Жаҳон | 23:25 / 24.11.2023
9061
2 дақиқада ўқилади

Исроил 39 нафар фаластинлик маҳбусни озод қилди 

ҲАМАС томонидан гаровдаги 13 нафар исроиллик озод қилинганига жавобан Исроил қамоқхоналаридаги фаластинликлар қўйиб юборилди. 

Исроил 39 нафар фаластинлик аёл ва ўсмирни қамоқхонадан озод қилди. Бу ҳақда Қатар Ташқи ишлар вазирлигига таяниб Interfax хабар берди.  

Аввалроқ, ҲАМАС ҳаракати гаровдаги 13 нафар исроиллик аёл ва болаларни қўйиб юборгани ҳақида хабар берилган эди. 

Қатар ТИВ берган маълумотга кўра, ҲАМАС умумий ҳисобда 24 нафар кишини Халқаро Қизил Хоч қўмитасига (ХҚХҚ) топширган: улардан 13 нафари Исроил фуқароси, 10 нафари Таиланд фуқароси ва 1 нафари Филиппин фуқароси. 

«Биз гаровга олинган 24 киши хавфсиз озод қилинганини тасдиқлаганимиздан кўнглимиз кўтарилди», дейилади ХҚХҚ баёнотида. 

Исроил мудофаа кучларининг (ЦАҲАЛ) хабар беришича, озод қилинган исроилликлар тиббий марказларга етказилади ва оиласи билан учрашиш имконига эга бўлади. 

Қайд қилинишича, ҲАМАС Таиланд фуқароларини ҳеч қандай шартсиз озод қилишга рози бўлган. Исроилда 30 мингга яқин таиландликлар истиқомат қилади. 

Исроил ва ҲАМАС ўртасидаги келишув шартларига кўра, 24 ноябрдан бошлаб Ғазо секторида камида тўрт кунга ўт очишни тўхтатиш режими амал қилади. Шунингдек, Ғазога инсонпарварлик ёрдами етказилиши кўпаяди. 

Бундан ташқари, ҳар куни 1/3 нисбатда гаровга олинганларни ва Исроил қамоқхоналаридаги маҳбуслар алмаштирилади. Биринчи босқичда 50 нафар гаровга олинган ва 150 нафар маҳбус озод қилинади, кейин томонлар алмашинувни яна бир неча кунга узайтиришга келишиб олиши мумкин.

Мавзуга оид