ХХ асрнинг энг шов-шувли қотиллиги – АҚШ президенти Жон Кеннеди қандай ўлдирилганди?
Бундан роппа роса 60 йил аввал, 1963 йил 22 ноябр куни ХХ асрнинг шубҳасиз энг шов-шувли қотиллиги содир этилади. АҚШнинг 35-президенти Жон Кеннеди омма олдида пистирмадаги снайпер томонидан отиб ўлдирилади. Гарчи МРБ ва ФҚБ ҳисоботларида қотил кимлиги ҳақида ёзилган бўлса-да аксарият америкаликлар унга ишонмайди. Улар Кеннедини бир киши эмас, бир гуруҳ одамлар аввалдан тузилган пухта режа билан ўлдирган деб ҳисоблашади.
Бундан роппа роса 60 йил аввал, 1963 йил 22 ноябр куни АҚШда мисли кўрилмаган қотиллик содир этилади. Мамлакат президенти Жон Кеннеди омма олдида отиб ўлдирилади.
Қотиллик кундузи президентни кўриш ва олқишлаш учун чиққан одамлар кўз ўнгида содир этилади. Ҳодисани ўша ерда бўлган кўплаб журналистлар тасвирга олишади. Қотиллик дунё бўйлаб катта шов-шувларга сабаб бўлади.
Ўша пайтларда Кариб ҳавзасида жойлашган Куба ороли туфайли совет-Америка муносабатлари жуда таранглашган эди. Шу сабабли Марказий разведка бошқармаси (МРБ) ва Федерал қидирув бюроси (ФҚБ) Кеннедининг ўлимида КГБ ва Кубани айблайди.
Бир неча йил СССРда яшаган ва ҳодисадан бироз аввал АҚШга қайтган америкалик йигит Кеннедини ўлдиришда айбланиб, ҳибсга олинади.
Орадан икки кун ўтгач гумондорни шаҳар қамоқхонасидан округ қамоқхонасига олиб кетишаётганда фуқаролардан бири уни отиб ташлайди.
Кўпчилик америкаликлар президентни бир киши ўлдирганига ишонмайди ва қотилликни гуруҳ амалга оширган деб ҳисоблайди.
Демократлардан чиққан халқ қаҳрамони
1960 йилда АҚШнинг 35-президенти этиб сайланган Жон Фицжералд Кеннеди медиа ва омма эътиборидаги одам эди.
Ҳолливудча ташқи кўриниш, Иккинчи жаҳон уруши қаҳрамони, мерос қолган катта пул, автобиографик китоб учун Пулицер мукофоти – буларнинг барчасига эга бўлган Кеннеди америкаликларнинг қалбини забт этганди.
1960 йилда ўтказилган президентлик сайловида тажрибали сиёсатчи Ричард Никсон устидан кичик фарқ билан бўлса-да ғалаба қозониш учун 42 ёшли Кеннедига шулар етарли бўлади.
Бироқ Кеннеди энг мунозарали президентлардан бири сифатида Америка тарихига кирди. У АҚШни бошқарган уч йилдан камроқ вақт ичида бу давлат ички ва ташқи сиёсатда бир қатор можароларга аралашди.
Унинг даврида Куба ва Ғарбий Берлин инқирози содир бўлди. АҚШ Ветнам урушига кўпроқ аралаша бошлади. Ички сиёсатда ўзгаришлар бўлди ва фуқаролар ҳуқуқлари либераллаштирилди. Натижада Американинг консерватив жамияти қутблана бошлади.
Суиқасд
1963 йил 22 ноябр жума куни Жон Кеннеди ва унинг рафиқаси Жаклин Техас штатидаги Даллас шаҳрига учиб боришади. Бир йилдан сўнг АҚШда президентлик сайловлари бўлиб ўтиши керак эди ва Кеннеди бу бой шаҳардан ҳомийлар топишга умид қилганди.
Президент ва унинг рафиқасини Техас губернатори Жон Конналли ҳамда унинг рафиқаси кутиб олади. Шундан сўнг улар Lincoln Continental кабриолетига ўтириб, шаҳар маркази томон ҳаракатланишади.
