Фан-техника | 18:45 / 17.11.2023
69988
2 дақиқада ўқилади

Энг арзон ва энг қиммат интернетга эга давлатлар аниқланди 

Ўзбекистон арзон уй интернетига эга давлатлар сафидан жой олди. Аммо тезлик борасида натижа аъло эмаслиги қайд этилди. 

Фото: Flickr

Picodi таҳлилчилари дунёнинг турли мамлакатларидаги уй (симли) интернети нархини солиштиришди. Бунинг учун улар 85 та давлатнинг 364 та провайдери нархларини текшириб, энг оммабоп тариф бўлган 100 Мбит/с учун ойлик нархни таққослаб кўришди. 

Маълум бўлишича, Ўзбекистонда 100 Мбит/с тезликдаги уй интернетининг ўртача нархи 17,6 долларга (≈217 минг сўм) тенг. Бу рейтингда йигирма учинчи кўрсаткич ҳисобланади. Дунёдаги энг арзон уй интернети Россияда қайд этилган: атиги 5,6 доллар. Ундан кейинги ўринларни Украина ($6,1), Руминия ($6,4), Виетнам ($6,7) ва Молдова ($7,7) эгаллаб турибди. 

Энг қиммат интернет Норвегияда қайд этилган - $79,4. Кейинги ўринларни Исландия ($ 62,1) ва Австралия ($61,8) эгаллаган.  

Тўлиқ рейтинг шундай кўринишга эга: 

Баъзи давлатлар, жумладан, Испания, Франция, Хитой ва Сингапур рейтингга киритилмаган. Чунки маҳаллий провайдерлар 100 Мбит/с тезликдаги тарифни таклиф қилмайди — нархлар рўйхатида бундан ҳам тезроқ интернет тарифлари мавжуд. 

Мутахассислар, шунингдек, 20 доллар ёки унинг маҳаллий валютадаги эквиваленти (Ўзбекистонда ≈246 минг сўм) билан қандай тарифга обуна бўлиши мумкинлигини текширишди. 

Бу нархга энг юқори тезлик Латвияда экани аниқланди – 1,2 Гбит/с. Энг паст тезлик Тожикистонда – 5 Мбит/с. 

Ўзбекистонда бу нархга 100 Мбит/с тезликдаги интернетга уланиш мумкинлиги қайд этилган (рейтингда 9-ўрин). 

Мавзуга оид