Жаҳон | 14:02 / 16.11.2023
5755
3 дақиқада ўқилади

БМТ Хавфсизлик кенгаши Ғазо секторида гуманитар танаффусларга чақирди

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Хавфсизлик кенгаши Ғазо секторида тинч аҳолига ёрдам бериш учун зудлик билан ва узоқ муддатли гуманитар танаффусларга чақирувчи резолюцияни қабул қилди. Унинг қабул қилиниши учун 12 давлат овоз берди. АҚШ, Буюк Британия ва Россия бетараф қолди. 

Фото: David Dee Delgado/REUTERS

БМТ Хавфсизлик кенгаши 15 ноябр, чоршанба куни Ғазо секторидаги жангларда зудлик билан ва узоқ муддатга гуманитар пауза қилишни, шунингдек, тинч аҳолига ёрдам бериш учун бутун эксклав бўйлаб гуманитар йўлаклар яратишни талаб этувчи резолюцияни қабул қилди. Резолюцияда, шунингдек, ҲАМАС ташкилоти томонидан гаровга олинган барча шахсларни зудлик билан озодликка чиқариш талаб қилинган. 

Ҳужжат овоз беришга Малта томонидан тақдим этилган. Хавфсизлик кенгашининг 15 аъзосидан 12 таси уни қўллаб-қувватлади. Қолган учтаси - АҚШ, Буюк Британия ва Россия бетараф қолди. БМТдаги манбаларнинг журналистларга айтишича, резолюция муаллифлари «муваффақиятга нисбатан ишончи комил бўлмагунча» овозга қўйилмаган. 

Исроил аллақачон резолюцияни рад этишини билдирди. Исроил Ташқи ишлар вазирлигининг тегишли пресс-релизида айтилишича, у ерда санаб ўтилган чора-тадбирларни ҲАМАС одамларни гаровда ушлаб туришда давом этар экан, амалга ошириб бўлмайди. Исроилнинг БМТдаги доимий вакили Гилад Эрдан резолюцияни «ҳақиқатдан узоқ» деб атади ва Хавфсизлик кенгаши «7 октябр куни ҲАМАС томонидан амалга оширилган ҳужумни эътиборсиз қолдиришда, қоралаш ва ҳатто эслашдан бош тортишда давом этаётганини» таъкидлади. 

БМТ Хавфсизлик кенгаши 4 марта Ғазо бўйича резолюцияни қабул қила олмади 

Ғазо секторидаги вазият кескинлаша бошлаганидан бери БМТ Хавфсизлик кенгаши тўрт марта ушбу можаро бўйича резолюцияни қабул қила олмади. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош ассамблеяси 27 октябр куни «зудлик билан, доимий ва барқарор гуманитар ўт очишни тўхтатишга» чақирувчи резолюцияни қабул қилди. БМТга аъзо 193 давлатдан 120 таси вакиллари уни ёқлаб овоз берди. Иордания томонидан киритилган ушбу резолюцияда ҲАМАС ҳаракати ёки Исроил ҳақида ҳеч қандай гап йўқ. 

Исроил-Фаластин можароси

7 октябр куни эрталаб ҲАМАСнинг ҳарбий қаноти - «Иззаддин ал-Қассам бригадалари» Исроилга қарши «Ал-Ақсо тўфони» операцияси бошланганини эълон қилди. Ғазо секторидан Исроил томон минглаб ракеталар отилди, қуролли гуруҳлар Исроил аҳоли пунктларига кирди.

ҲАМАСнинг билдиришича, операция босиб олинган Шарқий Қуддусдаги Ал-Ақсо масжидига бостириб кириш ва исроиллик муҳожирларнинг фаластинликларга нисбатан зўравонлиги кучайиб бораётганига жавобан амалга оширилган.

Бунга жавобан Исроил армияси Ғазо секторида ҲАМАСга қарши ўнлаб қирувчи самолётлардан фойдаланган ҳолда «Темир қиличлар» операцияси бошланганини эълон қилди. 

Исроил-Фаластин можароси авж олгандан бери 11 мингдан ортиқ фаластинлик ҳалок бўлди. Исроилда қурбонлар сони 1400 дан ошади. Ғазонинг 2,3 миллион аҳолиси Исроилнинг ҳаводан оммавий бомбардимон қилиши ва эксклавнинг тўлиқ блокадаси туфайли озиқ-овқат, сув ва дори-дармонлар танқислигидан азият чекмоқда.

Мавзуга оид