Йўлда уларни кўчалар бўйлаб саф тортган одамлар қўл силкитиб қутлашар, фотосуратчилар ва операторлар ҳолатни кадрларга муҳрлашарди. Кабриолетни полиция ва масъул ташкилотлар кузатиб борарди.
Кортеж Мейн-стритдан ўтиб Хюстон кўчасига, сўнг Элм кўчасига бурилади. Соат 12:30 да яқин атрофдаги мактаб кутубхонаси жойлашган бино томондан икки марта ўқ овози эшитилади.
Биринчи ўқ Жон Кеннедининг орқа томонидан бўйнига, иккинчиси бошига тегади. Биринчи ўқ узилган заҳоти президентни қўриқлаб келаётган махфий хизмат агенти Клинтон Хилл дарҳол Кеннеди ўтирган машина томон югуради.
У президент ўтирган кабриолетга етмасидан иккинчи ўқ узилади. Клинтон дарҳол танаси билан Кеннедини тўсади. Кабриолет ҳайдовчиси машинани дарҳол касалхона томон елдириб кетади.
Кеннедини Паркленд касалхонасига олиб боришганда у тирик эди. Аммо шифокорларнинг барча саъй-ҳаракатларига қарамай, президент соат 13:00 да вафот этади.
Кеннедига отилган биринчи ўқ Техас губернатори Конналлини ҳам яралайди. Ўқ Кеннедининг орқа қисмига тегиб, бўйнидан тешиб чиққанидан сўнг, унинг олд томонида ўтирган губернаторга ҳам тегади.
Асосий гумондор КГБ билан ҳамкорлик қилганмиди?
Президент касалхонага олиб кетилгандан сўнг полиция атрофдаги барча биноларни текшира бошлайди. Шунда полициячилардан бири Элм кўчасидаги бинонинг олтинчи қаватида милтиқ кўтарган йигитга кўзи тушганини айтиб қолади.
Бино дарҳол ўраб олинади ва ўқ отилган жой топиб борилади. У ердан милтиқ ва учта бўш патрон топилади. Суриштирув давомида нафақадаги денгиз пиёдаси Ли Ҳарви Освалд исмли шахс қўлга олинади. Бироқ гумонланувчи ўз айбини тан олмайди.
Суиқасддан икки кун ўтиб, йигит шаҳар қамоқхонасидан округ қамоқхонасига кўчирилаётган вақтда Жек Руби исмли тунги клуб эгаси уни отиб ўлдиради. Тергов давомида Руби бу ишни президентнинг ўлими учун қасос сифатида қилганини айтади.
Кейинчалик, Освалд АҚШ социалистик партияси сафига 16 ёшда киргани, рус тилини ўргангани ва бир неча йил СССРда яшагани маълум бўлади.
Освалд СССРда 1959-1962 йиллар давомида яшаганди. АҚШ фуқароси сифатида Освалд СССРда ҳар доим кузатувда бўлади. Шу пайтда КГБ ходимлари у билан бир неча марта суҳбатлашишади. Буни Освалд СССРда бўлганида у билан учрашган ва кейинчалик АҚШга қочиб кетган КГБ ходими Юрий Носенко ҳам тасдиқлаган.
Носенконинг маълум қилишича, 1962 йил АҚШга қайтган ва Даллас шаҳрига қўнган Освалд океан ортида ишлаётган КГБ жосуслари билан алоқада бўлиб юради. У АҚШдаги КГБ жосуси билан сўнгги марта Кеннедини ўлдиришидан икки ой аввал мулоқотда бўлгани аниқланади.
1964 йилда Носенко АҚШга қочиб борганида МРБ ва ФҚБ Кеннедининг ўлдирилиши бўйича терговни давом эттираётганди. Шу сабабли уни ҳам МРБда сўроқ қилишади. Носенкодан Кеннедининг ўлдирилишида КГБнинг роли бўлганми-йўқми шу ҳақда сўрашади. У ўзи билган маълумотларни ошкор қилади.
Носенкога кўра Освалдга Кеннедини ўлдириш КГБ томонидан буюрилмаган. Унда руҳий муаммолар бўлгани учун КГБ Освалдга ишонмаган ва у билан ҳамкорлик қилишни рад этган.
Бироқ Носенконинг маълумотларидаги айрим тафсилотлар АҚШга қочиб кетган яна бир КГБ жосуси Анатолий Голицин берган маълумотлардан бироз фарқ қилади.
Бошқа тафсилотларга кўра, Освалд Куба ҳукмдори Фидел Кастронинг мухлиси бўлган. Собиқ денгиз пиёда аскари 1962 йил июн ойида ёш рафиқаси билан СССРдан АҚШга қайтиб, Далласга жойлашади. Бу ерда у маҳаллий социалистлар ва Куба ҳукмдори Фидел Кастронинг мухлислари сафига қўшилади.
МРБ маълумотларига кўра, Кеннедига суиқасддан икки ой олдин Освалд ҳатто Мексикага борган, у ерда СССР ва Куба элчихоналарига ташриф буюрган. КГБ зобитлари билан учрашган.
Кейинчалик, истеъфодаги КГБ полковниги Олег Нечипоренко Кеннеди ўлдирилишидан икки ой олдин Освалд билан учрашганини тасдиқлайди. У йигитни «беқарор руҳиятга эга, баъзи вазиятларда талвасага тушиб қоладиган характерли шахс» деб таърифлайди.
«Совуқ уруш» давридаги қарама-қаршилик ва Освалднинг коммунистлар билан алоқалари инобатга олинса, КГБнинг Кеннеди ўлдирилишида иштирок этгани энг асосий тахмин бўлади. Бироқ МРБ бу ҳақда жиддий далил топа олмаган.
Тахминларга асосланган далиллар
Агар Кеннедининг ўлдирилишида КГБнинг қўли борлиги ҳақидаги тахмин фақат тасдиқланмаган фитна назарияси бўлса, Освалднинг айбдорлиги ҳақида бир нечта далиллар бор.
Кеннедига ўқ узилгандан сўнг жиноятчи ўтирган жойни топиб келган полиция қутилар орасидан советларнинг Мосин милтиғига жуда ўхшаш италияликларнинг Carcano милтиғини топади.
Кейинчалик, бу милтиқни Освалд сотиб олгани, унда йигитнинг бармоқ излари топилгани, Кеннедига теккан ўқлар ундан отилгани аниқланади.
Ўшанда ФҚБ ва МРБ ходимлари журналистлар иштирокида синов ўтказишади. Улар милтиқ топилган жойдан Кеннеди кетаётган кўчадаги ҳаракатланаётган нишонга ўқ узиб кўришади. Бироқ бирон киши қисқа вақт ичида керакли масофага юқори аниқликда ўқ уза олмайди.
Освалд ҳам мерган эмасди. Шу сабабли синовдан сўнг МРБ ва ФҚБда аслида қотиллар кўпроқ бўлган ва президентга ўқ узган шахслар қочган деган тахмин пайдо бўлади.
Комиссия хулосаси
Кеннеди ўлдирилгандан сўнг АҚШ президентлиги лавозими вице-президент Линдон Жонсонга ўтади. Янги президент томонидан АҚШ Олий суди раҳбари Эрл Уоррен бошчилигида президент Кеннеди ўлими сабабларини аниқлаш бўйича махсус комиссия тузилади.
Комиссиянинг 10 ойлик фаолияти натижасида қотиллик жиноят пайтида ёлғиз ҳаракат қилган Ли Ҳарви Освалд томонидан амалга оширилган, деган расмий хулосага келинади.
Бироқ кейинчалик Кеннедининг ўлими билан боғлиқ гап-сўзлар ва ҳатто Освалднинг бу қотилликка дахли йўқ экани тўғрисида бир-бирига қарама-қарши турли тахминлар кўпайиб кетади.
1966 йилда Ню-Орлеан прокурори Жим Гаррисон суиқасд пайтида олинган фотосуратлар ва видеоларга таяниб, Кеннеди ўлдирилиши бўйича ўз терговини бошлайди.
