Спорт | 18:06 / 17.11.2023
29959
3 дақиқада ўқилади

«Эронга қарши қандай ўйнаш кераклигини жуда яхши биламан». Катанец Ашхободдаги майдонни аянчли деб атади

У миллий жамоанинг Шимолий Корея ва Фаластиндаги ўйинларини мисол қилиб келтирди.

Фото: Getty images

ЖЧ-2026 саралаш ўйини доирасидаги Туркманистон – Ўзбекистон (1:3) баҳсидан кейин Сречко Катанец ва Отабек Шукуров матбуот анжуманида иштирок этишди. Миллий жамоа бош мураббийи сунъий қопламали майдондаги иродали ғалаба, Эронга қарши учрашув ва Отабек Шукуров ҳақида гапирди.

«Бугунги ўйинда ғалабага ҳақли эдик. Жамоам ўйинидан жуда ҳам хурсандман. Жуда яхши ўйин ўтказдик. Биласиз, бу дастлабки расмий ўйинимиз эди ва саралашни ғалаба билан бошлаш биз учун муҳим эди. Бугун мағлубиятга учраганимизда йигитлар навбатдаги ўйин олдидан катта босим остида қолишарди.

Биринчи бўлимда рақиб жамоа битта имкониятидан фойдаланиб, ҳисобни очди. Иккинчи бўлимда эса биз ўйинимизни анча кучайтирдик ва 3 та гол билан ғалабага эришдик. Аслида яна кўпроқ гол уриш мумкин эди. Йигитлар ўйинидан қониқдим.

Айнан ниманинг эвазига ғалаба қозондик? Ўйин бошиданоқ рақибга босим ўтказишга уриндик ва рақибдан ҳар томонлама яхши ўйнадик, деб ўйлайман.

Кеча ҳам айтгандим, бундай аянчли майдонда ўйнаш мумкин эмас. Туркманистон жамоаси бу сунъий қопламага мослашиб олгандир, аммо қўл остимдаги жамоа йилда фақат бир марта бундай майдонда ўйнаши мумкин. Қопламада тўп бошқача ҳаракатланади, тўпнинг сакраши ҳам баланд бўлади.

Ишонинг, Ўзбекистондан кучлироқ жамоалар ҳам бундай майдонда ютқазиши ҳеч гап эмас. Чунки бу майдонда ҳимояланадиган жамоага ҳар доим осон бўлади. Бунга мисол қилиб, Ўзбекистоннинг ЖЧ-2018 саралашида Шимолий Кореяга қарши ўтган ўйиндаги майдонда, ЖЧ-2022 саралашида Фаластин майдонида айнан сунъий қопламада тўп суриб, кутилмаган мағлубиятга учраганини мисол қилиб келтириш мумкин. Яъни бундай шароитда доим ютқазганмиз.

Шу боис, ўйиндан олдин йигитларга биз жамоа сифатида рақибдан кучли эканимиз, фақат буни майдонда исботлашга тўғри келишини айтгандим.

Эронга қарши ўйинга тайёрмизми? Ўйиндан кейин ҳозироқ тайёрмиз, дея олмайман. Чунки бундай майдондаги ўйиндан кейин тикланишимиз лозим. Бунга эса одатдагидан кўпроқ вақт талаб этилади. Орада 5 кун вақт бор, умид қиламанки жамоани кейинги ўйингача тайёрлай оламиз.

Эрон миллий жамоаси анча кучли рақиблардан, уларнинг таркибидаги аксарият ўйинчилар кучли лигаларда муваффақиятли тўп сурмоқда. Шунга қарамай, Эронга қарши қандай ўйнашни биламан, чунки бунгача улар билан 3 марта тўқнаш келганман. Ўша ўйинларда қўл остимда бўлган жамоа ғалаба, мағлубият ва дуранг қайд этган. Келаси турда ҳам Эронга қарши қандай ўйнаш кераклигини мен жуда яхши биламан.

Отабек Шукуров? У бугун ҳужумда ўйнаши керак эди, бу менинг хатом», - дейди Сречко Катанец ғалабали баҳсдан кейин ҳазил оҳангда.

Маълумот учун, Ўзбекистон милилй жамоаси 21 ноябр куни Тошкентда Эронга қарши майдонга тушади.

Мавзуга оид