Яманлик исёнчилар Қизил денгизда кемалардан бирини эгаллаб олди
Исроил бош вазири ҳусийчиларнинг Қизил денгизда кемани эгаллаб олиши билан боғлиқ воқеа учун масъулиятни Эрон зиммасига юклади.
Исроилнинг барча кемаларига ҳужум қилиш ниятини билдирган Яманнинг ҳусийчи исёнчилари Қизил денгиздаги Galaxy Leader кемасини эгаллаб олди, деб хабар берди 19 ноябр, якшанба куни Дубайнинг «Ал-Арабия» телеканали. Бу маълумот Х ижтимоий тармоғида Исроил мудофаа кучлари (ЦАҲАЛ) томонидан тасдиқланган. «Кема Туркиядан Ҳиндистонга кетаётганди, унда турли миллатга мансуб тинч фуқаролар бўлган, лекин исроилликлар эмас. Бу Исроил кемаси эмас», - дейилади ЦАҲАЛ баёнотида.
The Times of Israel нашрининг ёзишича, ҳусийчилар қўлга киритган кема Баҳама ороллари байроғи остида ҳаракатланган ва қисман исроиллик магнат Авраам Унгарга тегишли бўлган, у Британия компаниясида рўйхатдан ўтган. Эгаллаб олинган вақтда кема япон компаниясига ижарага берилган. Турли манбаларга кўра, кема бортида 52 киши бўлган.
Олдинроқ исёнчилар матбуот котиби Яҳё Сария Исроил ширкатларига тегишли ёки бошқариладиган ҳар қандай кема ва Исроил байроғи остида сузувчи барча кемаларга ҳужум қилинишини айтган эди. Бунгача Эрон томонидан қўллаб-қувватланган ҳусийчилар Исроилга ракета ва учувчисиз учоқларни учирган.
Нетаняҳу Эронни кемани эгаллаб олишда айблади
The Times of Israel Қизил денгизда кеманинг эгаллаб олиниши муносабати билан Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу идорасининг баёнотини эълон қилди. Унда япон компанияси томонидан бошқариладиган Британия кемаси «Эроннинг хоҳишига кўра Ямандаги ҳусийчи исёнчилар томонидан қўлга олингани» айтилган. Нетаняҳу идорасига кўра, кемада Украина, Болгария, Филиппин ва Мексикадан 25 нафар экипаж аъзоси бор, бироқ бортда исроилликлар бўлмаган.
«Бу Эрон терроризмининг навбатдаги ҳаракати бўлиб, у Эроннинг эркин дунё фуқароларига қарши тажовузкорлиги кучайишини ифодалайди ва глобал юк ташиш йўллари хавфсизлиги бўйича халқаро оқибатларга олиб келади», - дея қўшимча қилинган баёнотда.
Исроил-Фаластин можароси
7 октябр куни эрталаб ҲАМАСнинг ҳарбий қаноти - «Иззаддин ал-Қассам бригадалари» Исроилга қарши «Ал-Ақсо тўфони» операцияси бошланганини эълон қилди. Ғазо секторидан Исроил томон минглаб ракеталар отилди, қуролли гуруҳлар Исроил аҳоли пунктларига кирди.
ҲАМАСнинг билдиришича, операция босиб олинган Шарқий Қуддусдаги Ал-Ақсо масжидига бостириб кириш ва исроиллик муҳожирларнинг фаластинликларга нисбатан зўравонлиги кучайиб бораётганига жавобан амалга оширилган.
Бунга жавобан Исроил армияси Ғазо секторида ҲАМАСга қарши ўнлаб қирувчи самолётлардан фойдаланган ҳолда «Темир қиличлар» операцияси бошланганини эълон қилди.
Исроил-Фаластин можароси авж олгандан бери 12 мингдан ортиқ фаластинлик ҳалок бўлди. Исроилда қурбонлар сони 1400 дан ошади. Ғазонинг 2,3 миллион аҳолиси Исроилнинг ҳаводан оммавий бомбардимон қилиши ва эксклавнинг тўлиқ блокадаси туфайли озиқ-овқат, сув ва дори-дармонлар танқислигидан азият чекмоқда.
Мавзуга оид
19:21 / 24.11.2024
FT: Россия юзлаб яманликларни Украинага қарши урушга ёллади. Улар шартнома имзолашга мажбурланмоқда
11:20 / 11.11.2024
АҚШ Ямандаги ҳусийчиларнинг қурол омборларига зарба берди
10:40 / 31.10.2024
Ҳусийчилар Қизил ва Араб денгизларида учта кема нишонга олингани ҳақида хабар берди
14:51 / 03.09.2024