У президентга суиқасдни МРБнинг алоҳида ходимлари ва АҚШдаги кубалик муҳожирларнинг Кастрога қарши қўпорувчи гуруҳлари уюштирган деб топади.
Гаррисон уч марта ўқ отилган деб ҳисоблайди. Прокурор асосий ташкилотчи сифатида учувчи Дэвид Ферри ва банкир Клей Шоуни кўрсатади.
Гаррисон ўтказган тергов ҳақидаги маълумотлар оммага эълон қилинганидан бир неча кун ўтгач Дэвид Ферри вафот этади. Гаррисон икки йиллик тингловлар давомида судда Шоунинг айбини исботлай олмайди. Вакиллар палатаси қўмитаси томонидан унинг тергов усуллари шубҳали деб топилади.
МРБ ва ФҚБ учун саволлар
Ҳодиса содир бўлганига 60 йил бўлди, бироқ ўтган йиллар оралиғида АҚШда Кеннеди ўлдирилишини тергов қилиш масаласига тез-тез қайтиб туришди.
Шу пайтгача эълон қилинган ижтимоий сўровлар натижаларига кўра, АҚШ аҳолисининг 70 фоизи қотилликнинг расмий версиясига ишонмайди. 61 фоизи эса Освалд ёлғиз ҳаракат қилмаган деб ҳисоблайди.
Хулоса шуки, махсус хизматларнинг барча архивларини ошкор қилмасдан, Кеннеди ўлдирилишининг расмий версиясини ўзгартира оладиган бирон бир янги фактни аниқлаш қийин.
Америкалик конгрессмен Стив Коэннинг фикрича, разведка идоралари Кеннедининг ўлдирилишига доир архив ҳужжатларини чоп этишни секинлаштиришга ҳаракат қилмоқда.
Чунки архивдаги ошкор қилинмаётган ҳужжатлар ва файллар МРБ, ФҚБ ва бошқа идораларнинг лаёқатсизлиги ёки қонунбузарликларини кўрсатиши мумкин.
Америка журналистлари, прокурорлар ва ҳуқуқ фаоллари ўтган йиллар давомида Кеннедининг ўлдирилиши, шунингдек, бу қотиллик ортида ким тургани бўйича мустақил суриштирувлар олиб боришди.
Бу борада 600 дан ортиқ китоб чоп этилади, бир қанча ҳужжатли филмлар ишланади. Бироқ уларнинг биронтасида ўшанда Кеннедини ким ўлдиргани ҳақида аниқ гаплар йўқ. Барчасида турли тахминлар илгари сурилади.
Ўша тахминларга кўра, қуйидагилардан бири Кеннедига қарши қилинган суиқасд ортида турган бўлиши мумкин.
СССР. Асосий гумондор Ли Ҳарви Освалднинг Америка социалистик партиясига аъзолиги, бир неча йил СССРда яшагани ва суиқасддан бироз аввал АҚШга қайтгани, КГБ ходимлари билан доимий алоқада бўлгани Кеннедини советлар буюртмаси билан ўлдиришган деган гумонни асосий ўринга олиб чиқади.
Вице-президент Линдон Жонсон. Жонсонни айбловчилар бунга асосий сабаб сифатида вице-президентнинг Кеннедиларни умуман ёқтирмаганини ва 1964 йилда бўладиган сайловда Кеннеди ғалаба қозонса, уни вице-президентликка қўймоқчи бўлмаганини кўрсатишади.
Бундан ташқари, манбалар Жонсоннинг Ли Ҳарви Освалднинг қотили бўлган Жек Руби билан танишлигига ишора қилади.
МРБ. Кеннеди даврида Кубада Кастро тузумини ағдариш учун ташкиллаштирилган исён муваффақиятсиз якунланади. Шундан сўнг Кеннеди МРБ директори Аллен Даллесни ишдан олади.
Баъзи манбаларга кўра, Кеннеди бўлажак сайловларда ғолиб чиққанидан сўнг МРБ фаолиятини махсус текширувдан ўтказишни режалаштирган. Шунинг учун ҳам МРБ раҳбарияти текширувда ноқонуний маълумотлар жамоатчиликка маълум бўлишининг олдини олиш учун «президентга қарши фитнага қўшилган» деган қарашлар ҳам мавжуд.
