Иқтисодиёт | 13:16 / 18.11.2023
84442
8 дақиқада ўқилади

Аширтўпдаги мудҳиш қотиллик: тунда толга осилган йигит

Ўша куни Самарқанд вилояти Булунғур туманидаги Элобод маҳалласи аҳолиси тонгни совуқ хабар билан қарши олди: Аширтўпи қишлоғида яшовчи,оддий меҳнат қилиб рўзғор тебратиб юрган 29 ёшли йигитнинг мурдаси дарахтга осилган ҳолда топилганди. Кўпчилик йигит ўз жонига қасд қилибди, дея ўйлаётган бир пайтда бу қотиллик экани ойдинлаша бошлайди. Қотилнинг кимлиги аниқланганида эса қишлоқ одамлари бўлиши мумкин эмас, дея ҳайратдан ёқа ушлаб қолади.

Фото: Kun.uz

Мазкур жиноятни “ҳазм” қилиш элободликлар учун осон бўлмаган. Сабаби, қишлоқ одамлари яхши таниган, бировга ёрдами тегса теккан-у, ёмонлиги тегмаган йигит айни навқирон ёшида ваҳшийларча ўлдирилиб, атрофда ўз жонига қасд қилибди деган тасаввурни уйғотиш учун толга осиб кетилганди.

Тонгдаги мудҳиш хабар

2019 йилнинг 13 апрели. Айни ерга уруғ қадайдиган палла. Булунғур туманидаги “Ҳазрат бобо” фермер хўжалиги раиси ерни картошка экишга тайёрлаш ва бунинг учун ишчи қизларни уйидан далага олиб келиш мақсадида Damas машинасида йўлга чиқади. Йўл хўжалик далалари бўйлаб ўтганди.

Машина бошқариб бораётган раиснинг эътиборини йўлдан фермер хўжалик даласи томонга киритиб қўйилган бошқа бир Damas машинаси тортади. Бу пайтда ҳали қуёш чиқмаган, атрофга ғира-шира ёруғлик ина бошлаганди.

Раис ички бир хавотир билан нима гаплигини билиш мақсадида машина рулини ўша томонга буради. Бегона машина олдига бориб, атрофни кўздан кечиради. Кейин аста сал нарида қатор экилган толлар томонга ўтади. Шунда унинг нигоҳи толлардан бирида бўйнидан осилган ҳолда турган мурдага тушади. Раис яқинроқ бориб, бу қишлоқдоши Соҳибжон Каримов эканини танийди.

Нима қилишини билмай бироз довдираб қолган раис машинасига ўтириб, марҳумнинг уйига йўл олади. Эрта тонг эмасми, Соҳибжон Каримовнинг яқинлари ҳали уйқудан уйғонмаганди. Машинанинг кетма-кет сигналидан аввалига Соҳибжоннинг онаси, кейин укаси ва дадаси, турмуш ўртоғи уйдан чиқиб келади.

— Машинага ўтиринглар, сизларни бир жойга олиб бормасам бўлмайди, — дейди кўрганларини бирдан айтиб бериш ноқулай бўлган фермер хўжалик раиси.

Шу тариқа у Соҳибжоннинг яқинларини машинага миндириб, воқеа жойига олиб боради. Марҳумнинг она, дадаси ва турмуш ўртоғи далада турган Damas’ни таниб, ўша томонга юради. Укаси эса акажон деб бақирганча толлар томонга югуради.

Шубҳали ўлим

Бўйнидан толга осиғлиқ турган марҳумни ечиб олиб, уйга келтиришади. Воқеадан қўни-қўшнилар, қишлоқ аҳли хабар топади. Ҳамманинг тилида бир гап айлана бошлайди: “Соҳибжон ўз жонига қасд қилибди”.

Жаноза вақти белгиланади. Бу орада ИИБ ходимлари келади, суд тиббий экспертиза тайинланиб, марҳумнинг мурдаси олиб кетилади.

Ҳамма йигит ўз жонига қасд қилганини айтар, бироқ негадир ўлим шубҳали эди. Бу экспертизада ҳам ўз тасдиғини топади.

Жумладан, Булунғур туман суд-тиббий экспертиза бўлимида мурданинг чап ёноқ, бўйин, иккала курак усти, ўнг қўл иккинчи бармоқ, иккала тизза бўғими, иккала болдир соҳаларида кўплаб шилинмалар ва қонталашлар кўринишидаги жароҳатлар аниқланади. Мурданинг бўйин соҳасида аниқланган уч изли ҳаётий сиртмоқ излари жойлашуви ҳамда хусусиятларига кўра арқон ёрдамида камида уч маротабагача сиқиб бўғиб, бўшатиб, яна такроран бўғилганини кўрсатиб турарди.

Ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ишлари бошланади.

Қотилнинг хатоси

Гувоҳлар, Соҳибжон Каримов билан сўнгги бор гаплашган, учрашган инсонлар терговга жалб қилиниб, уларнинг кўрсатмалари олина бошлайди.

