Жамият | 12:17 / 15.11.2023
43093
7 дақиқада ўқилади

Шамоллаш мавсуми бошланяпти – унга болаларни қандай тайёрлаш ва ҳимоя қилиш керак?

Совуқ кунлар яқинлашиши билан шамоллаш ва грипп мавсуми ҳам бошланади. Бу даврдан, айниқса, болаларни касал қилмасдан ўтиб олиш ота-оналарни ташвишлантириши аниқ. Kun.uz нега қишда грипп кўпайиши, иммунитетни яхшилаш ва касаллик юқтирмаслик учун қандай эҳтиёт бўлиш ҳамда тумов юқиб қолса, қилиш керак бўлган чоралар ҳақида муҳим маълумотларни тўплади.

Қишда нега юқумли касалликлар авж олади?

Вируслар совуқ ва қуруқ ҳавода фаоллашади. Тўғри, қиш фаслида атмосферада намлик нисбатан юқори бўлади. Бироқ хоналар иситилиши сабабли ҳаво қуруқлашади. Бу эса инфекцияларнинг авж олиши учун қулай муҳит.

Қолаверса, патогенлар тоза ҳавони ёқтирмайди. Аммо совуқ кунларда эшик ва деразалар зич ёпилиб, хоналар ҳавоси тез-тез алмаштирилмайди. Одамлар асосий вақтини иссиқ шароитда, бир неча киши ёки кўпчилик бир жойда жамланиб ўтказади. Вируслар эса ёпиқ бино-иншоотлар, аҳоли гавжум жойларда тезроқ тарқалади.

Совуқ ҳарорат юқори нафас йўлларидаги туғма иммунитет ҳужайралари фаолиятига салбий таъсир кўрсатади. Ўз навбатида, қуруқ ҳаво инфекциялар учун тўсиқ бўлган шиллиқ қаватлар хусусиятларини ўзгартиради.

Бундан ташқари, камҳаракатлилик ҳам организмнинг касалликларга курашиш қобилиятини сусайтиради. Оқибатда шамоллаш ва гриппга чалиниш эҳтимоли ошади. Қиш мавсумида кўпчилик асосий вақтини ёпиқ муҳитда ўтказиши туфайли жисмоний фаолликдан чекланади.

Болаларни юқумли касалликлардан қандай ҳимоя қилиш керак?

Юқумли касалликлар, асосан, ҳаво томчилари орқали юқади. Шифокор Раъно Мусажонованинг айтишича, юқумли касалликларга кўпроқ 3-15 ёшли болалар кўпроқ чалинади. Касаллик оғир ёки енгил кечиши болаларнинг иммун тизимига боғлиқ.

Болаларни грипп юқтириб қийнаб қўймаслик учун уларни эҳтиётлаш зарур. Қандай қилиб?

Гигиена қоидаларига амал қилиш лозим

Бунинг учун болаларга энг керакли пайтларда қўлларини тозалаб ювишни ўргатиш лозим. Қўлларни:

  • ўйин ўйнаб бўлгач;
  • овқатланишдан олдин;
  • ҳожатхонадан чиққач;
  • қўл микроб бўладиган исталган бошқа пайтда ювишга ўргатиш керак.

Тозаликка доимий амал қилиш касаллик тарқалиши ва болалар касал бўлиб қолишининг олдини олади. Шунингдек, болаларга йўталган ва аксирганда оғиз ва бурунларини қўл ёки тирсак билан тўсиш зарурлигини ҳам ўргатиш лозим.

Иммунитетни ошириш

Кўпчилик ота-оналар иммунитетни яхшилаш деганда турли қўшимча воситаларни афзал кўради. Лекин уларнинг самараси тўла исботланмаган. Ҳақиқий иммунитет кучайтиргичлар қўшимча пул талаб қилмайди.

Иммун тизими яхши ишлаши учун, аввало, яхши ва меъёрда ухлаш, мева сабзавотларга бой овқатланиш рационини ташкил қилиш, доимий жисмоний фаоллик, стресслардан узоқ бўлиш (буниси ота-оналарга тегишли) керак.

Бизнинг иммун тизимимиз ўзига хос, у генимиз, атроф-муҳит, истеъмол қилаётган озиқ-овқатлар ва биз дуч келадиган микроблар таъсирида яралади.

Бундан ташқари, тоза ҳавода етарлича бўлишни унутмаслик лозим. Организм яхши ишлаши учун витамин Д зарур, қишда эса танамиз қуёшдан оладиган витамин Д қисқариши мумкин. Жисмоний машқлар ва витамин Д танамизни соғлом сақлашга ёрдам беради.

Вакцина олиш

Вакциналар ҳам гриппдан ҳимоя қилувчи самарали восита ҳисобланади. Лекин уни олишдан олдин болани шифокор кўригидан ўтказиш лозим.

Касал юқтирганда уйда қолиш

Агар бола грипп бўлиб қолса, унинг уйда бўлиши энг тўғри танлов. Сабаби агар мактабга ёки боғчага борса, ўйингоҳда бошқа болалар билан ўйнаса, уларга ҳам вирус юқиши эҳтимоли ошади.

Қолаверса, уйда шамоллаганлар бўлганда ҳам болаларни алоҳидалаш, тиббий ниқобдан фойдаланиш керак.

Агар бола шамоллаган бўлса, нималарни билиш керак?

Шифокор Абдуманнон Абдуқаюмов берган маълумотга кўра, Болаларни бундан ҳимоя қилишнинг йўли – уларни мавсумга қараб кийинтириш керак. Уларнинг овқатланишига, айниқса нонуштасига жуда эътиборли бўлиш керак. Витаминга бой маҳсулотларни истеъмол қилиш, гигиенага риоя қилиш ва албатта спорт билан мунтазам равишда шуғуллантириб, чиниқтириш лозим.

Шамоллаш мавсумида болада шамоллаш аломатлари кузатилса, уни 3 кунгача жамоат жойларига жўнатмай туриш тавсия этилади. Чунки бошқаларга ҳам юқтириш эҳтимоли катта бўлади.

Агар болада шамоллаш аломатлари кузатилаётган бўлса, эътиборли бўлиш лозим. Одам организмида 3 кунгача иситма чиқиши нормал ҳолат ҳисобланади. 3-5 кун орасида тана ҳарорати 38,5 даража бўлиши организмнинг касаллик билан курашаётганини билдиради. Бу вақтда беморни ҳеч қандай антибиотик ёки бошқа воситалар билан даволаш тавсия этилмайди. Агар бемор саломатлиги шу вақт ичида яхши томонга ўзгармаса, шифокорга мурожаат қилиш керак.

Беморни алоҳидалаш, хона ҳавосини вақти-вақти билан тозалаб туриш зарур.

Қачон “Тез ёрдам” чақириш керак?

Болага оз-оздан, тез-тез суюқлик ичириш тавсия этилади. Оддий қайнаган сув ёки уйда тайёрланган мева шарбатлари томоқдаги йўтал ва оғриқни юмшатиб, танадан вирусларнинг тезроқ чиқиб кетишини таъминлайди. Бурун ва томоқни тузли сув билан чайиш ҳам жуда зарур муолажа усулидир.

Бола тана ҳарорати 38,5 даражадан ошса, овқат емай қўйса, кучли ҳансираш кузатилса, нафас қисиши аломатлари пайдо бўлса, тинмай ёки кўп ухласа, дарҳол “Тез ёрдам”га мурожаат қилиш тавсия этилади.

Бемор боланинг қисқа муддатда соғайиши учун уларни соғлом овқатлантириш керак. Масалан, олти ойгача бўлган чақалоқлар парваришида она сути жуда муҳим. Шу сабабли бундай болаларни истисносиз тез-тез ва кўпроқ эмизиш зарур. Олти ойдан ошган гўдакларни кўкрак сути билан бирга, одатдагидек, қўшимча овқатлар ҳам берса бўлади.

Кичкинтойларга ёшига мос, аввал ҳам еб ўрганган ҳамда ўзи севиб истеъмол қиладиган, юмшоқ пиширилган, иштаҳа очувчи таомлар берилиши мақсадга мувофиқ.

Болани касал пайтида тез-тез, кам-кам таомлантириш керак. Соғайгач эса унга одатдагидан ҳам кўпроқ овқат беришни таклиф этамиз. Бу фарзандларимизнинг қувватини тиклаши учун муҳим.

Антибиотиклар умуман мумкин эмас

Шамоллаганда кўпинча уй шароитида даволанишга ўрганганмиз. Лекин билиб-билмасдан туриб болага турли антибиотиклар бериш ёки инъекциялар қилиш умуман нотўғри. Баъзи шифокорлар ҳам шундай вазиятда антибиотик қабул қилишни буюришади. Бу даволаш чораси нотўғри. Ҳар бир ота-она ўз фарзанди саломатлиги учун масъул ва касал бўлганда бола қабул қиладиган ҳар қандай дори ёки уколга жиддий қараши керак. Шамоллаш 99 фоиз ҳолатларда вируслар орқали келиб чиқади. Грипп ёки мавсумий вирусли касалликларда антибиотиклар умуман мумкин эмас, тавсия этилмайди.

Эслатма: 3 ёшгача гўдаклар йилига 4 мартадан кўп, 3 ёшдан юқори болалар эса йилига 6 мартадан ортиқ респиратор касалликлар, яъни ЎРВИ, грипп, бронхит билан хасталанса, улар тез-тез шамолловчи болалар гуруҳига киради.

Бундай кичкинтойлар доимий равишда шифокор назоратида бўлиши ва мутахассис тавсияси асосида керакли муолажаларни олиши зарур.

Мавзуга оид