Жаҳон | 19:21 / 23.11.2023
18134
11 дақиқада ўқилади

Дронлар жанги, эҳтимоли паст ёриб ўтишлар — ғарб экспертлари Украина фронти ҳақида

Украина фронтида бўлиб қайтган ва Украина ҚК ҳарбий хизматчилари билан гаплашган ғарблик етакчи экспертлар Украина ҳам, Россия ҳам яқин орада сезиларли силжишга эриша олмаслигини айтишмоқда. Ҳарбий таҳлилчилар шунингдек, ушбу урушда FPV-дронлар каби замонавий технологиялар тобора катта рол ўйнаётганини ҳам қайд этишган.

FPV-дронлар урушдаги энг асосий омиллардан бирига айланди, дейишмоқда экспертлар: Фото: EPA

Украинадан яқинда қайтиб келган экспертлар гуруҳига ғарб ОАВ фикрларидан жуда кўп иқтибос келтирадиган тўрт таҳлилчи киритилган:

Майкл Кофман — халқаро тинчлик йўлидаги Карнеги фондидан;

Роб Ли — АҚШдаги ташқи сиёсат тадқиқотлари институти катта илмий ходими;

Франц-Стефан Гэди — Халқаро стратегик тадқиқотлар институти катта илмий ходими;

Конрад Музика — Полшанинг Rochan Consulting компанияси раҳбари ва ҳарбий таҳлилчи.

Қарама-қаршиликнинг ҳозирги босқичидан экспертлар томонидан чиқарилган асосий хулоса шундай: Украина армиясининг ёз ойларида жанубда бошланган кенг кўламли қарши ҳужуми деярли тугаган, уруш бугунги кунда позицион кўринишга эга.

Запорижжя остонасида ва Донецк области жанубидаги ҳужумга ўтиш операцияси натижасида УҚК бир нечта жойда Россиянинг яхшилаб ҳимояланган истеҳком чизиқларини ёриб ўтишга ва бир қанча аҳоли пунктларини эгаллашга муваффақ бўлган.

Бироқ улар сезиларли ҳудудларни озод қила олишмаган ва асосий вазифа — Азов денгизигача чиқиб, Қримга қуруқликдан йўлакни узиб қўйиб, Запорижжя областининг оккупация остидаги қисмидан Россия қўшинларини қувиб юборишни уддалай олишмаган.

«Украинанинг ҳужумга ўтиш салоҳияти умуман олганда тугаб битган, — деган Музика Полшанинг TOK FM радиоси эфирида. — Ҳужумга ўтиш ҳаракатларини нафақат жанубда, шарқда ҳам амалга ошириш имкониятлари қаттиқ чекланган. Гап бу ерда воситалар — артиллерия ва инсон потенциали ҳақида ҳам бормоқда».

«Ҳар икки томон тобора ёши катта ҳарбийларни сафарбар қилмоқда. Улар энди 18-20 ёшли йигитлар эмас. Бу инсонлар 40 ёшга бориб қолган ёки 40–50 ёшлар атрофида», — дейди Майкл Кофман ўзининг War On The Rocks подкастида.

Натижада, ҳарбий ҳаракатлар эндиликда йирик бирлашмалар даражасида олиб борилмаяпти, бир парча ер учун кураш олиб бораётган нисбатан кичик-кичик бўлинмаларнинг қарама-қаршилигига айланиб кетган. 

«Жанговар ҳаракатлар шу даражага етганки, ҳар бир дарахтзорнинг ўз номи пайдо бўлган. Урушдаги силжишлар километрлар ёки юзлаб метрлар билан эмас, йўл четидаги дарахтзорлар билан ўлчанмоқда, — дея тушунтиради Кофман. — Муаммо шундаки, яқин келажакда томонларнинг ҳеч бири сезиларли силжишга эриша олмайди».

Роб Ли ўзининг ўша подкастида «Токмак йўналишида Украина ҳамон ер эгаллаш бўйича муваффақиятлар қозонмоқда, лекин улар жуда кичик», деб айтган.

«Пайдо бўлган шарт-шароитлар ҳисобга олинса, кунига 100 метрдан кўпроққа силжиш жуда мураккаб масала», — дейди эксперт ва Россия қўшинлари фронтнинг бошқа нуқталари, жумладан, Авдийивка ва Купянск остонасида олға силжишга ўтганини қўшимча қилади. Бахмут ҳудудида ҳар икки томон басма-басига олға босишмоқда, дейди Ли.

