Ўзбекистон | 09:27 / 12.11.2023
7318
4 дақиқада ўқилади

Марказий Осиёда кўп қаватли уйларни бошқаришда профессионал ёндашув зарур – европалик экспертлар

Фото: Kun.uz

«Томдан чакки ўтиши, сув ва канализация қувурларидаги носозликлар, лифт ишламай қолиши. Кўп қаватли турар-жой биноларида кузатиладиган шу каби ҳолатлар уйларни бошқарувчи компаниялар томонидан бартараф қилиниши керак. Собиқ совет мамлакатларида бундай ширкатларни аҳоли вакилларидан иборат жамоа юритади», – дейди Шарқий Европада Уй-жой ташаббусининг (IWO) (Германия) Марказий Осиё бўйича лойиҳа директори Лариса Шреккенбах.

Европа Иттифоқининг шу ҳафта якунланган якунланган уч йиллик «Promhouse» лойиҳасига консултантлик қилган германиялик экспертга кўра, муаммолар ва зиддиятлар кам бўлиши, аҳоли қулай ва ташвишсиз уйда яшаши учун коммунал хўжалиги ходимлари профессионал бўлиши, ўз вазифасини бажариш учун махсус билим ва компетенцияларга эга бўлиши зарур.

Ўзбекистон олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигида йиғилган «Promhouse» лойиҳаси жамоаси, хусусан, Ўзбекистон, Қозоғистон, Германия ҳамда бошқа давлатларнинг экспертлари шуни айтиб ўтдики, замон ривожлангани сари, кўп қаватли уйлар ҳам янгича тус олиб, уларни сақлаш ва бошқариш ҳам мураккаблашиб бормоқда. Масалан, энди кўп қаватли уйларга домофонлар, қулфли дарвозалар, электрон ҳисоблагичлар кириб келмоқда.

Энг катта масалалардан бири – энергия сарфини камайтириш ва оптималлаштириш бўлиб турибди. Табиийки, уй бошқарувчилари бу ўзгаришларга мослашиши керак.

2020-2023 йилларда ЕИ гранти асосида ташкил қилинган «Promhouse» лойиҳаси айнан шу масала, яъни профессионаллашувга урғу берди. Лойиҳа доирасида соҳа вакилларига билим бериши учун икки ҳафталик ТоТ дастури орқали тренерлар тайёрланди. Машғулотлар 9 мамлакат, хусусан, Германия, Латвия, Литва, Эстония ва Молдова кабиларни тамсил қилувчи экспертлар томонидан ўтказилди. Ўзбекистон ва Қозоғистонда иш берувчилар ва олимлар иштирокида ушбу йўналишларда касб стандартлари яратилди. Профессионал таълим муассасалари, коллеж ва техникумларда «уй менежери», «уй устаси» каби мутахассисликларда кадрлар тайёрланишига замин яратилди.

«Бу каби Европа лойиҳалари кўпроқ бўлиши керак! «Promhouse» нафақат Германиядан, балки 90-йилларда уй-жой фондида Ўзбекистондагига ўхшаш ҳолатда бўлган Шарқий Европа мамлакатларидан тажриба ва ноу-ҳауларни ўзлаштириш имкониятини беради», – дейди Ўзбекистондаги кўп қаватли уйларга оид энг йирик ассоциация бўлмиш Uyushma.uz раҳбари Раҳима Ортиқова. – «Бу соҳада амалга ошириладиган ишлар ҳали кўп. Мавжуд эҳтиёж ва Ўзбекистондаги мутасаддиларнинг хайрихоҳлиги, хорижлик ҳамкорларнинг қўллови билан ҳар бир инсон учун энг муҳим мавзу – уйларимиз аҳволи яхшилигига хизмат қиладиган мутахассисларни тайёрлашда давом этамиз».

Ўзбекистонда биринчи марта 2023 йил 1 декабрдан бошлаб Олмалиқ архитектура ва қурилиш техникумида кўп қаватли уйларга хизмат кўрсатувчи ходимларни ўқитувчи икки йиллик дастур очилмоқда. Унга бир гуруҳ ўрганувчилар танлаб олинган.

«Замонавий иш берувчилар талаблари ва хорижлик экспертлар тавсиялари асосида тузилган ўқув дастури икки йил ичида 4-малака даражасига эга ҳаус мастер, яъни кўп қаватли уйларда бир нечта муҳим устачилик ишларини қила олувчи мутахассис тайёрлаймиз. Дастурга 100 фоиз давлат грант ажратган. Битирувчилар нафақат Олмалиқ ва унинг атрофидаги ҳудудлар, балки Тошкент, ҳатто чет тилни эгаллаган бўлса хорижда ҳам ушбу ўта муҳим касб билан шуғулланиши мумкин бўлади», – дейди Олмалиқдаги техникум директори Соҳиба Мирзакаримова.

Лойиҳа якунларига бағишланган конференцияда мутахассислар кўп қаватли уйларни бошқариш соҳасидаги кадрлар масаласи йўлаклардаги энг фаол қўшниларга масъулиятни юклаб қўйиш орқали эмас, техникум ва университетларда уларни тизимли тайёрлаш, салоҳиятни оширувчи ўқув дастурлари орқали ҳал қилиниши кераклигини алоҳида таъкидлади. 

Мавзуга оид