Жаҳон | 14:49 / 14.11.2023
20310
10 дақиқада ўқилади

Россия расмий нашрлари Днипро ёқасидаги қўшини чекинаётгани ҳақида хабар тарқатиб, кейин ўчириб ташлади. У ерда нималар бўлмоқда?

ТАСС ва РИА Новости Днипро дарёсининг чап соҳилидаги Россия қўшинлари «қайта гуруҳланаётгани» ҳақида хабар тарқатди — кейин эса ўз хабарларини ўчириб юборди. РФ мудофаа вазирлиги буни провокация деб атади, Украина ҚК эса бу Украинага қарши ахборот хуружи эканини билдирди.

Alexander Ermochenko / Reuters / Scanpix / LETA

Россия давлат ахборот агентликлари «Днепр» гуруҳи қўмондонлиги Днипро дарёси ёқасидаги қўшинларни шарққа олиб кетишга қарор қилгани ҳақида хабар тарқатди. Бундай хабар 13 ноябр куни соат 11 да РИА Новости ва ТАСС томонидан эълон қилинди. «Мавжуд вазиятни баҳолаб, „Днепр“ гуруҳи қўмондонлиги қўшинларни Днепрнинг шарқидаги қулайроқ позицияларга ўтказишга қарор қилди, деб хабар қилди Россия мудофаа вазирлиги. Вазирлик қайта гуруҳлаш ишларидан сўнг, „Днепр“ бошқа йўналишларда ҳужум пайтида ишлатиладиган кучларнинг бир қисмини озод қилишини қайд этган»,— дейилган РИА Новости телеграм-каналида жойлаштирилган хабарда.

Тахминан 10 дақиқа ўтиб давлат ахборот агентликлари ўз хабарларини ўчириб юборди. ТАСС «қайта гуруҳлаш» тўғрисидаги хабар «хатолик» билан чиқиб кетганини маълум қилган. «Биз обуначиларимиз ва ўқувчиларимиздан узр сўраймиз», — дейилади иккинчи хабарда. «2023 йил 13 ноябр  куни соат 10:50 да „,Днепр‘ гуруҳи қўшинлари нисбатан қулайроқ позицияга ўтказилаётгани“ тўғрисидаги хабар бекор қилинди», — дейилади РИА Новости сайтида.

РФ мудофаа вазирлиги «қайта гуруҳланиш» тўғрисидаги хабарни «провокация» деб атаган. «Россия Мудофаа вазирлиги матбуот маркази номидан Днипро ҳудудида қўшинларнинг гўёки „қайта гуруҳлангани“ ҳақидаги ёлғон хабар тарқалиши провокациядир», — дейилган РБК сўровига жавобан вазирликда. «Осторожно, новости» телеграм-канали РИА Новостидаги манбасига таяниб хабар беришича, агентлик қўшинлар олиб кетилиши ҳақидаги маълумотни РФ мудофаа вазирлигининг «тахминларга кўра, Украина ҳудудидан туриб юритиладиган» сохта аккаунтидан олган. Буни тасдиқловчи бошқа манбалар йўқ.

РФ президент матбуот котиби Дмитрий Песков барча саволлар россиялик ҳарбийларга берилиши кераклигини билдирди. «Бу нима бўлганда ҳам мутахассислар, профессионалларнинг, яъни бизнинг ҳарбийларнинг ҳуқуқи», — деган Кремл расмийси.

Украина армияси «қайта гуруҳланиш» тўғрисидаги хабарни «Украинага қарши ахборот хуружи» деб атаган. Миллий қаршилик маркази (Украина ҚК махсус амалиётлар кучлари томонидан тузилган) эса, ўз навбатида, маҳаллий аҳоли вакилларининг сўзларига кўра, бу ҳудудда Россия қўшинларининг ҳаракатида ўзгаришлар қайд этилмаган.

Фронтнинг мазкур участкасидаги вазият ҳақида қисқача

Украина қўшини бир йил муқаддам Херсонни озод этган, Россия армияси эса ярим йилдан ортиқ вақт давомида оккупация остида бўлган ҳудудларни ташлаб чекинган ва Днипро дарёсининг чап соҳилида янги мудофаа чизиғини барпо этишга киришганди.

