Ўзбекистон | 08:00 / 14.11.2023
3574
2 дақиқада ўқилади

Женевада Ўзбекистоннинг инсон ҳуқуқлари бўйича навбатдаги ҳисоботи тақдим этилди

6-17 ноябр кунлари Женевада БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг Универсал даврий шарҳи (УДШ) бўйича ишчи гуруҳи 44-сессияси бўлиб ўтмоқда.

Фото: Дунё

«Дунё» хабарига кўра, универсал даврий шарҳ 2006 йил 5 мартда яратилган Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 60/251 резолюцияси Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг (ИҲК) механизми бўлиб, унинг доирасида БМТга аъзо барча 193 давлатда инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ вазиятни эксперт баҳолаш амалга оширилади

Ўзбекистон 2023 йил 8 ноябрда ўзининг тўртинчи ҳисоботини тақдим этди. 44-сессияда Ўзбекистон билан бир қаторда 13 давлат: Озарбойжон, Бангладеш, Буркина-Фасо, Кабо-Верде, Камерун, Канада, Колумбия, Куба, Жибути, Германия, Россия, Туркманистон ва Тувалунинг маърузалари кўриб чиқилди.

Ўзбекистон ҳисоботлари УДШнинг биринчи, иккинчи ва учинчи шарҳларида мос равишда 2008 йил декабр, 2013 йил апрел ва 2018 йил май ойларида кўриб чиқилган.

Тадбир давомида халқаро ҳамжамият эътиборига Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва рағбатлантириш борасида амалга оширилаётган салмоқли саъй-ҳаракатлар, қонунчилик, маъмурий ва суд-ҳуқуқ тизимидаги ислоҳотлар халқаро ҳамжамият эътиборига ҳавола этилди.

Ўзбекистон ҳисоботи бўйича йиғилишда 84 давлат сўзга чиқди ва 244 та тавсия берилди.

Сўзга чиққан делегацияларнинг аксарияти Ўзбекистон томонидан 2013 ва 2018 йиллардаги олдинги УДШ даврларида қабул қилинган тавсияларни амалга ошириш ҳамда ИҲК билан очиқ ва конструктив мулоқотни ривожлантириш бўйича кўрилган чораларни юқори баҳолади.

ИҲКга аъзо мамлакатлар, шунингдек, Ўзбекистоннинг болалар ва мажбурий меҳнатга барҳам бериш, айниқса, пахта терими, одам савдосига қарши кураш борасидаги ютуқларини ҳам ижобий баҳолади.

Сўз ва ОАВ эркинлигини таъминлаш, болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, оналар ва болалар ўлимини камайтириш, инсон ҳуқуқлари бўйича узлуксиз таълим тизимини яратиш, аёллар ҳуқуқлари ва гендер тенглигини таъминлаш, аёлларга нисбатан зўравонликнинг олдини олиш, коррупцияга қарши кураш, ҳуқуқбузарликларга қарши кураш бўйича кўрилаётган чора-тадбирларнинг самарали натижалари эътироф этилди.

2023 йил 10 ноябр куни Ўзбекистоннинг УДШ бўйича тўртинчи маърузасини эшитиш якунлари юзасидан тегишли тавсиялар қабул қилинди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид