Жаҳон | 08:40 / 14.11.2023
25365
4 дақиқада ўқилади

Байден Исроилга Ғазодаги энг катта касалхона бўйича чақириқ билан чиқди

Халқаро ташкилотлар Ғазо секторидаги энг йирик шифохонадаги ҳалокатли вазият ҳақида хабар бермоқда. 

Фото: AP

АҚШ президенти Жо Байден 13 ноябр, душанба куни Исроилни Ғазо секторидаги энг йирик шифохона - Аш-Шифони ҳимоя қилишга чақирди. «Касалхонага нисбатан камроқ бузғунчи ҳаракатлар бўлишига умид қиламан ва кутаман. Касалхона ҳимояланган бўлиши керак», деди Байден журналистларга шифохона билан боғлиқ вазиятдан Исроилга хавотир билдирганми, деган саволга. Байден бу масала бўйича «исроилликлар билан алоқада» эканини таъкидлади, деб хабар беради AFP. 

Кейинроқ Оқ уйнинг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Жейк Салливан Вашингтон Исроил билан мулоқотда клиниканинг хавфсизлиги масаласини кўтарганини тасдиқлади. «Биз касалхоналарда отишмаларни кўришни истамаймиз. Беморлар ҳимоя қилинишини истаймиз, касалхоналар ҳимоя қилинишини истаймиз. Бу ҳақда Исроил ҳукумати билан гаплашдик ва улар бир хил фикрда эканини айтди», деди Салливан. АҚШ ҳарбий ҳаракатларда «кўпроқ узоқроқ» паузаларни кўришни истайди - «соатлар эмас, балки кунлар бўлиши керак», дея қўшимча қилди у. 

Ғазодаги энг йирик шифохона иши тўхтаб қолди

Ғазо секторида Исроил мудофаа кучлари (ЦАҲАЛ) ва ҲАМАС гуруҳи ўртасидаги шиддатли жанглар натижасида қирғоқбўйидаги энг йирик Аш-Шифо касалхонасининг фаолияти тўхтаб қолди. Бу ҳақда 12 ноябр куни Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) маълум қилди. ЖССТ раҳбари Адҳаном Гебрейесуснинг айтишича, клиникадагилар уч кундан бери электр ва сувсиз ўтирибди, у ердаги вазият ўта хавфли тус олган.

Унинг сўзларига кўра, беморлар орасида ўлим ҳолатлари кескин ошган. Юзлаб касаллар, шунингдек, касалхона ҳудудидан бошпана излаган минглаб одамлар фронтлар орасида тузоққа тушиб қолган. Касалхона мажмуаси сўнгги кунларда қайта-қайта ўққа тутилган. «Чегара билмас шифокорлар» хайрия ташкилоти клиникадаги вазиятни «ҳалокатли» деб атади.

Клиникага ёнилғи етказиб берилмаяпти

Шу билан бирга, Исроил ҳарбийлари туғилган чақалоқлар учун инкубаторларни қувватлантирадиган фавқулодда генератор учун касалхонага 300 литр ёнилғи етказиб беришганини, бу ҳаракатларни клиника вакиллари билан келишиб олганини хабар қилди. Аммо, уларнинг иддао этишича, ҲАМАС касалхонага бундан ортиқ ёнилғи етказишга гўёки рухсат бермаган.

Ғазо секторидаги яна бир касалхона - Ал-Қудс генераторлар учун ёнилғи етишмаслиги сабабли фаолиятини тўхтатишга мажбур бўлди, дея маълум қилди Фаластин Қизил ярим ой жамияти. ЦАҲАЛ Аш-Шифо клиникасига ҳужумлар бўйича айбловларни рад этяпти ва ҲАМАС жангчилари унинг бинолари ва улар остидаги туннелларда яширинганига ишора қиляпти. 13 ноябр куни эрталаб ҲАМАС вакиллари Ғазо сектори шимолидаги барча шифохоналар ишламаётгани тўғрисида эълон қилди. 

Ўз навбатида, 12 ноябр оқшомида Европа дипломатияси раҳбари Жозеп Боррел Исроилни тинч аҳоли ҳаётини ҳимоя қилиш учун «максимал даражада вазминлик» кўрсатишга чақирди. 

Исроил-Фаластин можароси

7 октябр куни эрталаб ҲАМАСнинг ҳарбий қаноти - «Иззаддин ал-Қассам бригадалари» Исроилга қарши «Ал-Ақсо тўфони» операцияси бошланганини эълон қилди. Ғазо секторидан Исроил томон минглаб ракеталар отилди, қуролли гуруҳлар Исроил аҳоли пунктларига кирди.

ҲАМАСнинг билдиришича, операция босиб олинган Шарқий Қуддусдаги Ал-Ақсо масжидига бостириб кириш ва исроиллик муҳожирларнинг фаластинликларга нисбатан зўравонлиги кучайиб бораётганига жавобан амалга оширилган.

Бунга жавобан Исроил армияси Ғазо секторида ҲАМАСга қарши ўнлаб қирувчи самолётлардан фойдаланган ҳолда «Темир қиличлар» операцияси бошланганини эълон қилди. 

Исроил-Фаластин можароси авж олгандан бери 11 мингдан ортиқ фаластинлик ҳалок бўлди. Исроилда қурбонлар сони 1400 дан ошади. Ғазонинг 2,3 миллион аҳолиси Исроилнинг ҳаводан оммавий бомбардимон қилиши ва эксклавнинг тўлиқ блокадаси туфайли озиқ-овқат, сув ва дори-дармонлар танқислигидан азият чекмоқда.

Мавзуга оид