Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Ниагарадаги портлаш, Фаластинни тан олишга тайёр Испания, тушаётган нефт нархи — кун дайжести
Кун давомида жаҳонда содир бўлган воқеа-ҳодисалар, янгиликларнинг қисқа ва лўнда тафсилотлари билан одатдагидек Kun.uz’нинг янги лойиҳаси — Жаҳон хабарлари дайжестида таништирамиз.
АҚШ-Канада чегарасидаги Ниагара шаршараси яқинида АҚШ ва Канада ўртасидаги Камалакли кўприкда автомобил портлаб кетиб ва икки киши ҳалок бўлди. Воқеада АҚШ чегара хизматининг бир нафар ходими яраланган. Федерал тергов бюроси тергов ишларини олиб бормоқда. Ҳодиса теракт бўлиши мумкинлиги ҳам гумон қилинмоқда.
Маълум бўлишича, АҚШдан Канадага кетаётган автомобил қарама-қарши бўлакда катта тезликда чегара ўтиш жойига яқинлашган. Юз берган тўқнашув ва портлаш туфайли АҚШ ва Канада ўртасидаги аввалига тўртта чегара пункти вақтинча ёпилди. Буффало Ниагара халқаро аэропортида хавфсизлик чоралари кучайтирилди. Айни дамда Камалакли кўприк ёпиқлигича қолмоқда, аммо қолган ўтиш жойлари бўйлаб ҳаракат тикланган.
Фаластин мустақиллигини тан олишга тайёр давлатлар яна биттага кўпайди ва бу Испания.
Испания бош вазири Педро Санчес мамлакат Фаластин мустақиллигини яқин вақтлар ичида тан олишга тайёрлигини Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳуга маълум қилади. Нашрга кўра, Санчес буни Исроилга ташрифи вақтида айтади.
Бу орада Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу Ғазо секторида оташкесим режими бузилса жанговар ҳаракатлар тикланишини билдирди. У шунингдек, ЦАҲАЛ муваққат сулҳ кунларидан урушни давом эттиришга тайёргарлик кўриш учун фойдаланишини айтди, деб ёзади The Times of Israel нашри.
Муваққат оташкесим эълон қилинганига қарамасдан, сўнгги бир кун ичида Ғазода ўлдирилганлар сони 404 кишига ортди ва жами 14 минг 532 нафарга етди. Уларнинг 6 мингдан зиёди ёш болалар. Ярадорлар сони эса 30 мингдан ошган. 7 мингдан зиёд киши бедарак йўқолган ҳисобланади.
Пентагон раҳбари Украина ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимини кучайтиришга чақирди.
Украина мудофааси бўйича 50 да давлатдан иборат «Рамштайн» алоқа гуруҳининг 17-виртуал йиғилишида АҚШ мудофаа вазири Ллойд Остин Украина ҳам, Исроил ҳам шафқатсиз душманларга дучор бўлганини таъкидлаган.
«Биз Эрон ҲАМАС ва Путинни қуроллантириб, Ғазода ҳам, Украинада ҳам можарони алангалатаётганига гувоҳ бўлиб турибмиз. Эрон томонидан Кремл ва ҲАМАСнинг қўллаб-қувватланаётгани Украинага ҳам, Яқин Шарқдаги тинчликка ҳам, жумладан халқаро тартибга ҳам рахна солади», — деган Ллойд Остин.
Шу йиғилишда Украина мудофаа вазири сўнгги олти ҳафтада Россия армияси 36 минг аскаридан айрилганини таъкидлади.
«Россия тўхтатишни режалаштираётгани йўқ. Москва тушунадиган ягона тил — куч-қудрат. Биз бу тилни жуда яхши ўрганиб олдик», — деди Рустам Умеров.
Умеровнинг қайд этишича, Украина Россия кемаларини Қора денгиздан четлатишга муваффақ бўлган, денгизда эркин сузишни тиклай олган. Бундан ташқари, ғарб давлатлари томонидан етказиб берилган қурол-яроғлар фронтдаги вазиятни ўзгартира олган.
Мавзуга оид яна бир хабар: БМТ Украинада уруш бошланганидан буён 10 мингдан ортиқ тинч аҳоли вакиллари ўлганини тасдиқлади. Ўлдирилганлар орасида расман тасдиқланган болалар сони — 560 нафар. БМТ мониторинг миссияси ўтган давр ичида 18,5 минг киши яраланганини ҳам қайд этган.
Россия билан чегарани бутунлай ёпиш билан таҳдид қилган Финландия чегарада туйнук қолдирди.
Финландия Россия билан ўзаро чегарадаги тўққизта назорат ўтказиш пунктидан саккизтасини ёпишга қарор қилди. Фақат энг шимолий нуқтада жойлашган Райя-Йоосепи назорат ўтказиш пункти очиқ қолдирилмоқда. У ўтказиш пунктлари ичида энг кам қувватлиси бўлиб, суткасига тўрт соат ишлайди, холос.
Финландия ҳукумати чегараларни тўлиқ ёпишга уриниб кўрди. Бироқ бу Европа Иттифоқи қонунчилигига зид келиши туфайли номига биттасини очиқ қолдиришга мажбур бўлди. Финландия расмий Москвани миграцион кризис яратиш мақсадида ҳужжатларисиз хорижлик мигрантларни чегарага олиб келиб ташлашда айблаб келмоқда.
Жаҳонда нефт нархи 80 доллардан пастга шўнғимоқда
OPEC+ энергетика вазирларларининг юзма-юз учрашувини 26 ноябрдан 30 ноябрга кечиктириши тўғрисидаги хабарлар фонида Brent нефти котировкалари 4 фоизга пастлаган ва нефтнинг бир баррели 82 доллардан 79 долларга тушган.
Goldman Sachs инвестицион банки нефт нархи ошиши учун Россия ва Саудия Арабистони 2024 йилнинг биринчи чорагида нефт қазиб олишни қисқартириши мумкинлиги, OPEC+ томонидан қазиб олишни қисқартириш эҳтимолини 35 фоизга баҳолаган. Қисқартириш ҳажми суткасига 0,5–1 млн баррелни ташкил этиши мумкин.
Нидерландияда навбатдан ташқари парламент сайловларида кутилмаганда ўта ўнг Озодлик партияси ғолиб чиқди.
Бу Европада скептиклар ҳукмронлиги остидан яна бир беқарор парламент вужудга келганини англатади. Партия раҳбари Герт Вилдерс сайловчиларга Европа Иттифоқини тарк этиш бўйича референдум ва «мамлакатни ҳолландларга қайтариш»ни ваъда қилган. У шунингдек Нидерландия парламентида Украина президенти Володимир Зеленскийнинг чиқишини бойкот қилгани билан ҳам машҳур бўлган. Лекин шунга қарамасдан, ҳозирча уни «Путиннинг иттифоқчиси» деб ҳисоблаш нотўғри бўлади.
Мавзуга оид
13:40 / 28.05.2025
Талабаларга виза суҳбатларини тўхтатган АҚШ, Исроилни танқид қилган канцлер ва Ҳайит кунини эълон қилган Саудия – кун дайжести
13:15 / 27.05.2025
ҲАМАСга таклиф қилинган сулҳ, Ливерпулдаги фожиа ва рафиқасидан шапати еган Макрон — кун дайжести
13:31 / 26.05.2025
Путин вертолёти атрофида дронлар ҳужуми, Ҳамаснинг ҳарбий операцияси ва ЕИга божларни кечиктирган Трамп – кун дайжести
14:21 / 24.05.2025