Херсон йўналишида (Россия томондан бу йўналишга «Днепр» гуруҳи жавоб беради. 2023 йил октябр ойи охирида «Днепр» қўшинлари гуруҳи қўмондонлигига генерал-полковник Михаил Теплинский тайинлангани маълум бўлди.) жиддий ўзгаришлар йўқ.  Сўнгги кунларда украин ҳарбийлари дарёнинг чап соҳилига ўтиб, асосий ўзан ва унинг ирмоғи — Конка дарёси оралиғидаги ҳудудда янги позицияларда ўрнашишга ва плацдармни кенгайтиришга ҳаракат қилмоқда. BBC маълумотига кўра, ўтган ҳафтада украин қўшини Кринки посёлкасининг катта қисмини эгаллаган ва бу ерга оғир техникаларини олиб ўтган. Аммо қишлоқнинг шарқий қисмини россиялик ҳарбийлар ўз назоратида ушлаб турибди. Шу билан бирга, Украина қуролли кучлари дарёнинг чап соҳили бўйлаб — Херсондан Нова Каховкагача — тахминан 10–20 километр ичкаридаги позицияларга дронлар орқали ҳам ҳужум қилмоқда ва артиллерия зарбалари йўлламоқда. Украина қуролли кучларидаги манба украин ҳарбийлари ушбу позициядан нисбатан кенгроқ кўламдаги юришни бошлаш — Россия қўшинларини бўлиб юбориш ҳамда уларнинг таъминот линиясини кесиб қўйишни мақсад қилган.

Фронтнинг ушбу участкасидаги ҳозирги вазиятга олиб келган воқеалар кетма-кетлиги:

  • 2022 йил 11 ноябрда Херсон областининг ўнг соҳилдаги қисми озод этилгач, Днипро дарёси ўзани ва Каховка ГЭС тўғонидан қуйи қисмидаги ирмоқлари ҳосил қилган ороллар Украина қуролли кучларининг десант амалиётлари нишонига айланди.
  • 2022 йил март ойио хирида Украина ҚК отрядлари катерларда сузиб келиб, Днипродаги Катта Потёмкин оролини, шунингдек, Белогрудов оролининг ҳам бир қисмини эгаллаб олишга муваффақ бўлади.
  • Май ойига келиб УҚК Россия қўшинларини Херсонга яқин жойлашган оролларнинг аксаридан сиқиб чиқаради — РФ ҚК юқорироқда жойлашган ўнг соҳилдан бериладиган артиллерия зарбалари туфайли олдинги позицияларини қайтариб ололмайди.
  • Июл ойида УҚК кичик отрядлар билан Антонов кўприги атрофида барқарор плацдарм яратишга уринади, аммо бу йўналишдан ҳужумни ривожлантиришнинг имкони бўлмайди.
  • Октябр ойи ўрталаридан бошлаб УҚК Днипро устидан ўтган темирйўлдан шарқдаги оролларда, дарёнинг асосий ўзани ва унинг ирмоқлари, биринчи навбатда Конка дарёси оралиғида бир қанча барқарор плацдармлар ташкил этишга муваффақ бўлди. Ҳозирда украин қўшини оқимнинг юқори қисмида, Каховка ГЭСга қадар бўлган ҳудуддаги аҳоли яшамайдиган оролларнинг деярли барчасини ўз назоратига олган. Шу билан бирга, ушбу оролларга туташган ва нисбатан баландликда жойлашган аҳоли яшаш манзиллари (Алешки, Козачи Лагери, Корсунка, Днипряни қишлоқлари) Россия кучлари назоратида қолмоқда.
  • Украина кучларининг мазкур ҳудуддаги асосий плацдармига энг яқин жойлашган Кринки қишлоғида айниқса ўзига хос вазият ривожланмоқда. Украина ҚК бу ерда Конка дарёсини кечиб ўтиб, қишлоқнинг камида ғарбий қисмини эгаллаган, Россия қўшини украин десанти бўйлаб зарбалар бераётгани акс этган кўп сонли видеолар ҳам шундан дарак беради. Украин ҳарбийлари десанти камикадзе-дронлар воситасида Россия қўшинларининг жойлашув манзиллари бўйлаб ёппасига ҳужумлар уюштирилиши орқали қўллаб-қувватланмоқда. 11 ноябр ҳолатига кўра, қишлоқдан жанубдаги ўрмонзорда ҳам шиддатли жанглар олиб борилаётганди.

«Бу ҳарбий ҳаракатлар мантиғига умуман мос келмайди»
BBC Рус хизмати ҳарбий шарҳловчиси Иля Абишев — бу хабар нима учун ҳақиқатдан йироқ экани ҳақида

Россия нашрлари Днипро ёқасидаги қўшинлар қайта гуруҳланаётгани ҳақида мудофаа вазирлиги номидан янглиш тарқатилган хабар шаклан ишончли кўринади, аммо мазмунан эмас.

Россия мудофаа вазирлиги олдинги чекинишлар чоғида ҳам қўшинларни «қулайроқ позициялар»га олиб ўтиш атамасидан фойдаланган ва аудиторияни бу орқали вазият фақат яхшиланишига ишонтирган.

Аммо агар ўтган йил кузида Изюм, Лиман ва Херсон атрофидаги «қайта гуруҳланиш» тўғридан тўғри қуршов ва қириб ташланиш хавфи билан боғлиқ объектив зарурат туфайли юзага келган бўлса, Херсон областининг босиб олинган қисмида ҳозирда юзага келган вазият хавотирли бўлса-да, Россия қўшини учун у қадар катта таҳдид солмаяпти.

Украина қуролли кучлари Днипронинг чап соҳилида плацдармлар ташкил этишга уринмоқда. Улар Кринки қишлоғи атрофига десант туширган ва Россиянинг шартнома асосида хизмат қилувчи бўлинмалари ҳужумларини қайтаришга муваффақ бўлган. Энди улар чап соҳилга сузиб ўтаётган бўлинмалар миқдорини оширмоқда, уларни зирҳли техникалар билан кучайтирмоқда ва назорат зонасини аста-секинлик билан кенгайтирмоқда.

Россия қўмондонлиги бу йўналишда йирик гуруҳ жамлаган, аммо ҳозирча асосий кучларни жангга ташламаган. Бунинг бир қанча сабаблари бўлиши мумкин.

Биринчидан, Днипронинг ўнг соҳилида жойлаштирилган Украина артиллерияси устунлиги ўз сўзини айтмоқда — кучларнинг бундай нисбатида украин плацдармларига ёппасига ҳужум уюштириш оқлаб бўлмайдиган катта йўқотишларга олиб келиши мумкин.

Иккинчидан, Украина томони режаси номаълум — Кринки атрофига десант ташланиши чалғитувчи манёвр бўлиши, асосий зарба эса бошқа жойда берилиши мумкин.

«Днепр» гуруҳи жавобгар бўлган қирғоқ чизиғи узунлиги Кинбурн қумлоғининг учидан Энергодаргача тахминан 300 км масофани ташкил этади, Украина ҚКнинг десант операцияси исталган участкада амалга оширилиши мумкин, Россиядаги захира кучлари эса барча ҳудудни қамрашга етмайди ва улар у қадар мобил ҳам эмас.

Кўриниб турибдики, Россия қўмондонлиги, бир томондан, Кринки атрофидаги вазиятни ўнглашни истайди, бошқа томондан — таваккал қилмоқчи эмас. Ва ҳозиргача Днипронинг чап соҳилидаги украин плацдармлари муаммосини чекланган кучларнинг ҳужумлари билан ҳал қилишга уринмоқда.

Нима бўлганда ҳам, Россия қўшинларининг шарқ томон чекиниши ҳарбий ҳаракатлар мантиғига умуман тўғри келмайди. Днипро бўйидан шарққа кетиб, душманни катта қийинчилик билан жанг олиб борилаётган плацдармларни осонлик билан эгаллаш ва мустаҳкамлашга таклиф қилишнинг нима кераги бор?

Россия армияси Херсон областининг жануби-ғарбида улкан ҳудудларни очиқ қолдириб, Қрим томон йўл бўшатиши учун дарҳол барчага маълум бўладиган қандайдир драматик воқеа рўй бериши талаб этиладим.

Аммо шунга ўхшаш ҳеч нарса рўй бергани йўқ.

Азиз Қаршиев
Муаллиф Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид