Фан-техника | 15:18 / 18.11.2023
68032
6 дақиқада ўқилади

«Ҳамёнбоп» Tesla, ноёб Ferrari ва Xiaomi'нинг биринчи электромобили – ҳафта технодайжести

Rimac Nevera гиперкари соатига 275 км тезликда ортга ҳаракатланди. Бу – дунё рекорди. Хитойда маълумотлар узатиш тезлиги секундига 1,2 терабит бўлган оптик толали интернетдан фойдаланиш бошланди. Қозоғистонда рақамли тенге ишга туширилди. Apple’нинг собиқ икки ходими «келажак смартфони»ни тақди этди. Якунланаётган ҳафтадаги технология ва илм-фанга оид энг қизиқарли хабарлар Kun.uz технодайжестида.  

Рақамли тенге

Қозоғистон Марказий банки рақамли тенгени расман ишга туширди. Экспертлар рақамли пулларни жорий этишнинг қуйидаги афзалликларини санаб ўтишган:

  • коррупцияга қарши кураш;
  • офлайн форматда нақд пулсиз тўловларни амалга ошириш имконияти;
  • воситачилар сонини камайтириш ҳисобига трансчегаравий тўловларни тезлаштириш;
  • нархини пасайтириш. 

Рақамли тенгени тўлиқ миқёсда жорий этиш 2025 йил охиригача амалга оширилиши режалаштирилган. 

Худди шундай валюта Россияда ҳам жорий қилинмоқда. 15 августда рақамли рубл орқали тўловларни амалга ошириш синов тариқасида ишга туширилганди.

Snapdragon 7 Gen 3 процессори

Qualcomm янги Snapdragon 7 Gen 3 процессорини тақдим этди. Қайд этилишича, янги процессор 4 та юқори унумдор ядрога эга: улардан бири 2,63 ГГц, қолган 3таси эса 2,4 ГГц. Шунингдек, 1,8 ГГц частотали энергия тежовчи тўртта ядро ҳам мавжуд.

Snapdragon 7 Gen 3 аввалги Snapdragon 7 Gen 1 процессорига қараганда 15 фоизга тез. Унинг асосидаги қурилмалар FHD+ рухсатига ва 168 Гц частотага эга экранларни қўллаб-қувватлай олади.

Фото: MobiDevices

Snapdragon 7 Gen 3 асосидаги биринчи қурилма Honor 100 смартфони бўлади. Бундан ташқари, Oppo, Vivo, ZTE, iQOO, OnePlus, Sony, Redmi, Realme ва бошқа ишлаб чиқарувчилар ҳам кейинги қурилмаларида мазкур процессордан фойдаланишни режалаштиришмоқда.

275 км тезликда ортга ҳаракатланадиган гиперкар

1914 от кучига эга 4 та мустақил электромотор билан жиҳозланган Rimac Nevera гиперкари соатига 275,74 км тезликда ортга ҳаракатланди ва дунё рекордини ўрнатди.

Аввалги рекорд 2001 йилда ўрнатилган, ўшанда Caterham 7 Fireblade спорткари соатига 165 км тезлик билан ортга ҳаракатлана олганди.

«Келажак смартфони»

Apple компаниясининг собиқ ходимлари Имрон Чаудри ва Бетани Бонжорно томонидан асос солинган Humane стартапи ўзининг биринчи AI Pin қурилмасини тақдим этди.

Фото: Humane

Янги технология икки қисмдан иборат: квадрат корпус ва батарея блоки. У Snapdragon процессорида ишлайди ва магнитлар ёрдамида кийим ёки бошқа юзага бириктирилиши мумкин.

AI Pin экранга эга эмас ва уни овоз ёрдамида бошқариш керак. Лекин карнай ва камера, чуқурлик ва ҳаракат сенсорлари бор. Бундан ташқари, корпусга мини-проектор ўрнатилган бўлиб, у маълумотни ташқи юзаларга, шу жумладан, кафтга ҳам узата олади. Сенсорли панелга тегиш орқали ҳам ўзаро алоқада бўлиш мумкин. 

Ишлаб чиқарувчининг таъкидлашича, AI Pin бутунлай автоном қурилма. Яъни, ундан фойдаланиш учун смартфон билан боғланиш шарт эмас, аммо қиймати 24 доллар бўлган ойлик обуна сотиб олиш лозим. У T-Mobile тармоғидаги телефон рақамини, булутли хотирани ва сунъий интеллектдан чексиз фойдаланиш имкониятини ўз ичига олади.

AI Pin 700 долларга баҳоланмоқда. Олдиндан буюртмаларни қабул қилиш бошланган. Қурилма 2024 йил бошида етказиб берилиши кутилмоқда. 

Энг тезкор интернет

Хитойда маълумотлар узатиш тезлиги секундига 1,2 терабит бўлган дунёдаги энг тезкор оптик толали интернет кабелидан фойдаланиш бошланди. Бу бир сонияда 150 та HD филмини юклаб олиш имконини беради.

Бундай тезликдаги интернет учун Пекин, Ухан ва Гуангжоу ўртасида оптик толали кабел ётқизилган. Унинг узунлиги 3 минг км дан ортиқ.

Маълумот узатиш тезлиги Қўшма Штатлардаги шунга ўхшаш лойиҳалардан ўн баравар кўплиги таъкидланмоқда. Олимлар бундай технологиялар 2025 йилдан кейин пайдо бўлишини кутишган эди.

Xiaomi'нинг биринчи электромобили

Хитойнинг Xiaomi компанияси ўзининг биринчи электромобили - SU7 моделини эълон қилди. Седан бир неча версияларда чиқарилади, улар қуввати, электр моторлари сони ва аккумулятори билан фарқланади. Автомобил оғирлиги 2205 кг, максимал тезлиги эса 265 км/соат. Янги Xiaomi маҳсулоти учун аккумулятор блоки BYD ва CATL томонидан етказиб берилади.

Фото: Xiaomi
Фото: Xiaomi
Фото: Xiaomi

Электромобил Пекин автомобилсозлик холдинги (BAIC) заводида ишлаб чиқарилади. Xiaomi SU7 расмий тақдимоти 2023 йил охиригача ўтказилиши кутилмоқда. Унинг нархи ҳақида маълумот берилмаган.

Ноёб Ferrari

Ню-Йоркдаги RM Sotheby's аукционида 1962 йилда ишлаб чиқарилган Ferrari 330 LM/250 GTO автомобили рекорд миқдоридаги сумма – 51,7 миллион долларга сотилди.

Машина Ferrari пойга жамоаси учун ишлаб чиқарилган ва «Нюрбургринг 1000 км», «24 соатлик Ле Ман» пойгаларида қатнашган. У 400 от кучига эга V12 двигатели билан жиҳозланган. Кейинчалик 310 от кучига эга V12 3.0 двигатели ўрнатилган.

Фото: RM Sotheby’s

Scaglietti ателеси томонидан ишлаб чиқилган кузовли автомобил аукционда сотилган энг қиммат Ferrari’га айланди. 

«Ҳамёнбоп» Tesla

Американинг Tesla компанияси Берлин яқинидаги Gigafactory заводида нархи тахминан 25 минг евро бўлган янги «ҳамёнбоп» электромобил ишлаб чиқаради. Бу ҳақда Reuters агентлиги хабар берди. Ишлаб чиқариш қачон бошланиши аниқ эмас. 

Ҳозир бу заводда Европадаги энг харидоргир Model Y ишлаб чиқарилмоқда. Унинг ўртача чакана нархи 65 минг евродан ошади.

Tesla арзон электромобил орқали 2030 йилгача бозордаги улушини 20 миллионга етказишни мақсад қилгани айтилмоқда. 

Мавзуга оид