Жаҳон | 14:55 / 21.11.2023
5051
2 дақиқада ўқилади

АҚШ Киевга 100 млн долларлик ҳарбий ёрдам пакетини эълон қилди

Киевга ҳарбий ёрдамнинг янги пакети доирасидаги Америка юклари Пентагоннинг ўз захирасидан амалга оширилади.

Фото: AP/TAСС/Efrem Lukatsky

АҚШ Мудофаа вазирлиги 20 ноябр, душанба куни Украинага 100 миллион доллар миқдорида янги ҳарбий ёрдам пакети ажратилишини эълон қилди.

Унга Stinger зенит комплекси учун қўшимча ракеталар, битта HIMARS (High Mobility Artillery Rocket System) ялпи ўт очувчи реактив тизими ва унинг ўқ-дорилари, 155 мм ва 105 мм артиллерия снарядлари, Javelin ва AT-4 танкка қарши комплекслар, TOW ракеталари, 3 миллиондан ортиқ ўқ-дорилар ва совуқ ҳаво учун жиҳозлар киритилган

Қуроллар АҚШ армияси захираларидан етказиб берилади

АҚШ мудофаа вазири Ллойд Остиннинг сўзларига кўра, янги пакет Presidential Drawdown Authority дастури доирасида тақдим этилган ва Пентагон захирасидан қуроллар ажратишни назарда тутади.

«Бу қўшимча артиллерия ўқ-дорилари, ҳаво ҳужумидан мудофаа учун қўшимча тутиб олувчилар, шунингдек, бир қатор танкларга қарши қуроллар билан таъминлайди», деди Остин Киевга ташрифи чоғида ўтказилган матбуот анжуманида.

Украина президенти Володимир Зеленский АҚШга янги ёрдам пакети учун миннатдорчилик билдирди. «Ҳозирда зарур ҳисобланган артиллерия - снарядлар кўпроқ бўлади», деб ёзган у.

АҚШда Украинага ёрдамни давом эттириш бўйича ҳалигача келишиб олингани йўқ

АҚШ маъмурияти Украинага ёрдам бериш учун тасдиқланган маблағнинг 96 фоизини ноябр ойи бошига қадар сарфлади, деди Оқ уй Миллий хавфсизлик кенгашининг стратегик алоқалар бўйича координатори Жон Кирби. Умуман олганда, 2022 йил февралидан бери Конгресс Украинага 113 миллиард доллар ажратди.

АҚШ президенти Жо Байден Украинага 61,4 миллиард доллар ва Исроилга 14,3 миллиард долларлик янги ёрдам пакетини сўради. АҚШ Конгрессидаги қарама-қаршиликлар туфайли уни тасдиқлаш кечиктирилди. Келишилган вақтинчалик бюджетдан Украинага ёрдам бериш банди олиб ташланди. Республикачилар ва демократлар бундай қўллаб-қувватлаш шартлари бўйича ҳали келишувга эришгани йўқ.

Мавзуга оид