Спорт | 10:42 / 18.11.2023
21874
3 дақиқада ўқилади

Жалолов 14-жангида ҳам нокаут билан ғалаба қозонди, Халоков ва яна 4 боксчимиз рақибидан устун келди

Тошкентдаги «Ҳумо Арена»да WBC ташкилоти ҳамда Lift промоутерлик компанияси ҳамкорлигида катта профессионал бокс оқшоми ўтказилди. Майк Тайсон ва Эвандер Ҳолифилд қаршисида ўтган жангларда вакилларимиз мухлисларни хурсанд эта олишди.

Фото: Olympic.uz

Бокс кечасининг асосий жангида оғир вазн тоифасида ўзбекистонлик боксчи Баҳодир Жалолов Жанубий Африка вакили Крис Томпсонни биринчи раунднинг, иккинчи дақиқасидаёқ чуқур нокаутга учратиб, ғалабага эришди.

Шунингдек, ўзбекистонлик боксчилардан Қудратилло Абдуқаҳҳоров, Миразиз Мирзахалилов, Абдумалик Халоков ва Мужибилло Турсунов сингари боксчиларимиз ҳам рингга чиқиб, ғалабага эришди.

Жаҳон чемпиони Абдумалик Халоков профессионал боксдаги илк баҳсида украиналик Александр Егоровни 2 раунддаёқ нокаутга учратди.

Қудратилло Абдуқаҳҳоров танзаниялик Маона Аллини иккинчи раунддаёқ нокаутга учратган бўлса, Миразиз хитойлик Рунки Жоуни 8 раунд давом этган баҳс натижасига кўра таслим этди.

Мужибилло Турсунов биринчи ярим ўрта вазнда WBC Central Asia камарини ҳимоя қила олди. У хитойлик Янгченг Жин билан баҳс олиб борди ва 8 раунд якунига кўра, уни мағлубиятга учратди.

Барча жанглар ва уларнинг натижалари билан танишинг:

  • Иккинчи энг енгил вазнда (-55,2): Аветис Налбандян (Арманистон) — Викаш Даҳия (Ҳиндистон). Очколар ҳисобига кўра Налбандяннинг ғалабаси
  • Ярим енгил вазнда (-57,1 кг): Абдумалик Халоков (Ўзбекистон) — Олександр Егоров (Украина). 2-раундда техник нокаут эвазига Халоковнинг ғалабаси.
  • Ярим ўрта вазнда (-66,6 кг): Қудратилло Абдуқаҳҳоров (Ўзбекистон) — Маоно Алли (Танзания). 2-раундда техник нокаут эвазига Абдуқаҳҳоровнинг ғалабаси.
  • Энг енгил вазнда (-53,5 кг): Миразиз Мирзаҳалилов (Ўзбекистон) — Рунқи Жоу (Хитой). Очколар ҳисобига кўра Мирзаҳалиловнинг ғалабаси
  • Ўрта вазнда (-72,5 кг) WBC Сentral Asia турнири финали: Анвар Туропов (Ўзбекистон) — Суҳроб Қаюмов (Ўзбекистон). 2-раунддан сўнг Қаюмовнинг ғалабаси қадй этилди.
  • Биринчи ўрта вазнда (-69,8 кг) WBC International камари учун: Эрмал Ҳадрибей (АҚШ) — Карлос Молина (Мексика). 9-раундда техник нокаут эвазига Ҳадрибейнинг ғалабаси.
  • Биринчи ярим ўрта вазнда (-63,5 кг) WBC Сentral Asia камари учун: Мужибилло Турсунов (Ўзбекистон) — Янгченг Жин (Хитой). Очколар ҳисобига кўра Турсуновнинг ғалабаси.
  • Ўрта вазнда (-72,5 кг) WBC Eliminator жанги (12 раундлик): Мейирим Нурсултанов (Қозоғистон) — Хулио Аламос (Чили). Очколар ҳисобига кўра Нурсултановнинг ғалабаси.
  • Co main event: Иккинчи ўта енгил вазнда (-52,1 кг) WBC вақтинчалик чемпионлик камари учун: Педро Гуевара (Мексика) — Карлос Куадрас (Мексика). Очколар ҳисобига кўра Куадраснинг ғалабаси.
  • Марказий жанг: Оғир вазнда 10 раундлик жанг: Баҳодир Жалолов (Ўзбекистон) — Крис Томпсон (ЖАР). Биринчи раундда Жалоловнинг ғалабаси.

Мавзуга оид