Жаҳон | 08:43 / 20.11.2023
13458
3 дақиқада ўқилади

Сўров: Ғазодаги уруш фонида Байденнинг рейтинги рекорд даражада тушиб кетди

NBC сўровида қатнашган фуқароларнинг аксарияти ҳозирги давлат раҳбари ташқи сиёсатини маъқулламаслигини айтган. 

Фото: Оқ уй

Исроилнинг ҲАМАС ташкилотига қарши уруши фонида Жо Байденнинг АҚШ президенти сифатидаги фаолиятини америкаликлар томонидан маъқулланиши даражаси 40 фоизга тушди. Бу демократнинг давлат раҳбари сифатидаги бутун фаолияти учун минимал кўрсаткичдир. Бу ҳақда 19 ноябр, якшанба куни эълон қилинган NBC News миллий сўрови маълумотларида айтилган

Ушбу ҳужжатга кўра, АҚШда Байденнинг президентлик фаолиятини маъқулламаганлар улуши 57 фоизга етган. Таққослаш учун: жорий йилнинг январ ойида шунга ўхшаш сўровда Байденнинг президент лавозимидаги ишини маъқуллаганлар улуши 46 фоизни, маъқулламаганлар эса 50 фоизни ташкил қилган. 

Тадқиқот муаллифлари фикрича, бундай натижалар америкаликлар томонидан Жо Байденнинг ташқи сиёсати, биринчи навбатда, унинг ҲАМАС ташкилотига қарши урушда Исроил ҳаракатларига нисбатан позицияси паст даражада маъқулланиши билан боғлиқ. Респондентлар атиги 33 фоизи Жо Байден маъмуриятининг ташқи сиёсатини ижобий баҳолаган. Респондентларнинг 62 фоизи қарши фикр билдирган. Хусусан, сўровда қатнашган сайловчиларнинг 34 фоизи Байденнинг Исроилга нисбатан позициясини маъқуллаган, 56 фоизи эса норози. 

Америкаликларнинг Байден ва Трампни қўллаб-қувватлаш даражаси 

Бундан ташқари, сўров натижалари шуни кўрсатдики, сайловчиларнинг қўллаб-қувватлаш даражаси бўйича Байден биринчи марта АҚШ собиқ президенти Доналд Трампдан «эҳтимолий сайловолди пойгасида» ортда қолган, гарчи улар орасидаги фарқ минимал бўлиб турибди ва сайловларга ҳали 11 ой бор, деб ёзади NBC. 

Амалдаги давлат раҳбарининг очко йўқотгани демократлар, шунингдек, 18 ёшдан 34 ёшгача бўлган сайловчилар орасида яққол кўзга ташланяпти, уларнинг кўпчилиги «Исроил Ғазо секторидаги ҳарбий ҳаракатларида ҳаддан ташқари қуюшқондан чиқиб кетди» деб ҳисоблайди, дея таъкидлайди журналистлар. Охирги гуруҳда респондентларнинг деярли 70 фоизи Байденнинг Исроилга нисбатан позициясини маъқулламаяпти. 

Исроил-Фаластин можароси

7 октябр куни эрталаб ҲАМАСнинг ҳарбий қаноти - «Иззаддин ал-Қассам бригадалари» Исроилга қарши «Ал-Ақсо тўфони» операцияси бошланганини эълон қилди. Ғазо секторидан Исроил томон минглаб ракеталар отилди, қуролли гуруҳлар Исроил аҳоли пунктларига кирди.

ҲАМАСнинг билдиришича, операция босиб олинган Шарқий Қуддусдаги Ал-Ақсо масжидига бостириб кириш ва исроиллик муҳожирларнинг фаластинликларга нисбатан зўравонлиги кучайиб бораётганига жавобан амалга оширилган.

Бунга жавобан Исроил армияси Ғазо секторида ҲАМАСга қарши ўнлаб қирувчи самолётлардан фойдаланган ҳолда «Темир қиличлар» операцияси бошланганини эълон қилди. 

Исроил-Фаластин можароси авж олгандан бери 12 мингдан ортиқ фаластинлик ҳалок бўлди. Исроилда қурбонлар сони 1400 дан ошади. Ғазонинг 2,3 миллион аҳолиси Исроилнинг ҳаводан оммавий бомбардимон қилиши ва эксклавнинг тўлиқ блокадаси туфайли озиқ-овқат, сув ва дори-дармонлар танқислигидан азият чекмоқда.

 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид