Ўзбекистон | 15:59 / 13.11.2023
15680
6 дақиқада ўқилади

Мажбурий меҳнатнинг оммавий шаклларидан кечилди, давлат идораларидагиси-чи? – экспертлар билан суҳбат

Ўзбекистонда сўнгги йилларда қилинган энг катта ўзгаришлардан бири бу –шубҳасиз, мажбурий меҳнатнинг оммавий шаклларига барҳам берилгани бўлди. Бугун ўқитувчилар, ўқувчилар ва давлат хизматчилари оммавий тарзда пахта йиғим-терими ёки кўча тозалаш каби ишларга жалб қилинмайди. Бунга қарши жиноий жавобгарлик ҳам белгиланган. Аммо давлат идораларида нормаланмаган иш режимида кўринувчи мажбурий меҳнат ҳамон сақланиб қолмоқда.

Давлат хизматида сақланиб қолаётган иш вақти меъёрларига амал қилмаслик, бевақт ўтадиган ва соатлаб давом этадиган йиғилишлар ҳамда дам олиш кунларида ҳам ходимларни ишга чиқишга мажбурлаш каби ҳолатлар борки, бу ҳам аслида мажбурий меҳнатнинг бир шакли.

Kun.uz мухбири ташкил қилган навбатдаги суҳбатда мажбурий меҳнатнинг ана шу шакллари, уни юзага келтираётган омиллар, шунингдек, ишчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиши керак бўлган Касаба уюшмалари Федерацияси фаолияти ҳақида сўз борди.

Суҳбат меҳмонлари: меҳнат қонунчилиги соҳаси экспертлари, ҳуқуқшунослар Муҳаммадамин Каримжонов ва адвокат Саидали Мухторалиев бўлди.

— Бугун Ўзбекистонда нафақат бюджет ходимлари, балки корхона ташкилотларни катта-кичик раҳбарлари ҳам мажбурий меҳнат ўзи нима экани борасида етарли дунёқарашга эга эмасдек.

Мана сизлар меҳнат қонунчилиги масаласида мутахассиссизлар. Келинг, мажбурий меҳнат нима ўзи, нима қилса, у мажбурий бўлади-ю, нима қилса, мажбурий бўлмайди, деган саволга оддий қилиб тушунтириш бериб ўтсангиз?

Саидали Мухторалиев:

— Амалдаги Меҳнат кодексининг (МК) 5-моддасида айнан мажбурий меҳнатга таъриф берилган. Унинг қисқача таърифини айтаман. Мажбурий меҳнат бу — ҳар қандай фуқарони ихтиёрига қарши равишда муайян жазо тайинлаш таҳдиди билан маълум бир ишларни бажаришга мажбурлаш. Унинг энг муҳим белгиси – фуқарода розилик ва ихтиёр бўлмайди, иккинчи белги эса қанақадир жазо қўллаш таҳдиди.

Муҳаммадамин Каримжонов:

— Олдинги МКда мажбурий меҳнатга таъриф 7-моддада келтирилган эди. Янги кодексда бу 5 моддага кўчди ва ўша жазо қўллаш таҳдидига таъриф берилди. Бунга кўра, энди фақат моддий эмас, ходимни изза қилиш, унга руҳий босим ўтказиш каби ҳолатлар ҳам жазо сифатида кўрилади.

— Ўзбекистонда бугун мажбурий меҳнат тугатилгани ҳақида кўп гапирилмоқда. Ҳа, бизда чиндан мажбурий меҳнатнинг оммавий, катта ва энг оғир шакли тугатилди. Бу жуда катта ютуқ.

Лекин бугун давлат органларидаги эрта тонгдан ва тунгача давом этадиган мажлислар, қонунчиликда белгиланганидан ортиқча ишлатиш, дам олиш кунлари ишга жалб қилишлар, қонундан ташқари юкламалар юклаш каби ҳолатлар ҳам жуда кўпки, бу биринчи ҳолатдан кам бўлмаган қонунсизлик. Хўш, биз нега мажбурий меҳнатнинг оммавий шаклидан воз кечолдиг-у, иккинчи шаклидан кечолмаяпмиз, бунинг учун нима етмаяпти?

Саидали Мухторалиев:

 — Дейлик, бирор туман ҳокимлиги мисолида олсак, мажбурий меҳнат ҳолатлари фаол давом этяпти. Иш соатидан ташқари, дам олиш, байрам кунларида ишлатиш ҳолатлари юзага келишида асосий сабаблардан бири — ишларни тўғри тақсимламаслик ва касб-лавозимлар бўйича аниқ меҳнат меъёрлари белгиланмагани.

Кунлик, ҳафталик ва ойлик иш вақтлари белгиланган, лекин аксарият ташкилотларда, жумладан, давлат органларида иш вақтларига нисбатан меҳнат меъёрлари ишлаб чиқилмаган. Раҳбарларда юкламаларни тўғри тақсимлаш салоҳияти етишмаяпти.

Муҳаммадамин Каримжонов:

 — Янги МКда меҳнатни меъёрлаштириш деган нарса киритилди. Дейлик, бир ташкилотда 300 та ходим бор, уларга битта «кадр», 30 та ходим бўлса ҳам, битта «кадр» бўлади. Механизм йўқ бизда. Янги кодексга меъёрлари киритилгани билан ижроси йўқ ҳали.

Саидали Мухторалиев:

— Агар ҳар бир ташкилотда аниқ меҳнат меъёрлари ишлаб чиқилса ва талаб шунга яраша бўлса, белгиланган иш вақтида ишлар бажарилади. Меҳнат меъёрлари йўқ, раҳбарлар ҳам нимани талаб қилишни билмайди, иш эса тугамаган — шундай номутаносибликлар.

Ишчи-ходимларда ҳам ҳуқуқий саводхонлик етарли эмас. Мажбурий меҳнатга барҳам бериш учун, аввало, ходимлар ўз ҳуқуқларини талаб қилиши лозим. Бизда шундай бир салбий тенденция бор: дейлик, 20 ходим бор, раҳбар кетгунча кетмайсан ёки ишларини охирига етказиб кетасан, деган талаб қўйилса ва бир нечтаси қарши чиқса, ўша қарши чиққанлар жамоадан четлаштирилади, босимлар бўлади. Бу — иллат.

Муҳаммадамин Каримжонов:

— XIX асрда Саммуэл Парнелл деган дурадгор Янги Зеландияда устахона очиб, «учга саккиз» ғоясини илгари суради. Яъни, ишчи 8 соат ишласин, 8 соат шахсий ишлари, 8 соат ухлаб дам олиш учун. Кейинчалик бутун дунёда муомалада бўлган 40 соатлик иш ҳафтаси ҳам шундан келиб чиққан.

 Меҳнат вазирлиги томонидан рейдлар ўтказилган эди. Айрим раҳбарлар жавобгарликка тортилган эди. Лекин сиёсий ирода етишмади шекилли, тўхтаб қолди. Яна эски ҳолат давом этяпти.

Бизда мана шу нарсалар илмий ўрганилмайди ҳам. Чет давлатларда шу нарсалар тадқиқ этилади. Президентимиз кардиология соҳаси вакиллари билан учрашганда бизда юрак-қон томир касалликлари жуда кўп эканини айтганди. Мана шу касалликнинг сабабларидан бири мажбурий меҳнатга бориб тақалади. Шуларни тадқиқ қилиш лозим.

Саидали Мухторалиев:

— «Учга саккиз» ғояси ишчи-ходимнинг ақлий, жисмоний салоҳияти, қуввати билан боғлиқ. Бир ходимни бугун ортиқча ишлатиб, нимадир натижага эришиш мумкин, лекин келажакдаги кўп йиллик потенциалини йўқотамиз.

·       Интервюни тўлиқ ҳолда юқоридаги видео орқали томоша қилишингиз мумкин. 

Суҳбатни Илёс Сафаров олиб борди.
Тасвирчи – Мирвоҳид Мирраҳимов.
Монтаж устаси – Шоҳруз Абдураимов.

Мавзуга оид