Бу қотиллик экани аён бўлгач, қишлоқ аҳли ҳайратдан ёқа ушлаб қолган, ўзаро суҳбатларда турли тахминларни пичирлаша бошлаганди. Аммо ҳеч ким қотил жимгина улар орасида кўз ёши тўкиб юрганини билмасди.

Асосий гувоҳ – фермер хўжалик раисининг кўрсатмаларида бир нуқта эътиборни тортади. У марҳумнинг яқинларини воқеа жойига олиб боргунча кўрганлари ҳақида ҳеч нарса демаган, аммо Соҳибнинг укаси Ислом ҳамма нарсани олдиндан билгандек бирданига ака деб бақирганча толлар томонга югурганди.

Барча далиллар қотил марҳумнинг укаси, 20 ёшли Ислом Каримов эканига ишора қиларди...

Жиноий режа

Ислом Каримов акасини нега ўлдирди? Шунчаки, Damas’га эгалик қилиш учун. Сабаби, ушбу машинани ака-ука бирга ишлаб, пул йиғиб олишганди.

Соҳибжон ва Ислом Россиянинг Самара шаҳрида ишлаб, пул тўплашади ва уйга қайтгач оиласи билан бирга жамғарилган пуллар ҳисобидан Damas машинасини харид қилишади.

Машина отанинг номига расмийлаштирилганди. Кейинчалик Соҳибжон ҳайдовчилик гувоҳномасини олиб, машинани бошқара бошлайди. У ҳар куни эрта тонгда йўлга чиқиб, Самарқанд шаҳрига бориб ишлар ва кечга қайтарди.

Ислом машинага тўлиқ эгалик қилиш ҳақида ўйлай бошлайди. Бунинг учун акасини ўлдиришга қарор қилади ва жиноий режа тузиб, бу ишга қариндоши, вояга етмаган Одил Мустафоевни ҳам жалб этади.

Режага биноан Ислом ва Одил кечки маҳал ишдан қайтган вақтда Соҳибжонни йўлда тўхтатиб, машинага чиқиб олиши, Ислом Damas’нинг ўрта ўриндиғига ўтириб, арқон ёрдамида акасининг бўйнидан бўғиб ўлдириши, вояга етмаган Одил олд ўриндиқда ўтириб, Соҳибжоннинг қаршилигини енгиш учун унинг қўл ва оёқларини ушлаб туриши лозим бўлган.

Damas’даги қотиллик

2019 йил 12 апрел куни Ислом ва Одил режани амалга ошириш мақсадида арқон олиб, Элобод маҳалласига қарашли Аширтўп қишлоғидаги кўприк устида кутиб ўтиришади.

Соҳибжон манзилга етиб келганида ука ва қариндош машинани тўхтатиб, миниб олишди. Ҳеч нарсадан бехабар бўлган ака машинани уй томонга бошқариб, йўлни давом этади.

Бироз юргач ўрта ўриндиқда ўтирган Ислом арқон билан ўз акасини бўға бошлайди. Олд ўриндиқдаги Одил эса машинани ўчириб, қарши кўрсатишга ҳаракат қилаётган Соҳибжоннинг оёқларини ушлаб туради.

Укаси ва қариндошидан бундай ҳаракатни кутмаган Соҳибжон эсанкираб қолади. Аммо унинг кучи икки йигитга етмайди, ҳушидан кетиб, йиқилади. Уни ўлди деб ўйлаган Ислом машинани ортга буриб, Янгиқара қишлоғи томонга бошқариб кетади.

Бироқ Соҳибжон вафот этмаганди, бироз ўтиб ҳушига келади ва қимирлай бошлайди. Шунда Ислом машинани ҳудуддан ўтган Мирзаариқ канали бўйида тўхтатиб, акасини машинадан тушириб, ерга чўккалатиб олган ҳолда жони узилгунга қадар бўғиб туради. Одил эса бу пайтда Соҳибжоннинг қўлларидан ушлаб, унинг қаршилигини енгиб туради. Шу тариқа Ислом жиноий шериги Одил билан ўз акасини қасддан ўлдиради.

Кейин машинани “Ҳазрат бобо” фермер хўжалигига тегишли дала майдонига қадар бошқариб келишган ва Соҳибжоннинг мурдасини ўз жонига қасд қилганлик кўринишини бериш учун қатор ўсиб турган тол дарахтларидан бирига осиб қўйишган. Сўнгра машинани ҳам ўша ерда қолдириб, уй-уйларига тарқалишган.

Жиноят жазосиз қолмади

2019 йилнинг 23 сентябр куни жиноят ишлари бўйича Самарқанд вилояти суди Соҳибжон Каримовнинг ўлими билан боғлиқ ишни кўриб чиққан.

Ислом Каримов ва Одил Мустафоевнинг қилмиши гувоҳларнинг кўрсатмалари, суд-тиббий экспертиза натижалари ва бошқа рад қилиб бўлмас далиллар билан ўз исботини топган.

Суд ҳукмига кўра, ўз акасининг қотилига айланган Ислом Каримовга 18 йил, вояга етмаган Одил Мустафоевга эса 10 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.

Суд материаллари асосида Руслан Сабуров тайёрлади.

Мавзуга оид