Иқтисодиёт | 13:09 / 18.11.2023
23527
7 дақиқада ўқилади

Ошаётган иш ҳақи, пенсия ва нафақалар, ЖСТ учун музокаралар – Иқтисодий таймлайн

Якунланаётган ҳафтада UzAuto Motors Chevrolet Onix нархларини оширди. Ўзбекистонликларнинг банк карталарига жиддий киберҳужум уюштирилди. 1 декабрдан иш ҳақи, пенсиялар ва ижтимоий нафақалар оширилади. Ўзбекистон делегацияси Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш бўйича ишчи гуруҳи йиғилишини ўтказди. Ҳафта иқтисодий янгиликлари иқтисодий таймлайнда.

Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзолиги бўйича 7-йиғилишни ўтказди

16 ноябр куни Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиши бўйича ишчи гуруҳнинг жорий йилдаги иккинчи йиғилиши бўлиб ўтди

Ишчи гуруҳ йиғилишидан бир кун олдин Ўзбекистон Туркия, Мўғулистон ва Саудия Арабистони билан ЖСТга қўшилиш бўйича музокараларни якунлаб, тегишли баённомаларни имзолади.

Бу билан аъзолик жараёнида якуний келишувга эришилган давлатлар сони бештага етди. Яқин вақт ичида Япония, Шри-Ланка ва Молдова билан ҳам музокараларни расман якунлаш режа қилинган.

Ўзбекистон расмийлари 2023 йил бошида берган баёнотларида Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш бўйича асосий музокаралар шу йил охиригача якунланиши айтилганди. Ўзбекистон президентининг ЖСТ бўйича махсус вакили Азиз Ўрунов бу мақсадга эришиш кечикаётганига изоҳ берди.

Тўғри, 2023 йил якунигача асосий музокараларни якунлаш мақсади қўйилганди. Биринчидан, музокаралар – жуда ҳам мураккаб жараён. Иккинчидан, бир хил музокараларда анча олдинга илдамлаган бўлсак ҳам, айрим давлатлар бошқа кўп томонлама музокаралардаги жараёнлар қанақа кетишини кузатиб, икки томонлама музокарани якунлашдан ўзини тийиб туради. Мисол учун, бугунги кунда биз музокараларни деярли якунлаб бўлган 4-5 та давлат бор, лекин улар музокарани якунладик деб эълон қилишга шошмаяпти”, – деди Ўзбекистоннинг ЖСТ бўйича бош музокарачиси.

У Ўзбекистон 2003-2005 йилларда дастлабки фаол музокараларни олиб боргани ва ва бу музокаралар 2020 йилда тикланганини таъкидларкан, нофаол муддатни ҳисобга олмаса, мамлакат ЖСТга умумий ҳисобда 10 йилга етмасдан аъзо бўлишини қўшимча қилди.

1 декабрдан иш ҳақи, пенсиялар ва ижтимоий нафақалар оширилади

Ўзбекистон президентининг 2023 йил 17 ноябрдаги “Иш ҳақи, пенсиялар ва нафақалар миқдорини ошириш тўғрисид”ги 196-сонли фармонига кўра, жорий йил 1 декабрдан иш ҳақи, пенсиялар ва ижтимоий нафақалар 7 фоизга оширилмоқда.

Яъни:

  • пенсияни ҳисоблашнинг базавий миқдори – 372 минг сўм (ҳозир – 347 минг сўм);
  • ёшга доир энг кам пенсия миқдори – 725 минг сўм (677 минг сўм);
  • меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори – 1 млн 50 минг сўм (920 минг сўм) этиб белгиланмоқда.

Президентнинг фармони натижасида 4,5 млн кишининг пенсияси ва нафақалари миқдори кўпаяди ва барча бюджет ташкилотлари ходимларининг ойлик маошлари декабрдан бошлаб 7 фоизга ошган ҳолда ҳисобланади.

Шунингдек, базавий ҳисоблаш миқдори 1 декабрдан 3 фоиз миқдорда (7 фоиз эмас) ўзгариб, 340 минг сўм (ҳозир 330 минг сўм) этиб белгиланмоқда.

UzAuto Motors Chevrolet Onix нархларини оширди

UzAuto Motors компанияси Chevrolet Onix’нинг бир қатор позициялари учун нархларини оширди. Chevrolet.uz сайтидаги янгиланган маълумотларга кўра, нархлар 4 млн 600 минг сўмдан 28 млн сўмгача қимматлашган. Нарх ошгани ҳақидаги маълумотлар бу сафар ҳам расман эълон қилинмади.

Сhevrolet Onix моделларининг нархлари қуйидагича ўзгарган: 

  • Chevrolet Onix LS MT 149 млн сўмдан 176,9 млн сўмга;
  • Chevrolet Onix 1LT MT 155 млн сўмдан 180,8 млн сўмга;
  • Chevrolet Onix 4LT LTZ Turbo AT 185 млн сўмдан 199,9 млн сўмга;
  • Chevrolet Onix Premier-1 – 207,3 млн сўмдан 211,9 млн сўмга;
  • Chevrolet Onix Premier-2 – 214,7 млн сўмдан 219,6 млн сўмга қимматлаган.

Эътиборга молик жиҳати, ушбу позициядаги автомобилларининг бирортаси сотувда мавжуд эмас.

Аввалроқ Onix 3LT MT моделининг нархи ҳам 159 млн сўмдан 184,7 млн сўмга оширилиб, кейин сотувга чиқарилганди.

Маълумот учун, ўтган ойда Lacetti, Damas, Labo ва Cobalt моделлари нархлари ҳам 4 млн 700 минг сўмдан 9 млн сўмгача қимматлашганди.

Ўзбекистонликларнинг банк карталарига жиддий киберҳужум уюштирилди

11 ноябр куни бир қанча Ўзбекистон фуқароларининг банк карталаридан катта миқдорда пул ечиб олинди. Номаълум шахслар СМС-кодлар ҳимоясини четлаб ўтган. “Газета.уз”нинг хабар беришича, мазкур ҳакерлик ҳужуми натижасида камида 16 киши жабр кўрган, уларга етказилган зарар миқдори қарийб 1 млрд сўмни ташкил этади.

Аввалига ижтимоий тармоқларда ҳакерлик ҳужуми оқибатида серверлар бузиб кирилиб, фирибгарлар банк карталаридан пул ечиб олгани ҳақидаги хабарлар тарқалгач, Марказий банк ва Humo тўлов тизими хабарлар ёлғон эканини ва тизим барча хавфсизлик талабларига жавоб беришини маълум қилганди.

“Газета.уз” билан боғланган жабрланувчилар турли банкларнинг мижозлари бўлиб, улар ҳеч кимга смс кодни бермаган, шундай бўлса-да, банк карталаридан 20 млн сўмдан 74 млн сўмгача маблағлар ечиб олинган.

Маълум бўлишича, пластик карталардан пулларни ечиб олишда Unired иловасидан фойдаланилган.

Якунланаётган ҳафтада содир бўлган бошқа янгиликларга қисқача тўхталамиз:

  • Тошкент вилоятида “Менинг биринчи уйим” дастури амалга оширилади. Зангиота туманида қуриладиган имтиёзли уй-жойлар охирги 5 йилда мулк ҳуқуқи асосида уй-жойга эга бўлмаган оилаларга 15 фоиз миқдорда бошланғич тўлов асосида 20 йил муддатга бўлиб тўлаш шарти билан берилади.
  • Аксилкоррупция агентлиги Давлат органлари ўз харажатларини эълон қилишда жиддий камчиликларга йўл қўяётганини маълум қилди.
  • “Кўмир таъминот”нинг Тошкент вилоят филиали бошлиғи 50 минг доллар билан ушланди. У корхонанинг ҳозирги кунда вакант ҳисобланган Сирдарё вилоят филиалига раҳбар сифатида ишга қабул қилинишида кўмаклашиш эвазига бошқа бир фуқародан пул талаб қилган. Айни вақтда Наманган ва Фарғонада аҳолига ажратилган кўмирни талон-торож қилган омбор мудирлари ҳам ушланди, бундан олдинроқ эса Андижон вилоятида аҳолига тарқатилиши керак бўлган кўмир талон-торож қилингани маълум бўлганди. Улар Андижон, Булоқбоши ва Жалақудуқ туманларида куз-қиш мавсумида аҳолига имтиёзли нархда тарқатишга мўлжалланган кўмирни сотиб юборган;
  • Ўзбекистон ва Афғонистон темирйўл ширкатлари раҳбарлари Ҳайратон – Наибобод – Мозори-Шариф темирйўлининг бир қисмини таъмирлаш ҳақида келишиб олди;
  • Ўзбекистонда ўзини ўзи банд қиладиган шахслар учун фаолият турлари рўйхати кенгайтирилди. Рўйхатга қуйидаги 19 та фаолият тури қўшилди. Улар қайта ишланган жундан кийимлар ва бошқа буюмлар тўқиш, уй шароитида лойдан тандир тайёрлаш, атлас ва адрас тўқиш, майда мунчоқ (бисер) тикиш; дўппидўзлик, темирчилик маҳсулотларини уй шароитида тайёрлаш; асалари уяси ва рамкаларини ясаш; пичоқ тайёрлаш, чархлаш ва сотиш кабилардир.

Мадина Очилова тайёрлади.
Оператор – Мирвоҳид Мирраҳимов,
Монтажчи – Муҳиддин Қурбонов.

Мавзуга оид