Жаҳон | 20:58 / 14.11.2023
10712
10 дақиқада ўқилади

«Ўлим ва умидсизлик майдони». Урушнинг бир ойидан кейин Ғазодаги шифохоналарда нималар бўлмоқда?

Исроил ва ҲАМАС ўртасида уруш бошланганидан буён Ғазодаги шифохоналар ресурслар тақчиллиги, қочқинлар тўпланиши ва давом этаётган жанглар туфайли диққат марказида турибди.

Фото: AFP

Икки мингдан ортиқ фаластинлик Ғазодаги йирик «Аш-Шифо» шифохонасида қамалиб қолган, бу ерда сув ва ёнилғи тугаган, бошқа кўплаб тиббиёт муаасасалари ўз фаолиятини тўхтатишга мажбур бўлган.

Уруш бошланганидан буён Ғазода 36 та тиббиёт муассасаси, жумладан, 22 та шифохона шикастланган: уларнинг фақат айримлари ишлашни давом эттирмоқда, деб хабар берган ЖСТ.

«У ерда кириш ҳам, чиқиш ҳам йўқ», – дейди Халқаро Қизил Хоч ва Қизил Ярим Ой жамиятлари федерацияси вакили ташқи дунёдан узилиб қолган шифохона ҳақида.

АҚШ президенти Жо Байден душанба куни Ғазодаги шифохоналар ҳимоя остида бўлиши лозимлигини таъкидлади.

«Мен шифохоналарга нисбатан бузғунчи ҳаракатлар камроқ бўлишига умид қиламан, биз бу борада Исроил томони билан алоқада бўлиб турамиз», - деган Байден.

Аввалроқ Исроил ҳукумати Ғазонинг барча аҳолисини, жумладан шифокорлар ҳамда беморларни анклавнинг шимолий қисмини тарк этишга чақирганди, аммо кўплаб тиббиёт муассасалари бунинг имкони йўқлигини билдирган.

BBC рус хизмати Ғазо секторидаги асосий шифохоналарда нималар бўлаётганини ҳикоя қилди.

«Аш-Шифо»

«Аш-Шифо» – Римал туманида жойлашган бўлиб, Ғазо секторидаги энг йирик шифохона саналади.

ҲАМАС ва Исроил ўртасида қуролли ҳаракатлар бошланганидан сўнг ушбу шифохона ва унинг атрофи маҳаллий аҳоли вакиллари учун бошпанага айланганди: отишмалардан қочган ўн минг киши шу ерда яширинганди.

Аммо, БМТ ва ҲАМАС вакилларига кўра, бу ерда яшаб келган фаластинликларнинг кўпчилик қисми, шунингдек айрим тиббий ходимлар ҳам ҳозирда бу ердан кетишган.

Ғазо секторидаги шифохоналар бошқармаси раҳбари Муҳаммад Закутнинг маълумотига кўра, «Аш-Шифо» мажмуасида айни вақтда 650 бемор, 500 нафар тиббий ходимлар ҳамда вақтинча кўчиб келган 2,5 минг атрофидаги киши қолмоқда.

Дам олиш кунларида «Аш-Шифо»даги вазият оғирлашган: шифокорлар сўнгги генераторда ёнилғи тугаганини, шу туфайли бир неча бемор, жумладан, барвақт туғилгани учун инкубаторларда сақлаб келинган чақалоқлар жон берганини айтишган.

Исроил томони ўз ҳарбийлари шифохонага ёнилғи етказгани, аммо ҲАМАС жангарилари уни олишда ходимларга халақит қилганини маълум қилган.

«Аш-Шифо»да ҳамон юзлаб беморлар ва вақтинча бошпана топган тинч аҳоли вакиллари бор. Фото: AFP

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти шифохонадаги вазиятни «оғир ва хавфли» деб атаган ҳамда «Аш-Шифо» амалда шифохона сифатидаги функцияларини бажаришни тўхтатганини қўшимча қилган.

«Бу ерда уч кундан буён электр ва сув йўқ, мазкур ҳудудда мунтазам равишда отишмалар ва портлашлар давом этаётгани шусиз ҳам критик бўлган вазиятни янада оғирлаштирмоқда», – деган ЖСТ раҳбари Теодор Гебреисус.

«Хавфсиз бошпана бўлиши керак бўлган шифохоналар ўлим, вайронгарчилик ва умидсизлик майдонига айланганида дунё жим турмаслиги керак», – дея қўшимча қилган у.

Душанба куни Исроил қўшини «Аш-Шифо» дарвозалари олдига етиб келгани маълум бўлди. Исроил шифохона остидаги бункерда ҲАМАСнинг ерости штаби ташкил этилганини ва ҳаракат аъзолари беморлардан жонли қалқон сифатида фойдаланаётганини даъво қилган. ҲАМАС ва шифохона вакиллари эса бу айбловни рад этган.

Исроил тинч аҳоли вакилларига шифохонани тарк этиш, шифокорларга эса беморларни эвакуация қилиш бўйича кўрсатма берди. Исроил ҳукумати неонатал бўлимдаги чақалоқларни эвакуация қилишга, шунингдек, шифохонага инкубаторлар етказиб беришга тайёрлигини билдирган.

ЦАҲАЛнинг маълум қилишича, ҳарбийлар шифохонанинг кириш эшиги олдида генераторлари ишлаши учун 300 литр ёнилғи ҳам қолдирган, аммо ҳамасчилар ходимларга ёнилғини олишга имкон бермаган.

Исроил мудофаа армияси вакили Жонатан Конрикус BBC билан интервюда шифохона ходимларининг ёнилғини олиш учун чиқишса, ЦАҲАЛ томонидан ўққа тутилиши мумкинлигидан хавфсирагани тўғрисидаги баёнотига ҳам раддия берган.

«Мен буни қатъиян рад этаман, агар бу хавфсиз бўлмаган бўлса, Исроил қўшини туфайли эмас, балки фақат ҲАМАСнинг айби билан», – деган у.

«Аш-Шифо»дагиларнинг тасдиқлашича, шифохона ишлаши учун соатига 500 литр ёнилғи талаб этилади.

«Ал-Қудс»

«Ал-Қудс» – Ғазо секторида катталиги бўйича иккинчи шифохона ҳисобланади. Фаластин Қизил Ярим Ой жамияти маълумотларига кўра, ёнилғи тугагани ва электр энергиясидаги узилишлар туфайли ўтган ҳафта охирида шифохона фаолиятини тўхтатган.

«Исроил авиазарбалари давом этаётган фонда шифохона ўз ҳолига ташлаб қўйилди, бу тиббиёт ходимлари, беморлар ва вақтинча кўчиб келган аҳоли учун жиддий хавф туғдирмоқда», – дейилади ташкилот баёнотида.

Маълум қилинишича, Қизил Хоч эвакуация карвони душанба куни шифохонага қадар етиб боришга уринган, аммо ўт очиш давом этгани туфайли бунинг имкони бўлмаган.

«Шифохонадаги беморлар ва уларга қаровчилар ҳамон егуликсиз, сувсиз ва электрсиз ўтирибди», – дейилади Қизил Ярим Ой жамиятининг твиттер саҳифасида.

Дала ҳоспиталлари

Миср, Туркия ва Бирлашган Араб Амирликлари Ғазонинг жабрланган аҳолиси учун дала ҳоспиталлари ташкил этишга ваъда берди.

Оғир ярадорларнинг бир қисми Мисрдаги шифохоналарга юборилмоқда. Фото: Getty Images

13 ноябр куни Туркиянинг инсонпарварлик юклари ортилган кемаси Мисрнинг Ғазо сектори билан чегарадаги «Рафаҳ» назорат-ўтказиш пунктига яқин жойлашган Ал-Ариш шаҳри портига келган, деб хабар берди AFP агентлигига порт вакили.

Туркиялик мулозим кема саккизта дала ҳоспитали ташкил этиш учун қурилиш материаллари, генераторлар ва тез ёрдам машиналари олиб келганини билдирган.

Унинг сўзларига кўра, Анқара Қоҳирадан Ал-Аришда дала ҳоспиталлари қуриш учун рухсат сўраган ва «яшил чироқ» ёқилган.

Аввалроқ Бирлашган Араб Амирликлари Ғазо ҳудудида 150 ўринга мўлжалланган дала ҳоспитали ташкил этишини маълум қилганди. Амирликдаги WAM янгиликлар агентлиги хабарига кўра, бу ерда болалар ва катталар учун интенсив терапия бўлими, шунингдек хирургия ва анестезиология бўлимларини ташкил этиш режалаштирилган.

Фото: Getty Images

Анклавда Иорданиянинг «Ғазо-76» дала ҳоспитали ҳам мавжуд. Ноябр ойи бошида Иордания ҳукумати у ерга ҳаво орқали шошилинч тиббий ёрдам етказиб берилганини маълум қилганди – кейинроқ Исроил мудофаа армияси озиқ-овқат ва тиббий жиҳозларни етказиб бериш бўйича амалиёт улар орқали мувофиқлаштирилганини билдирди.

12 ноябр куни Иордания армияси БАА ва Қатар кўмагида парашютларда инсонпарварлик ёрдамининг иккинчи тўплами етказилгани ҳақида хабар берди.

Миср ҳам Ғазодан олиб чиқилган одамларга ёрдам кўрсатиш учун дала ҳоспитали тайёрламоқда: Reuters хабарига кўра, у «Рафаҳ» назорат-ўтказиш пунктидан 15 километр масофадаги  Шайх-Зувейдда жойлашган.

Фото: ANADOLU AGENCY

«Рантиси» ва «Ан-Наср»

«Рантиси» ихтисослашган болалар шифохонаси ва унинг ёнида жойлашган «Ан-Наср» тиббиёт маркази жума куни эвакуация қилинди, БМТнинг гуманитар масалаларни мувофиқлаштириш бошқармаси (OCHA) хабарига кўра, ушбу тиббиёт муассасаларида жуда оз миқдордаги беморлар ва тиббий ходимлар қолган.

Рантисида Ғазодаги ягона педиатрия онкология бўлими жойлашганди.

Шанба куни Исроил ҲАМАС қўмондонларидан бири, ушбу шифохонада мингга яқин кишиларни гаровда ушлаб туриб, уларнинг эвакуация бўлишига рухсат бермай келган Аҳмад Сиам ўлдирилганини маълум қилди.

Аҳмад Сиам «ҲАМАС Ғазодаги тинч аҳолидан террорчилик мақсадларида тирик қалқон сифатида фойдаланишига яна бир мисол бўлди», дейилган ЦАҲАЛ баёнотида.

Ғазодаги бошқа шифохоналар

Жабалия шаҳридаги Индонезия томонидан молиялаштириладиган шифохона ходимлари шанба куни ёнилғи ва дори-дармонлар етишмовчилигига қарамай, фаолиятини давом эттираётганини маълум қилди.

Ҳоспитални бошқарувчи Фавқулодда тиббий ёрдам қўмитаси раҳбари (MER-C) Сарбини Абдул Мурад шифохона «зулмат ва дори-дармон тақчиллиги шароитида ҳам омон қолиш ва ишлашда давом этишга ҳаракат қилаётгани»ни айтган.

11 ноябр куни авиазарба оқибатида Ғазо шаҳридан ғарбдаги Аш-Шатидаги қочқинлар лагерида жойлашган швед клиникаси вайрон бўлган.

БМТ маълумотига кўра, зарба берилган вақтда у ерда 500 га яқин тинч аҳоли вакиллари яширинган бўлган. Қурбонлар сони маълум эмас.

17 октябр куни Ғазо секторидаги «Ал-Аҳли» шифохонаси ёнидаги автотураргоҳда портлаш содир бўлганди: унинг ҳудудида ҳам анклавнинг авиазарбалар оқибатида бошпаналаридан айрилган аҳолиси жон сақлаётганди.

ҲАМАС авиазарбада Исроилни айблаган ва юзлаб кишилар ҳалок бўлганини билдирган, ЦАҲАЛ эса ҳодисага «Фаластин ислом жиҳоди» гуруҳининг носоз ракетаси портлаши сабаб бўлганини маълум қилган.

Ғарб разведкаси ракета катта эҳтимол билан Ғазо секторидан Исроил томонга учирилган бўлгани ҳақида хулосага келган.

Мавзуга оид