Ўзбекистон | 08:02 / 20.11.2023
13328
2 дақиқада ўқилади

Тошкентда яна бир йўл ўтказгич қурилиши мумкин

Сингапур институти ва Тошкент божхона бошқармаси олдида замонавий йўл ўтказгич қуриш таклиф этиляпти.

Иллюстратив фото

Тошкентда Бунёдкор шоҳкўчаси ва 2-Қатортол кўчаси чорраҳасида — шаҳар божхона бошқармаси ва Сингапур менежментни ривожлантириш институти рўпарасида замонавий йўл ўтказгич қуриш таклиф қилинмоқда. Бу Чилонзор туманини Хитой тажрибаси асосида, шу жумладан, янги ёндашувлар, инновацион ва «яшил» технологиялар ҳамда бошқарувда замонавий усулларини қўллаган ҳолда камбағалликдан чиқариш тўғрисидаги Вазирлар Маҳкамаси қарори лойиҳасида назарда тутилган.

Мақсади «мунтазам юзага келадиган тирбандликларни бартараф этиш» дея таъкидланган мазкур таклиф президентнинг 3 июлдаги қарорида ҳам акс эттирилганди. Лойиҳани 2024−2025 йилларда республика бюджети маблағлари ҳисобидан амалга ошириш таклиф этилмоқда.

Бундан олдин давлат раҳбари Тошкент шаҳрида Янги Ўзбекистон кўчаси ва 4R12 магистрал йўли кесишувида қуриладиган йўл ўтказгич лойиҳаси билан танишганди.

Янги Ўзбекистон кўчаси ва 4R12 магистрал йўли кесишувида йўл ўтказгич қурилади. Бу кесишма келажакда Янги Тошкент шаҳрига олиб борадиган асосий йўл бўлади. Бу ерда 1 та кўприк, 3 та туннел, 4 тадан айланма ва қўшимча йўллар барпо этилади. Буларнинг эвазига чорраҳа биронта ҳам светофорсиз - «яшил чорраҳа» бўлади.

Мавзуга оид