ва технопоэйя, поэзия физикаси, космопоэйя ва биопоэйя, социопоэйя ва эконопоэйя, ноопоэйя кабилардир. Техника тараққиёти натижасида сиз қўлингиздаги смартфон орқали сиздан неча минг километр масофалардаги яқинингиз ё ёрингизни бир пайтнинг ўзида кўриб, эшитиб суҳбатлаша оласиз. Энди сиз уни соғинганингизда, унинг хаёли билан овунишингизга ҳожат йўқ. Туйғуларингизни ўша оннинг ўзидаёқ етказиш имконига эгасиз.

Яна бир томони — авваллари одамлар нима учун шеър ўқирди? Ўзи истаган, кўрмоқчи бўлган образини ёзилган асардан қидирарди ва асардаги образ унинг чанқоғини босарди. Энди эса одамлар бошқа образларни изламайди, унга сиғинишмайди, ижтимоий тармоқлардаги профиллари орқали ўзининг асли реал ҳаётдан бир қадар узоқ бўлган виртуал образини яратади. Бугунги инсон энди санъаткор яратган образлар дунёсида яшовчи одам эмас, у ўзининг образини ўзи яратаётган ва уни ўзи тақдим қилаётган одам. Instagram, Facebook, Тik-Tok каби тармоқларда одамлар ўз ички дунёсини матн, кийим, услуб, юриш-туриш воситасида яратиб ва ўша пайтнинг ўзидаёқ тақдим эта оляпти. Социопоэйяни ифодалаган бу жараёнда тармоқ тизимида “биз бошқа одамлар ролини ўйнаймиз, ўзимизни “ўзимиз эмас” тимсолида шакллантирамиз, … биз энди кўп “ўзга” эга шахс бўлиб, унга битта “мен” торлик қилади.» Айни шу пайтда хатти-ҳаракатимиз шоирнинг ўз лирик қаҳрамонини яратиш жараёни билан бир хил. Шоир ҳам лирик қаҳрамонлари яратувчиси эди, энди биз ҳам ўз тимсолимизни яратувчимиз.

Авваллари болалар достон ва эртак ўқишарди ва улардаги учар гиламлар, қаҳрамоннинг кун эмас, соат сайин улғайишидан, ўзга оламларга саёҳат қилишидан ҳайратга тушарди. Бугун эса илм-фан тараққиёти туфайли, учар гилам мўъжиза эмас, масалан, Тошкентнинг қоқ марказига бориб, сиз учар шарда учасиз, заминга тепадан туриб қарай оласиз.

Яқинда бир дугонам “Гўрўғли” достонларида қаҳрамонларнинг соат сайин улғайиши дегани ёруғлик тезлигидан ҳам тезроқ вақтнинг борлиги туфайли шундай деган фикрини айтди. Демак, энди эртак ва достонда бизга мўъжиза бўлиб туюладиган воқеаларнинг ҳам қандайдир илмий изоҳи борлигига, у мўъжиза ё хаёлий тасаввур маҳсули бўлмай реалликлигига ишонади. Нега бундай? Чунки бир аср давомидаёқ биз учар гилам тасаввуридан чекиниб, учар самолётга эга бўлдик. Энди гилам ва у ҳақда айтиш, тинглаш мўъжиза эмас. Учоқда учиб кўришнинг ўзиёқ сизга учишдан туғиладиган завқ-шавқни тақдим эта олади. Шунинг учун учар машина-ю, бошқа мамлакатлар билан боғлайдиган самолёт, наинки бошқа мамлакатлар, балки космосга учирилаётган ракета-ю кемаларни мултфильмда томоша қилаётган бола бугун Ҳамид Олимжоннинг “Ойгул билан Бахтиёр” эртагидан таъсирланиши қийин. Бунда ҳеч кимни айблаб бўлмайди, болани китоб ўқимаётганлигида айблашдан олдин поэзия ҳаётимизнинг ҳамма жабҳасига кириб борганини, тасаввур маҳсули бўлган ҳодисанинг моддийлашгани ва инсон ҳаётининг ўзи мажоздан чиқиб мажозийлашганини эътироф этиш керак.

Бугун эртак қаҳрамонининг нега соат сайин улғайиши ҳайратланарли эмас? Машҳур “Интерстеллер” деган кино бор. Кўпчилик томоша қилган. Ундаги воқеалар ривожи Ерда апокалипсис бошланганидан кейин бошланади. Озиқ-овқат тугаётган, ресурслар йўқ, инсоният боласининг тақдири сўроқ остида қолган бир палла. Шу паллада космонавт янги ресурслар топиш учун бошқа сайёра ва галлактикаларга учади. У кетаётганида қизи ўсмир ёшига етмаган бола эди. Қаҳрамон ўз миссиясига эришиб қайтиб келганда эса Ерга, қиз кампирга айланиб ўлим тўшагида ётар, ота эса мутлақо ўзгармаган, қаримаган, қизи билан хайрлашганда қандай бўлса, қайтганида ҳам шундай аҳволда эди. Кинодаги бу воқелик ҳам тасаввур маҳсули эмас, аксинча илм-фан ҳақиқати, Эйнштейннинг машҳур “Нисбийлик назарияси”га исбот. Яъни вақт бизнинг сайёрамиз ва бошқа сайёралар, галлактикалар, космос учун нисбий ҳодисадир. Бугун буни биладиган инсон соат сайин улғаядиган қаҳрамондан ҳайратга тушмайди. Балки вақт ҳақида савол бериб кўради ўзига. Бу ҳам поэзиянинг – ноопоэйя, илм-фан сатҳларига қай тарзда кўчганини кўрсатади.

Яна бир қизиқ жараён — авваллари эртак ё достондаги ўлиб-тирилиш, нариги дунёга бориб келиш деган сюжет чизиғи ўқувчини ўйлантирарди. Энди эса олимлар Ер ва Космос ўртасида ёруғлик тезлигидан-да тезроқ муддатда “нариги оламларга”, галлактикаларга бориб келиш имконини берадиган “қуртешиклар” деб аталувчи вақт-макон туннели борлигини назарий жиҳатдан башорат қилиб бўлишди. Биз ёзган смс ё юборган расмимиз бир дақиқадаёқ океанортидаги инсонга етиб боришидан бугун ҳайратланмаймиз. Аммо ўша вақт-макон туннели топилса, биз ўзимизни келажакка, ўтмишга ҳам телепортация қила олишимиз мумкин бўлиши бугун илмий-фантастик киноларда кўрсатилмоқда. Вақт ўтиб ҳатто ўтмишдаги ўзимиз ҳақида ўйлашимизга ҳожат қолмаслиги, у билан бориб юзлашиб, гаплашиб келишимиз мумкинлиги поэзиянинг ақлга сиғмас даражада такомиллашаётганини кўрсатади. Йўқ, у айнан сўз ёрдамида кенгаймаяпти, аммо бизнинг хаёлларимиз, тасаввурларимиз реаллашиши, моддийлашиши натижасида даҳшатли кенгайиб боряпти.

Квант физикасининг очилиши физиканинг мутлақо поэтик эканини исбот этди мен учун. Авваллари шоир “ойга қара ва мени ўйла, ўша маҳали мен ҳам сени ўйлаётган бўламан” дерди. Ҳар бир энергия бир-бирига тортишади дейди квант физикаси. Бугун ҳар бир моддада бўлинувчи атомдан ҳам кичик зарра – квантнинг мавжудлиги, энг муҳими у одамлар кўзига айнан ўз ҳолатида кўринмаслиги, нима билан қараётган бўлсангиз, сизга шу шаклда кўриниши авваллари шоирона гап бўлиб туюладиган “дунёга қандай қарасанг, шундай қарайди у ҳам сенга” , деган сўз билан баробар.

Дарвоқе, яна бир ҳодиса. Ҳошимжоннинг қалпоқчаси эсингиздами? У орқали Ҳошимжон кўринмас бўлади, баҳоларини ўзгартиради ва ҳоказо. Бугунги физика, физик олимлар кўринмаслик ҳам назарий жиҳатдан мумкин бўлган ҳодиса демоқда, эҳтимол минг йиллар оралиғидаги келажак физикасини инсоният учун кўринмасликнинг очилиши кутар.

Эпштейн поэзия ҳамма нарсанинг ҳамма нарсага кириши, ўтишидир дейди. Бугун ҳаётнинг ҳамма жабҳасида шу жараён кетяпти. Поэзия ижтимоий тармоқларда кўп ўзликларни намоён қиляпти, физика ва поэзия тили аллақачон бир тилни эслатиб юборган, космос, галлактикалар, осмондаги юлдузлар биз учун хаёл қилинадиган нарса эмас, турли телескоплардан олинган расмларда уларнинг суратини кўряпмиз, ҳатто биз Катта портлашдан миллион йил кейин телескопларга келган нур сабаб унинг ҳам қисмларини кўрдик. Бугун ҳеч нарса ҳайрат уйғотмаслиги табиий, чунки турмуш тарзимизда ҳар бир ҳайратланарли нарса моддийлашиб, реаллашиб бормоқда.

Бу дегани энди шеърга эҳтиёж қолмади деганими? Йўқ, ундай эмас. Шеърга эҳтиёж ҳамиша мавжуд. Биринчидан, бизга доим шоир керак. Шоир ким? Шоир — санъатчи. Санъатчи эса доим индивидуал шахс, олам. Биз бугун кўп жиҳатдан бир-биримизга ўхшаш одамлармиз — тараққиёт меваларини истеъмол қилишда, ишлаб чиқарувчи инсон бўлиб тараққиётнинг бир бўлагига айланишда. Бунда ўз-ўзидан индивидуаллик йўқолади. Шоир аввало ўзида ўша индивидуаллигини асраб қолган одам. Ва бундай индивидуалликка доим бизнинг эҳтиёжимиз бор, нега деганда, воқеликка бошқа томондан қараш учун бизга доим ўша бошқа томондан қарай оладиган, қаранглар, бу томон ҳам бор, бу томондан ҳам қараш мумкин деган одамлар керак. Индивидуаллик бизнинг якранг, умумий турмуш тарзимизни бузиб туради. Энг муҳими индивидуалликни таърифлаб бўлмайди, у ўз-ўзидан содир бўлади, агар бундай бўлмаганда ҳамма шоир бўлиши мумкин эди.

Иккинчидан эса, бугун поэзиянинг бошқа сатҳларга кўчиши натижасида сўздаги поэзия ҳам ўзгаришларга юз тутди. Айрим шоирлар поэзиянинг бу тарзда ҳаётимиз сатҳларига ёйилишига исён сифатида энди юксак бадиий тил билан эмас, балки оммабоп тил, ҳатто кўча тилида ҳам ёза бошлашди. Бундай шароитда шоир ўйлайди — энди ёзиш учун нима қолди унга, хаёл ва тасаввурлар реаллашаётган бир паллада? Энди ҳаётдаги энг исқирт, энг кўримсиз, энг тубан деб билинадиган нарсалар, тушунчаларга ҳам маъно бериш вақти келгандир, поэзия ҳаётнинг доим четда қоладиган қисми ҳақида ҳам гапиришга ўзига рухсат берар?! Бундай хусусият Американинг Аллен Гинзберг, Чарлз Буковский каби 20-асрнинг сўнгги таниқли шоирлари бўлмиш “синдирилган авлод” ижодида кўрина бошлади. Кейинчалик бундай кайфият дунё шеъриятига ҳам ёйилди.

Учинчидан, поэзиянинг ўзи ижтимоий, биологик, физик, космик ва илмий ҳаёт сатҳларига ёйилган экан, қандай қилиб сўзли шеърият буларнинг барчасини қамраб олмаслиги мумкин?! Азалдан шеърият барча санъатнинг чўққиси бўлган, чунки у бир лаҳзани муҳрлаш орқали, бир лаҳза таърифи ҳақида айта туриб, бутун борлиқ ҳақида гапирган. Поэзиянинг бу табиатини тушуниш ҳамма учун осон эмас. Салафларимиздан бири айтганидек, бунинг учун камида “икки вагон” китоб ўқиш керак бўлади. Агар сиз ўзингизни шундай китобхон қилиб тарбияламаган одам бўлсангиз, шеърни тушунолмайсиз. Айниқса, бугунги ҳамма нарсани қамраб олишга уринадиган шеъриятни.

Яна бир фикр, 20-асрдаги француз шеърияти шеър тили, структураси, фикр оқими — барчасини тубдан ўзгартирди. Ва уларнинг ёзгани ҳамма учун тушунарли эмасди, улар маълум хос одамлар учун эди. Хўш, улар нега бундай қилган деб ўйлайсиз? Мен ўйлайманки, бундай шеърият орқали улар инсониятни мутлақо бошқа фикр ўлчамида қарашга ўргатмоқчи бўлган. Бу орқали ҳам шеърият башорат қилган. Биласизми, нимани башорат қилган, ҳозирги олимлар коинотнинг биз билмаган галлактикаларида мутлақо бошқа ўлчамлар бор дейди, эҳтимол у ерда цивилизациялар бор ва у ердаги ўлчамлар мутлақо бошқа, биз унинг қандайлигини ҳатто тасаввуримизга сиғдиролмаймиз дейишади. Бу вақт ўлчами маъносида ё замон ўлчами маъносидами, хуллас, ҳаммасида шундай. Демак, ҳақиқий шеърият ҳамон мавжуд ва у ўз даврининг фикр ўлчамларидан олдинда юрмоқда. Аммо уни тушуниш учун сиз исталган шеърни олиб ўқиб кетишингиз кифоя эмас. Ҳа, энди шеърни ўқиш, англаш, ҳис қилиш учун хос бўлиш ҳар қачонгидан-да зарур. Ҳаётимизнинг ҳамма палласи ва жабҳаси шеърга айланганда шеъриятнинг ўзи нима демоқда? Сиз шеър воқелигига айни шу нуқтадан қарай олишингиз керак.

Бунинг учун эса яна ўша — хослик муаммоси. Шеър нега ўқилмаётганига сабаб ҳам шу – ўқувчининг ўзини хос даражада тарбиялай олмаслиги, мабодо хос бўлиш ҳақида гап кетса, тезда бурун жийириши. Тўғри, билмаган нарсамизни биров билмайсан деб айтса, дарров эгомизга тегиб кетади ва ўрнимиздан сакраб кетамиз. Лекин иккинчи томондан ўйлаб қараса, сизда имкон бор. Билмаган нарсангизни қачондир билиш ёки шу эго измида ҳеч қачон билмай ўтиш. Хос бўлинг, деган гапни ҳам камситилишдек қабул қилишингиз мумкин. Аммо унутманг, нега хос бўлинг деса жаҳлингиз чиқади, биласизми, биз ўзимизни ҳамма юқори, юксак нарсаларга лойиқ кўрмай қўйган одамлар эканимиздан. Биз ўзимизни хосликка лойиқ кўрмаслигимиз ва ўзимизни хос қилиб тарбиялашга уринмаслигимиз эвазига ҳам хосликдан бурун жийирамиз. Аммо сиз чинакам шеъриятдан завқ олишни истасангиз, хос бўлишингизга тўғри келади. Агар сиз буни танламасангиз ҳам, юксак шеърият доим яшайверади, ўзини хосликка лойиқ кўрадиган инсонлар ва халқлар учун. Улар шеърият берган тасаввур имкони эвазига поэзияни ҳаётга татбиқ қилиб бораверадилар.

Шеър ўқинг. Бунинг учун ўзингизни хосликка лойиқ кўринг. Хос бўлинг!

Тилланисо Нурёғди, филология фанлари бўйич фалсафа доктори (Phd)

Муаллиф фикри таҳририят нуқтаи назарини ифодаламаслиги мумкин.

Мавзуга оид