ФҚБ директори Жон Эдгар Гувер. Бошқа фаразга кўра, суиқасд ортида ФҚБ директори Жон Эдгар Гувер турган бўлиши мумкин. 1962 йилда МРБ бошлиғи Аллен Даллес ишдан бўшатилгандан сўнг кўпчилик Кеннеди Жон Гуверни ҳам ишдан олишини тахмин қила бошлайди.
Гувер ФҚБни 1924 йилдан буён бошқариб келаётганди. У ўз амалида қолиш учун президентни ўлдирган деган тахминлар ҳам бор. Кейинчалик, Америка матбуотида Гувер ФҚБ юрисдикциясини кўп бора бузгани ва сиёсий раҳбарлар тўғрисида муҳим маълумотлар тўплаб боргани ҳамда бу маълумотлардан президентларга босим ўтказиш учун фойдалангани тўғрисида материаллар чоп этилади.
Ҳаттоки АҚШнинг 1969-1974 йиллардаги президенти бўлган Ричард Никсон 1971 йилда кичик доирада Гуверни ишдан ололмаслигининг сабабларидан бири сифатида ФҚБ директори ўзига нисбатан тазйиқ ўтказиши мумкинлигини кўрсатганди.
Ҳарбий-саноат комплекси. Бу комплекс мамлакат қуролли кучлари ва уни таъминловчи мудофаа саноати (жумладан, хусусий корпорациялар) ўртасидаги норасмий иттифоқ бўлиб, у давлат сиёсатига таъсир кўрсатадиган манфаат сифатида қаралади.
1961 йил 17 январда АҚШ президенти генерал Дуайт Эйзенхауэр ўз лавозимини тарк этишидан олдин қилган хайрлашув нутқида халқни ҳарбий-саноат комплексининг қудрати ошиб бораётганидан огоҳлантирган, ҳукумат ишларида унинг ножоиз таъсиридан эҳтиёт бўлишга чақирганди.
Кубаликлар. Кеннеди даврида Кубада Фидел Кастро тузумини ағдариб ташлаш учун бир қанча ҳаракатлар қилинган ва оқибатда СССР-АҚШ муносабатлари уруш ёқасига келиб қолганди.
Шунингдек, МРБ томонидан Кастрони йўқ қилишга уринишлар ҳам бўлган. Шу сабабли кубаликлар ҳам суиқасд гумонланувчилари ҳисобланади.
Миллиардер Аристотел Онассис. Келиб чиқиши грек бўлган бу шахс Кеннедилар оиласи билан 1958 йилда танишади ва Жаклин Кеннадини ёқтириб қолади. Кейинчалик, 1963 йилда Жаклин Кеннеди Онассиснинг ҳашаматли яхтасида дам олади ва бу ҳақдаги хабар ОАВда эълон қилинади. Бундан хабар топган президент қаттиқ ғазабланиб, хотинига тезда Вашингтонга қайтишни буюради.
Кеннеди ўлдирилгандан сўнг беш йил ўтгач, Жаклин Онассис билан турмуш қуради. Гарчи миллиардернинг номи гумондорлар рўйхатининг охирида келса ҳам қотилни у ёллаган бўлиши эҳтимоли ҳам бор.
Шунингдек, Кеннедининг ўлимида АҚШ Федерал захира тизимининг ўша пайтдаги раҳбарияти, Техас нефт магнатлари, уюшган жиноий тўдалар (мафия – Кеннеди уларни йўқ қилиш учун жиддий чоралар кўрганди) асосий гумондорлар ҳисобланишади.
Ғайрат Йўлдош тайёрлади.
Мавзуга оид
22:51 / 22.11.2024
Халқаро жиноят судининг ордери Исроилни нега қўрқитяпти?
21:25 / 22.11.2024
Россия ортидан АҚШ ҳам ядро стратегиясини ўзгартирди
13:52 / 22.11.2024
АҚШ Ўсимликлар карантини агентлигига 205 минг долларлик ускуналар топширди
21:00 / 21.11.2024