Чет тилини ўқитиш бўйича энг яхши деб топилган мактаб ўқитувчилари ва ўқувчилари Буюк Британияга жўнаб кетди
Мактаблар ўртасида ўтказилган танловда ғолибликни қўлга киритган 84 нафар педагог ва ўқувчилар 1 ҳафта давомида Англиянинг турли шаҳарларида таълим саёҳатида бўлиб, Кембриж, Оксфорд каби нуфузли университетлар фаолияти билан яқиндан танишади.
21 ноябр куни “Хорижий тилларни ўқитиш бўйича энг яхши мактаб” танловининг республика босқичигача чиққан 3 та мактабнинг 84 нафар ўқувчи ва педагоглари Англияга 1 ҳафталик таълим саёҳатига юборилди.
Кетиш олдидан Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги ихтисослашган мактабда тадбир бўлиб ўтди. Унда Мактабгача ва мактаб таълими вазири Ҳилола Умарова ҳам қатнашиб, кетувчиларни сафар олди қутлади.
“Хорижий тилни ўрганиш ҳар бир ёшларимизнинг [ҳаётдаги] кейинги босқичида ҳам жуда аҳамиятли. Яъни рақобатбардош, халқаро ареналарда Ўзбекистон байроғини кўтариши учун илм-фанда, қайси йўналишда бўлмасин, тил[ни ўрганиш] жуда муҳимдир. Ўйлайманки, бир ҳафтага [Англияга] жамоа бўлиб ҳам саёҳат, ҳам таълим йўналишида боришинглар ҳар биринглар учун жуда катта мотивация ва ҳурматли юртбошимиз томонидан сизларга билдирилган катта ишончдир.
Мен ўйлайманки, бу танлов янаям кенгроқ [бўлади, унда] барча ўқувчиларимиз иштирок этишиб, хорижий тилни билиш бўйича ўзларининг билимлари, илмларини янаям оширишади”,– деди вазир.
Маълумотларга кўра, танловнинг туман, шаҳар босқичларида республика бўйича 7 мингга яқин мактабдан 34 минг нафардан зиёд ўқувчи иштирок этган. 208 та мактаб биринчи босқичдан ўтиб, иккинчисига йўлланма олган.
Қайд этилишича, беллашувда берилган топшириқлар мактабларнинг 7-9 синф ўқувчилари учун мўлжалланган бўлиб, саволларнинг қийинлик даражаси осондан қийинга томон таълим тамойилларига асосланган. Мактаб ўқитувчи ва ўқувчиларини танлов босқичларига, тест топшириқларига тайёрлаш учун эса хорижлик инглиз педагоглари ҳам жалб этилган.
“3 ойдан бери Ўзбекистондаман, шу вақт давомида биз мактаб ўқитувчи ва ўқувчиларини коммуникатив метод орқали ўқитишга уриндик. Бу метод ўрганувчиларни шунчаки китоб ўқишдан фарқли равишда дарсларда актив бўлишга ундайди.
Биламизки, исталган синфхоналарда тил ўрганувчилар турлича, уларнинг ҳаммасини қамраб олиш учун, хориж тилида гапиртиришга ундаш учун юқорида қайд этган услубларимизни қўлладик. Бу жараёнда биринчи навбатда эшитишни, кейин эса шунга мос равишда гапиришни, сўнг ўқиш ва ёзишни ўргатамиз. Тил грамматикаси эса ҳамма кўникмалардан кейин, кечроқ параллел равишда ўргатила бошланади”, – деди Мирзо Улуғбек туманидаги 18-мактабга бириктирилган инглиз тили фани ўқитувчиси Осман Мамур.
“Танловнинг республика босқичи келганида сал ҳаяжонда бўлгандик. Чунки унда жамоа бўлиб иштирок этгандик, топшириқларни бажариб чиққач, нима бўлар экан деб роса ўйладик. Кейин танловнинг жавоблари эълон қилинди, қарасак 2-ўринни олган эканмиз. Тасаввур қила олмайсиз қанчалик хурсанд бўлганимизни. Шунақа қилиб, Буюк Британияга кетяпмиз.
Бу давлатга боришимизни билгач, жуда қувондим. Боиси, анчадан бери Европа мамлакатларига боришни орзу қилардим”, – дейди Тошкент шаҳридаги 145-мактаб ўқувчиси Лазизахон Тошматова.
“Хорижий тилларни ўқитиш бўйича энг яхши мактаб” танловининг республика босқичи якуний натижаларига кўра, Наманган (7-мактаб, 1-ўрин), Тошкент (145-мактаб, 2-ўрин) ҳамда Бухоро (1-мактаб, 3-ўрин) вилоятларидаги 3 та мактаб ғолибликни қўлга киритган. Шу мактабларнинг 70 нафар ўқувчи ва 14 нафар ўқитувчиси Англияга юборилди.
Саёҳат қатнашувчилари 1 ҳафта давомида Англия таълим жараёнлари, жумладан, “Ардмор” тил ўқитиш мактаби, Кембриж, Оксфорд университетлари фаолияти билан яқиндан танишиши, Кембриж, Лондон, Винзор, Оксфорд шаҳарлари, Темза дарёси бўйлаб саёҳат қилиши кўзда тутилган. Қолаверса, инглиз тенгдошлари билан ўтказиладиган турли учрашувлар, Буюк Британия маданияти ва тарихи билан боғлиқ тадбирларда иштирок этиши ҳам режа қилинган.
Маълумот учун, танлов Республика босқичи ғолиблари:
1-ўрин – 500 миллион сўм;
2-ўрин – 400 миллион сўм;
3-ўрин – 300 миллион сўм билан пул мукофоти билан тақдирланган.
Танловнинг “The Best Listener” йўналишида Эсфир Никонорова (Тошкент вилояти Олмалиқ шаҳар 5-мактаб), “The Best Reader” йўналишида Самира Нажмиддинова (Бухоро вилояти, Бухоро туман 1-ИДУМ), “The Best Writer” йўналишида Шаҳриёр Сулаймонов (Бухоро вилояти, Бухоро туман 1-ИДУМ), “The Best Speaker” йўналишида Аминахон Курбонова (Самарқанд вилояти, Самарқанд тумани 10-мактаб) ҳамда “The Best of The Best” нoминациясида Моҳинур Раҳимова (Тошкент шаҳар, Яшнобод тумани 145-мактаб) ва Ясмина Муҳиддинова (Бухоро вилояти, Бухоро туман 1-ИДУМ)лар эгаллади.
Мавзуга оид
09:30 / 22.11.2024
“Бошида кимёга умуман қизиқмаганман” – ўқитувчилик ортидан миллиардерга айланган Моҳира Болтаева
23:36 / 20.11.2024
Британиялик фермерлар янги мерос солиғи бекор қилинишини талаб қилиб, норозилик намойиши ўтказди
21:14 / 20.11.2024
Британияда 16 ёшгача бўлган болаларни ижтимоий тармоқлардан чеклаш масаласи кўриб чиқилади
18:21 / 20.11.2024