Иқтисодиёт | 20:10 / 15.11.2023
16944
2 дақиқада ўқилади

Қозоғистон Марказий банки рақамли тенгени расман ишга туширди 

Мамлакатда электрон валютадан тўлов воситаси сифатида фойдаланиш йўлга қўйилмоқда.  

Фото: Getty Images

Қозоғистон молиячиларининг XII Конгресси доирасида рақамли тенгени ишга тушириш маросими бўлиб ўтди. Бу ҳақда Қозоғистон Миллий банки хабар берди. 

Регулятор синов тариқасида рақамли тенге платформасини синовдан ўтказади. Мижозлар мобил иловада ҳисобрақам очиш орқали валютадан фойдаланиши мумкин бўлади. 

Миллий банк иштирокчи банклар фойдасига рақамли тенгенинг биринчи эмиссиясини амалга оширди. Рақамли тенгедан фойдаланган ҳолда биринчи реал чакана савдо ҳам амалга оширилди. 

Қозоғистон Миллий тўлов корпорацияси раиси Бинур Жаленов сўзларига кўра, мамлакатда мавжуд тўлов карталарини рақамли тенге платформаси билан бирлаштирувчи технология яратилди. 

«Бу сизга ApplePay, SamsungPay ва бошқа қурилмалардан фойдаланган ҳолда дунёнинг исталган нуқтасида, қаерда бўлсангиз ҳам рақамли тенгеда тўлов қилиш беради», деб тушунтирди у. 

Рақамли тенгени тўлиқ миқёсда жорий этиш 2025 йил охиригача режалаштирилган. 

Рақамли тенге алоҳида электрон ҳамёнларда қайд этиладиган ноёб рақамли кетма-кетликлар форматида чиқарилади. Рақамли пулларни жорий этишнинг афзалликлари қаторида экспертлар коррупцияга қарши курашнинг яна бир усули пайдо бўлганини, офлайн форматда нақд пулсиз тўловларни амалга ошириш имкониятини, шунингдек, воситачилар сонини камайтириш ҳисобига трансчегаравий тўловларни тезлаштириш ва нархини пасайтиришни келтирмоқда. 

Худди шундай валюта Россияда ҳам жорий қилинмоқда. 15 августда рақамли рубл орқали тўловларни амалга ошириш синов тариқасида ишга туширилган.

Мавзуга оид