Яқинда УҚК бош қўмондони Валерий Залужний Economist журналида мақола эълон қилиб, фронтдаги вазиятни шахматдаги пат ҳолати каби тасвирлаган — бу президент Володимир Зеленскийнинг эътирозларига сабаб бўлганди.

Кофманнинг қайд этишича, «пат вазияти» ибораси сиёсий қувват олди, чунки Залужний ундан ўз мақоласида фойдаланган. «Мен гап пат ҳолати ҳақида кетяпти, деб ўйламайман. Бундай ҳолат фронтнинг айрим нуқталаридагина ўрнатилиб қолган», — дейди америкалик эксперт.

Нега бундай бўлди?

Ғарб экспертлари Украина армияси ёзги қарши ҳужумга ўтиш асносида катта йўқотишларга дучор бўлганини тан олишади (агар УҚК шахсий таркибни асрашга ҳаракат қилмаганида йўқотишлар янада кўп бўлиши мумкин эди).

Украина қўшинлари жиддий йўқотишларга учрамоқда, дейишмоқда экспертлар. Фото: Reuters

«Украина армиясининг маънавий руҳияти ҳамон юқорилигича қолмоқда, лекин қўшин борган сари чарчаяпти», — деган ўзининг War On The Rocks подкастида Франц-Стефан Гэди.

«Йўқотишлар шу қадар каттаки, украиналиклар айрим бригадаларни нолдан тиклашига тўғри келмоқда, — дейди Музика Полша радиостанциясига берган интервюсида. — Айниқса, гап душман мудофаа чизиғига жисмонан ҳужум қилувчи механизациялашган ва пиёда таркибий қисмлар ҳақида кетганда».

Музиканинг фикрича, Украина армияси сезиларли ҳудудларни қўлга кирита олмаганининг асосий сабаби кичик-кичик гуруҳлар бўлиб ҳужумга ўтганида. «Ашар сизнинг стратегиянгиз Қримгача ёки Токмаккача бориш бўлса кичик бирлашмалар тактикасидан фойдаланиш билан бунга эришиб бўлмайди», — дейди полшалик ҳарбий эксперт.

Ғарб нашрларининг хабар қилишича, УҚК Запорижжя областида қарши ҳужумга ўтишни бошлаб, бир вақтнинг ўзида жангга ғарб мутахассислари томонидан ўргатилган тактикага кўра сезиларли бирлашмалар ташлашга уринган.

Улар россияликларнинг яхши эшелонланган ва миналаштирилган чизиқларига дучор бўлишган, шунингдек украин қўшинларига вертолёт, артиллерия ва пилотсиз парвоз қурилмалари билан фаол зарба берилган. Шундан сўнг УҚК ўзлари учун одатий бўлган кичик-кичик гуруҳлар тактикасига ўтиб олган ва бу барқарор натижалар келтириши билан бирга, улкан йўқотишларнинг ҳам олдини олган.

Дронларнинг чақин уруши

Экспертлар хулосасига кўра, ҳар икки томон учун олдинга силжиш имкониятини бермаётган муҳим омиллардан бири — жангларда кузатувчи пилотсиз парвоз қурилмалари ва FPV-дронлар — оператор кўзойнагига видео трансляция қилувчи кичик ва арзон зарбдор аппаратлардан фойдаланиш бўлмоқда.

Украина FPV-дронлардан фаол фойдаланмоқда, бироқ Россия томонида ҳам уларнинг сони кескин кўпайган, демоқда ғарб таҳлилчилари. Фото: EPA

Роб Лининг сўзларига кўра, фронтда FPV-дронларнинг роли сўнгги уч ой ичида кескин ошган ва Россия қўшинларига бундай аппаратларнинг жуда катта партияси етказиб берилган: аппаратлар сони шу қадар кўпайганки, РФ армияси битта украиналик ҳарбийни ўлдириш учун ҳам дрондан фойдаланмоқда.

Натижада россияликлар Украина ҳарбийлари тўпланган жойларга зарба беришмоқда. «Агар Украина ўз зирҳли техникаси — танклар, пиёдалар зирҳли машиналари ва ҳоказоларни етарли тарзда концентрация қила олмаса қандайдир тезкор ёриб ўтиш ҳақида гап бўлиши мумкин эмас», — деган Ли.

