Жаҳон | 16:51 / 23.11.2023
14375
3 дақиқада ўқилади

«Ўзбекистон Қозоғистондан ўзиб кетди» — эксперт маиший зўравонликка қарши кураш бўйича икки давлат қонунчилигидаги фарқлар ҳақида

Қозоғистонлик халқаро эксперт, юрист-социолог Холида Ажигулова мамлакатда хотин-қизларга нисбатан зўравонлик ҳолатлари ҳақида сўз юритиб, Ўзбекистонда бу масалада анча илдамлашган тизим яратилаётгани, бунда президентнинг ёрдамчиси Саида Мирзиёеванинг роли муҳим аҳамиятга эга бўлаётганини таъкидлади.

Холида Ажигулова / Фото: Видеодан кадр

“Ўзбекистонда маиший зўравонлик учун маъмурий ва жиноий жавобгарлик жорий этилди. Ўзбекистон Қозоғистондан ўзиб кетди, сабаби у ерда маиший зўравонлик учун ҳам, болаларга нисбатан ҳар қандай зўравонлик учун ҳам жавобгарлик бор, кўпхотинлик, кўпхотинликни тарғиб этиш тақиқланди.

Қизиғи шундаки, у ерда мамлакат етакчисининг қизи аксарият ташаббуслар билан чиқяпти. Уни ушбу муаммолар ташвишга соляпти, шунинг учун у бу масалани кўтарди. Ҳамма қўллаб-қувватлади.

Қозоғистонда ҳам биринчи президентнинг уч қизи бўлган. Лекин улардан бирортаси маиший зўравонлик масаласини кўтармаган, бири доимо қўшиқ айтиш билан овора бўлган, бошқаси бриллиантларни реклама қилган. Оддий халқ қандай яшаётгани эса уларни ҳеч қачон қизиқтирмаган”, – деди Ажигулова Қозоғистоннинг ULYS MEDIA нашрига берган интервюсида.

Ажигулова нимани назарда тутган?

Хотин-қизлар ва болаларга нисбатан зўравонликларни жамиятда нормал қабул қилиш амалдаги президент Шавкат Мирзиёвнинг қизи, президент ёрдамчиси лавозимида фаолият олиб бораётган Саида Мирзиёева томонидан кескин қораланди. Бу каби ҳолатларнинг кўпайишидан жамиятга етадиган зарарлар ўртага ташланди ва бунга қарши қатъий чоралар кўрилиши кераклиги кун тартибига чиқарилди.

Шундан кейин жорий қонунларга керакли ўзгартишлар киритиш мақсадида Сенат қошида ишчи гуруҳ тузилиб, ўз фаолиятини бошлади. Кўп муҳокамаларга сабаб бўлган қонун лойиҳасининг қабул қилиниши осон кечмади. Шахсан Мирзиёеванинг ўзи ҳам бу курашнинг қийин кечганини тан олди. Аммо кўзланган мақсадга эришилди. Бугун Ўзбекистонда оилавий зўравонликлар жиноят доирасида баҳоланади. Жамоатчилик фаоллари бу қонуннинг тарихий аҳамиятга эга экани, миллий ва ахлоқий қадриятларга асосланганини айтишди.

Энди Ўзбекистон қонунчилигида хотин-қизлар ва болалар уларнинг эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилишга доир қонун асосида ҳимояланади. Жумладан, жинсий жиноятларнинг ижтимоий хавфлилик даражаси бир поғонага орттирилиб, илгари унча оғир бўлмаган турдаги жиноятлар, оғир жиноятлар туркумига, оғир жиноятлар эса ўта оғир жиноятлар туркумига киритилди. Оилавий (маиший) зўравонлик учун алоҳида маъмурий ва жиноий жавобгарлик, шилқимлик учун маъмурий жавобгарлик белгиланди.

Сўнгги йилларда вояга етмаганларга нисбатан зўравонликларнинг ошиб бораётгани туфайли бу тоифадаги жиноятларнинг ижтимоий хавфлилик даражаси бир поғонага орттирилиб, илгари унча оғир бўлмаган турдаги жиноятлар, оғир жиноятлар туркумига, оғир жиноятлар эса ўта оғир жиноятлар туркумига киритилди.

Шунингдек, болаларнинг ҳаёти, соғлиғи ёки ахлоқи учун хавфли бўлган жиноятларни содир этган шахсларнинг ягона реестри тузилмоқда. Ушбу реестрга кирган шахсларнинг таълим, тарбия, болалар соғломлаштириш, спорт ва ижодий ташкилотларида ишлаши ҳамда болалар билан бевосита ишлашни назарда тутувчи фаолият турлари билан шуғулланиши тақиқланди.

Мавзуга оид