Жаҳон | 13:33 / 21.11.2023
6027
3 дақиқада ўқилади

«Чегара билмас шифокорлар» Ғазода ўт очишни тўхтатишга чақирди

«Чегара билмас шифокорлар» ташкилотининг Германия бўлими директори Ғазо секторида ўт очишни тўхтатиш заруратини гуманитар сабаблар билан изоҳлади.

Фото: Ismail Zanoun/AFP

«Чегара билмас шифокорлар» гуманитар ташкилотининг Германия бўлими директори Кристиан Катцер 20 ноябр, душанба куни Ғазо секторида ўт очишни тўхтатиш зарурлигини маълум қилди. Бу Ғазога гуманитар юклар етказилиши ва минтақа аҳолиси хавфсиз ҳудудларга кетиш имкониятига эга бўлиши учун зарур, деди Катцер Германиянинг ARD телеканалида.

Катцерга кўра, Ғазо секторидаги тинч аҳолига ҳозир озиқ-овқат ва ичимлик суви етишмаяпти. Бундан ташқари, кўплаб ярадорлар ёрдамга муҳтож. «Ҳамма нарса етишмаяпти», дейди у.

«Чегара билмас шифокорлар» гуманитар карвонига ҳужум

«Чегара билмас шифокорлар» ташкилоти 19 ноябр куни Ғазо секторида ўзининг гуманитар карвонига уюштирилган ҳужум оқибатида бир киши ҳалок бўлгани ва бир киши жароҳатлангани ҳақида хабар берди. Карвон 137 кишини, ёрдам ходимлари ва уларнинг яқинларини анклав жанубидаги хавфсиз ҳудудга олиб кетаётган эди. Улар орасида 65 нафар бола ҳам бўлган. Ҳужум ортида ким турганига аниқлик киритилмаган. Ташкилот баёнотида айтилишича, можаронинг ҳар икки томони эвакуация ҳақида огоҳлантирилган ва карвондаги барча машиналарда «Чегара билмас шифокорлар» белгиси аниқ кўриниб турган.

Ҳужум Ғазода гуманитар ташкилотнинг маҳаллий идораси яқинида содир бўлди. Худди шу шаҳарда Аш-Шифо касалхонаси жойлашган бўлиб, унинг ҳудудида сўнгги кунларда фаол ҳарбий ҳаракатлар олиб борилмоқда.

Исроил ҳарбийлари ҲАМАС туннелини кўрсатди

Исроил мудофаа кучлари (ЦАҲАЛ) 15 ноябр куни Аш-Шифо касалхонасига ҳужум уюштирилганини эълон қилди. Унга кўра, мажмуа остида ҲАМАС жангчилари учун 55 метрлик туннел, қўмондонлик пункти ва қурол-яроғ омбори жойлашган.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг (ЖССТ) 18 ноябрдаги ҳисоботига кўра, 25 тиббиёт ходими ва 291 бемор касалхонада қолмоқда, жумладан 32 нафар боланинг аҳволи оғир.

Исроил-Фаластин можароси

7 октябр куни эрталаб ҲАМАСнинг ҳарбий қаноти - «Иззаддин ал-Қассам бригадалари» Исроилга қарши «Ал-Ақсо тўфони» операцияси бошланганини эълон қилди. Ғазо секторидан Исроил томон минглаб ракеталар отилди, қуролли гуруҳлар Исроил аҳоли пунктларига кирди.

ҲАМАСнинг билдиришича, операция босиб олинган Шарқий Қуддусдаги Ал-Ақсо масжидига бостириб кириш ва исроиллик муҳожирларнинг фаластинликларга нисбатан зўравонлиги кучайиб бораётганига жавобан амалга оширилган.

Бунга жавобан Исроил армияси Ғазо секторида ҲАМАСга қарши ўнлаб қирувчи самолётлардан фойдаланган ҳолда «Темир қиличлар» операцияси бошланганини эълон қилди. 

Исроил-Фаластин можароси авж олгандан бери 13 мингдан ортиқ фаластинлик ҳалок бўлди. Исроилда қурбонлар сони 1400 дан ошади. Ғазонинг 2,3 миллион аҳолиси Исроилнинг ҳаводан оммавий бомбардимон қилиши ва эксклавнинг тўлиқ блокадаси туфайли озиқ-овқат, сув ва дори-дармонлар танқислигидан азият чекмоқда.

Мавзуга оид