Ўзбекистон | 21:36 / 22.11.2023
24245
2 дақиқада ўқилади

Тадбиркор Қумқўрғон ҳокимига “Equinox” ҳадя қилди. У вилоятдаги кластерларга алоқадор корхона раҳбари

“Qumtex Invest” раҳбари Урал Бегимқулов Қумқўрғон тумани ҳокимлигига 400 миллион сўмдан қиммат турувчи автомобил совға қилди. Ҳукумат қарорига кўра, туман ҳокимларига хизмат машиналари нархи 330 миллион сўмдан ошмаслиги керак. Ҳолат юзасидан Аксилкоррупция агентлиги ўрганиш бошлаган.

Суратда – Қумқўрғон ҳокими Анвар Нормаматов

Фуқаро Урал Бегимқулов Сурхондарё вилояти Қумқўрғон тумани ҳокимлигига 2023 йилда ишлаб чиқарилган “Equinox” автомобилини ҳадя қилди. 2023 йил 17 октябр куни туман ҳокими Анвар Нормаматов автомобилни туман ҳокимлиги балансига ўтказиш тўғрисидаги фармойишга имзо чеккан.

Ижтимоий тармоқлардаги муҳокамалардан сўнг ҳоким фармойиши E-qaror порталида яшириб қўйилди. Бунга сабаб қилиб одатдагидек ҳужжат мазмунида “шахсга доир маълумотлар ёки қонунчиликка мувофиқ бошқа турдаги фойдаланиш чекланган ахборот” мавжудлиги кўрсатилган.

Фармойишдан кўриш мумкинки, ҳокимликка қимматбаҳо автомобил совға қилган шахс – Урал Бегимқулов Халмурзаевич.

Урал Бегимқулов айни вақтда “Qumtex Invest” МЧЖнинг раҳбари ҳисобланади. Яшаш учун мўлжалланмаган биноларни қуриш билан шуғулланадиган бу корхона таъсисчилари турли хил кластер ва текстилларга чатишиб кетган.

Нима учун шундай йирик корхона ҳоким(лик)га Equinox совға қилгани борасида ҳозирча бирор изоҳ берилгани йўқ.

Маълумот учун, амалдаги ҳукумат қарори билан тасдиқланган меъёрларга кўра, Ўзбекистондаги барча туман ва шаҳар ҳокимликлари учун хизмат машиналарини сотиб олишнинг энг юқори нархи БҲМнинг минг баробаридан (ҳозирги кунда 330 млн сўм) ошмаслиги керак. Ҳокимликка совға қилинган Equinox автомобилининг энг арзон опциялари эса 408,4 миллион сўмдан бошланади.

Бу ҳолатда камида 2 та шубҳали вазият очиқ кўриниб турибди. Тадбиркор қандай манфаат эвазига ҳокимликка 33 минг доллардан қиммат турадиган машинани ҳадя қилмоқда?

Агар манфаатдорлик бўлмаса, нега ҳоким фармойиши жамоатчиликдан яшириб қўйилган ва ҳолатга изоҳ берилмаяпти? Бундан ташқари, ҳокимлик ҳукумат қарорида белгиланган меъёрларга амал қилмаяпти.

Kun.uz мухбири билан гаплашган Коррупция қарши курашиш агентлиги масъулларига кўра, Қумқўрғон тумани ҳокимлиги билан юзага келган ушбу вазият айни вақтда ўрганилмоқда. Ўрганиш якунлари бўйича изоҳ берилади, деди агентлик вакили.

Фаррух Абсаттаров
Муаллиф Фаррух Абсаттаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид