Жаҳон | 13:31 / 17.11.2023
7347
3 дақиқада ўқилади

The Guardian: ЕИ Медведевнинг ўғлини санкциялар рўйхатига киритди

Европа Иттифоқининг урушга қарши санкциялари 12-пакети доирасида тайёрланаётган чора-тадбирлар Россиянинг тижорий даромад манбаларини тўхтатишга қаратилган. Улар 120 га яқин жисмоний ва юридик шахсларга тааллуқлидир.

Фото: Михаил Светлов / Getty Images

Иля Дмитриевич Медведев исмли, туғилган санаси Россия собиқ президенти Дмитрий Медведевнинг ягона ўғли туғилган кунига тўлиқ тўғри келадиган шахс Европа Иттифоқининг 12-санкциялар пакетида кўзда тутилган чекловлар остида қолади. Бу ҳақда Британиянинг The Guardian газетаси 16 ноябр, пайшанба куни хабар берди. Қайд этилишича, Иля Медведевга «Украинада дезинформация ва ташвиқот кампаниясига раҳбарлик қилгани» учун санкция жорий этиляпти.

Бундан ташқари, 47 киши киритилган санкция рўйхатида Кемерово вилояти губернаторининг рафиқаси ва Украинада жанг қилаётган россияликларга ёрдам кўрсатувчи «Защитники Отечества» жамғармаси раҳбари Анна Цивилёва ҳам бор. «Агентство» суриштирув нашрининг ёзишича, Цивилёва Россия президентининг қариндоши ҳисобланади, чунки унинг отаси Россия давлати раҳбарининг амакиваччасидир.

«Қариндошлар ёки юқори мартабали амалдорлар, жумладан, раҳбарият вакилларининг оиласи ҳам Европа Иттифоқи санкциялар рўйхатига киритилиши Кремлни ғазаблантиради», деб тахмин қилмоқда британиялик журналистлар.

Европа Иттифоқининг Россияга қарши санкциялари 12-тўплами

15 ноябр куни Европа дипломатияси раҳбари Жозеп Боррел Еврокомиссия билан биргаликда Европа Иттифоқи кенгашига Россиянинг Украинада ҳарбий ҳаракатлар бошлаши муносабати билан қабул қилинадиган янги санкциялар пакети лойиҳасини тақдим этди.

12-пакет доирасида Боррел Европа комиссияси билан биргаликда 120 дан ортиқ жисмоний ва юридик шахсларни «Украина суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини бузишдаги роли учун» санкция рўйхатига киритишни таклиф қилмоқда. Гап, бошқа нарсалар қаторида, Россия ҳарбий, мудофаа ва IT-секторлари вакиллари, шунингдек, «бошқа муҳим иқтисодий операторлар» ҳақида бормоқда. 

The Guardian нашрининг ёзишича, санкция таклифлари Россиянинг тижорат даромадларидан фойдаланишни чеклашга қаратилган чора-тадбирлардан иборат. Хусусан, гап Европа Иттифоқида Сибир конларидан қазиб олинган олмос ва қимматбаҳо тошлар бўлган заргарлик буюмларини сотишни тўлиқ тақиқлаш ҳақида кетяпти. ЕИ маълумотларига кўра, бу Россия даромадларини йилига 4,5 миллиард еврога камайтириши мумкин.

Аввалроқ Bloomberg Европа Иттифоқидан олинган ҳужжатларга таяниб, Европа Иттифоқи санкцияларнинг 12-пакети доирасида Россия Украинада қўлланган қуролларни ишлаб чиқаришда фойдаланадиган станоклар ва бутловчи қисмларни Россияга экспорт қилишни тақиқламоқчи эканини хабар қилган эди. Бундан ташқари, Европа Иттифоқи Россияга кимёвий моддалар, литийли батареялар, термостатлар, серводвигателлар ва дронлар учун двигателлар олиб киришни тақиқлашни таклиф этмоқда. 

Европа Иттифоқига аъзо давлатлар вакиллари 17 ноябрда янги пакет бўйича келишиш жараёнини бошлайди. У йил охиригача қабул қилиниши кутилмоқда. 

Мавзуга оид