Жаҳон | 21:30 / 25.11.2023
12640
5 дақиқада ўқилади

Ғазода озод қилинган асирлар, Киевга дронлар ҳужуми, Хитойдаги сирли вирус — Кун дайжести

Кун давомида жаҳонда содир бўлган муҳим воқеа-ҳодисалар, янгиликларнинг қисқа ва лўнда тафсилотлари билан таништирамиз.

ҲАМАС томонидан гаровда ушлаб турилган 13 нафар исроиллик озод қилинганига жавобан Исроил қамоқхоналаридаги фаластинликлар қўйиб юборилди.

Исроил 39 нафар фаластинлик аёл ва ўсмирни қамоқхонадан озод қилди.

ҲАМАС умумий ҳисобда 24 нафар кишини Халқаро Қизил Хоч қўмитасига топширган: улардан 13 нафари Исроил, 10 нафари Таиланд ва 1 нафари Филиппин фуқароси.

Исроил ва ҲАМАС ўртасидаги келишув шартларига кўра, 24 ноябрдан бошлаб Ғазо секторида камида тўрт кунга ўт очишни тўхтатиш режими амал қилади. Шунингдек, Ғазога инсонпарварлик ёрдами етказилиши кўпаяди.

Бундан ташқари, ҳар куни учга бир нисбатда гаровга олинганларни ва Исроил қамоқхоналаридаги маҳбуслар алмаштирилади.

Бу орада АҚШ президенти Жо Байден халқаро ҳамжамиятни Фаластин давлатини яратиш йўлида фаолроқ иш олиб боришга чақирди.

Россия Украина пойтахти Киев шаҳрига Shahed дронлари билан ҳужум уюштирди.

Ярим тундан бошлаб тонггача Киевда портлаш овозлари эшитилиб тургани хабар қилинмоқда Украина пабликларида. Бу дронларни уриб тушираётган ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимининг ишлаётгани маълум қилинган. Уриб туширилган Shahed дронларининг сони 40 дан ошган. Россия яқин ўртада бундай зарбдор дронлар тўпи билан ҳаводан ҳужум қилмаган эди.

Киев шаҳар мэри Виталий Кличконинг хабар беришича, иккита аёл уриб туширилган пилотсиз парвоз қурилмаси бўлакларидан зарар кўрган беш қаватли тураржой биноси вайроналари остида қолган. Аёлларни вайроналар остидан олиб чиқиш учун қутқарувчилар жалб қилинган.

Хитой болалар орасида янги сирли вирус тарқалганини рад қилди.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти Хитойдаги шифохоналар касал болалар билан тўлиб кетгани, болалар орасида тарқалган пневмония эпидемияси бўйича хавотир билдириб, мамлакат расмийларидан вазият бўйича маълумот сўраган эди.

Касалликларни назорат қилиш ва олдини олиш маркази ва Пекин болалар касалхонасининг ЖССТ сўровига йўллаган жавобига кўра, эпидемия қандайдир янги вирус сабабли келиб чиққани ҳақидаги хабарлар асоссиз. Хитойда болалар орасида тарқалган вирусли эпидемияга грипп, аденовирус, микоплазма пневмонияси ва респиратор-синцитиал вирус каби маълум патогенлар сабаб бўлган.

Россия собиқ бош вазири Михаил Касянов «чет эл агенти» деб эълон қилинди.

Россия Адлия вазирлиги баёнотида айтилишича, Касянов «чет эл агентлари» материалларини яратиш ва тарқатишда иштирок этган, Россия ҳукумати қарорлари ҳақида «нотўғри маълумот» тарқатган, шунингдек, Россиянинг Украинага бостириб киришига қарши чиққан ва «хорижий тузилмалар томонидан тақдим этилган ахборот платформаларида респондент сифатида иштирок этган».

«Чет эл агентлари рўйхатига киритилган шахслар билан бир қаторда у Россия Федерациясининг ташқи ва ички сиёсатини обрўсизлантиришга қаратилган «Россия урушга қарши қўмитаси» аъзоси. Россия Федерациясидан ташқарида яшайди», — дейилади Адлия вазирлиги хабарида.

Михаил Касянов 2000 йил майидан 2004 йил февралигача Россия бош вазири лавозимида ишлаган.

Россия қонунчилигига кўра, «чет эл агенти» деб эътироф этилган фуқаролар ва ташкилотлар ўз фаолияти ва харажатлари тўғрисида Адлия вазирлигига мунтазам равишда ҳисобот тақдим этиши, барча мақолаларида, жумладан, ижтимоий тармоқларда ҳам «хорижий агент» эканини белгилаб қўйиши шарт.

2023 йилнинг энг хавфли ва хавфсиз давлатлари қайсилар?

Энг хафли давлатлар кетма кетлигидан Афғонистон, Яман, Сурия, Жанубий Судан, Конго Демократик Республикаси, Россия, Украина, Сомали, Судан, Ироқ, Мали ва Марказий Африка Республикаси ўрин олган.

Ўзбекистон Global Peace Index рейтингида 163 та давлат ичида 86-ўринни эгаллади. Ён қўшнимиз Афғонистон 163-ўринни қайд этган.

Энг хавфсиз давлатлар ўнлиги эса қуйидагилардан иборат: Исландия, Дания, Ирландия, Янги Зеландия, Австрия, Сингапур, Португалия, Словения, Япония, Швейцария.

Мавзуга оид