Кофманнинг хулосасига кўра, Украина қарши ҳужумга ўтишининг дастлабки босқичларида асосий омил миналар бўлган бўлса, ҳозирга келиб айнан дронлар — ҳам зарбдор, ҳам кузатувчи дронлар бўлиши олд планга чиққан.

Бу ҳолатда, унинг фикрича, Украина армияси дронлар ёрдамида шиддатли ва мувофиқлашган ҳужумларни уюштиришни ўрганиб олган.

War On The Rocks подкастида Музика ўзи бевосита гувоҳ бўлган қуйидаги вазиятни тавсирлайди: «Украина дрони россиялик ҳарбийлар отрядини аниқлади. Орадан 30 сония ўтгач отряд миномётдан ўққа тутилди. Тўрт дақиқадан сўнг худди шу аскарлар гуруҳи устига кассета ўқ-дорилар ёғдирилди. Бўлди. Ҳаммасига тўрт ярим дақиқа кифоя қилди — жанг айнан шунча вақт давом этди».

Кофманнинг хулоса қилишича, бундай вазият «ҳар икки томон учун қарши ҳужумга ўтиш ҳаракатларини мураккаблаштиради». «Кун бўйи давом этадиган жанглар тугаган. Фронт яқинида техникаларнинг кундуз куни силжиши асосан кузатилмаяпти. Барча жанг эрта тонг, кечқурун ва тунга кўчган», — дейди эксперт.

Вазиятни нима ўзгартириши мумкин?

Экспертларнинг тўртови ҳам яқин орада можаро қандай йўлдан ривожланиши бўйича аниқ хулоса тақдим қила олмаган, улар шунчаки позицион уруш қишда ва баҳорда ҳам давом этишини тахмин қилишмоқда.

Фото: Reuters

«Украина босимни камайтирмайди, Россия ҳам ташаббусни қўлга киритишга уринишдан тўхтаб қолмайди. Биз яқин ойлар давомида доимий ташаббус жиловига эга чиқиш учун жангларга гувоҳ бўламиз», — дейди Кофман.

Ғарб таҳлилчилари эслатишича, дронлар ва радиоэлектрон кураш воситалари роли ошганига қарамай, артиллерия ва зирҳли техника каби анъанавий қурол-яроғлар ҳамон муҳим омиллигича қолмоқда. Артиллерия ёрдамида асосан душманга узоқдан зарба берилади, зирҳли техника эса душман позицияларини эгаллаш ва ярадорларни эвакуация қилиш учун керак.

Кофманнинг қайд этишича, бу урушда Украина Россия олдида қандайдир инновацион устунликка эга ва дронларнинг янги тизимини фаол ишлаб чиқмоқда, бироқ «Украинанинг асосий муаммоси — бундай техникаларни ишлаб чиқариш кўламини кенгайтириш ва оммавий ишлаб чиқариш» бўлиб қолмоқда.

Ўз навбатида Россия вазиятга жуда секинлик билан реакция кўрсатмоқда, бироқ унинг давлат машинаси раҳбарият энг фойдали деб топган воситаларни тезкорлик билан оммавий ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш қобилиятига эга.

Натижада, экспертлар фикрича, Россия сўнгги вақтларда артиллерияда ҳам, зарбдор пилотсиз парвоз қурилмалари борасида ҳам устунликка эга. Бироқ агар Украина дронларни оммавий ишлаб чиқаришни бошласа ва Ғарбдан етарли миқдордаги снарядлар ва зирҳли техникаларни олса бу вазиятни ўнглаш мумкин.

Лининг сўзларига кўра, пилотсиз парвоз қурилмалари ишини сўндирувчи ва оғир техникалар учун «хавфсизлик қобиғи» яратувчи янги радиоэлектрон кураш воситалари пайдо бўлиши жанг майдонида кўп нарсаларни ўзгартириб юбориши ҳам мумкин.

Гэдининг хулосасига кўра, уруш айнан қандай боришини олдиндан айтиш жуда қийин, чунки ҳар икки томон юзага келаётган вазиятга тобора мослашиб бормоқда. «Уч ой илгари биз ҳозиргисидан мутлақо бошқача фронтнинг гувоҳи бўлган эдик», — дейди эксперт.

Унинг қўшимча қилишича, ўзгармай турган ягона нарса — можаронинг ҳолдан тойдирувчи уруш характерига эга эканлигидир.

Мавзуга оид